Линклар

Рамадини "ИД"дан тозалаш учун 3 минг шиа жангариси йиғилди


Рамади шаҳри учун курашаётган Ироқ армияси ҳарбийси.

Рамади шаҳри учун курашаётган Ироқ армияси ҳарбийси.

Ҳашед ал-Шаабий гуруҳига мансуб минглаб шиа жангариси Ироқнинг Анбар вилояти маркази бўлган Рамади шаҳрини “Исломий давлат”дан озод қилиш учун ҳарбий базага йиғилмоқда.

Бош вазир Ҳайдар ал-Абадий, ҳукумат тарафидаги сунний қавмлар оқсоқоллари ва Қўшма Штатлар Рамадига шиа жангчиларининг юборилишига қарши чиқаётган эди. Шунга қарамасдан, 18 май куни суннийлар етакчилари ҳукумат қўшинлари Ҳашед ал-Шаабий ёрдамисиз шаҳарни қайтариб олишнинг иложи йўқлигини тан олган.

Анбар вилоят кенгаши раиси Сабаҳ Карҳут шиа жангарилари Рамадидан 20 километр узоқликдаги Хаббони базасида жанглар бошланишини кутаётганини билдирди. Унга кўра, шиа жангарилари сони 3 минг кишига етган.

Айни пайтда “Исломий давлат” гуруҳи Рамадини назорат қилиш учун ҳарбий техника сонини кўпайтиргани кузатилган. АҚШ “Исломий давлат” позицияларини ҳаводан бомбардимон қилишни кўпайтирди.

Сўнгги кунларда Рамади шаҳри учун олиб борилган жангларда 500 киши ҳалок бўлди, минглаб одамлар қочқинга айланди. Ироқнинг йирик шаҳарларидан бири бўлган Рамадининг қўлга киритилиши “Исломий давлат” учун улкан ғалаба ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG