Линклар

Путинпараст байкерларнинг қўрқинчли шоуси


Навальнийга кўра, путинпараст байкерлар давлат маблағларини Янги йил байрамида болаларни қўрқитиш учун ишлатган.

Навальнийга кўра, путинпараст байкерлар давлат маблағларини Янги йил байрамида болаларни қўрқитиш учун ишлатган.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний президент Владимир Путиннинг севимли байкерлар тўдаси бўлмиш “Тунги бўрилар” кейинги йилларда ҳукуматдан бир миллион доллардан ошиқ маблағ олганини кўрсатувчи ҳисоботни эълон қилди.

Байкерлар гуруҳига Путиннинг дўсти ва “Жарроҳ” лақаби билан маълум бўлган миллатчи байкер Александр Залдостанов етакчилик қилади. Байкерлар ҳукуматдан олинган маблағларни дабдабали шоуларни ташкил қилиш учун ишлатиб келади. Масалан, “Тунги бўрилар” ўтган йили Қримнинг Севастополь шаҳрида 100 мингга яқин одам олдида шоу кўрсатиб, Украина бўҳрони бўйича ўз қарашларини билдиришган.

Аммо байкерлар ҳукумат маблағини айримларга маъқул келмаслиги мумкин бўлган ниятда, яъни болаларни қўрқитиш учун ҳам ишлатган.

Навальний тафтишига кўра, охирги икки йил давомида “Тунги бўрилар” болалар учун янги йил байрамларида дабдабали кўринишларни саҳналаштириш учун ҳукуматдан 12 миллион рубль олган. Бу шоуларнинг мақсади эса болаларда Россияни тиз чўктиришни мақсад қилиб олган АҚШ етакчилигидаги глобал фитначилар ҳақида қўрқув ҳиссини уйғотишдир.

Залдостанов жорий йилнинг бошида “РИА Новости” агентлиги билан қилган суҳбатида гуруҳнинг янги йил шоулари ҳақида: “Болалар бизга келишганида махсус эффектлар ёки болаларда ҳақиқий иштиёқ ҳамда қўрқув ҳиссини уйғотиш учун маблағни аяб ўтирмаймиз. Улар ёвузлик ҳақиқатан қўрқинчли эканини кўришлари керак”, деган.

Россияда Янги йил болалар учун энг қизиқарли байрамдир. Бу байрам давомида қўшиқлар куйланади, эртаклар айтилади, арча чироқлари ёқилади, қорбобо ва қорқиз совғалар улашади.

“Тунги бўрилар” уюштирадиган Янги йил байрамларида эса мудҳиш манзараларга гувоҳ бўлишингиз мумкин. Байкерларнинг 2013 йилги шоусида ҳам Россияни, ҳам Янги йил байрамини йўқ қилиш истагида “океан ортидан” келган ёвуз фитначилар қорқизни ўғирлайди.

Фитначиларнинг бири Озодлик ҳайкалини ифодаловчи аёлдир. Шоу давомида бу аёл тор чарм кийимда, қўлига қамчи тутган ҳолда ҳам кўриниш беради.

Шоу даҳшатли қизил чироқлар, ёвуз қаҳрамонларнинг истеҳзоли кулгилари ҳамда ваҳимали мусиқа билан йўғрилган. Бу саҳна кўриниши акс этган видеода томошабин болалар юзидаги қўрқинч ифодасини кўриш мумкин.

Пировардида Россия душманлари енгилади ҳамда Залдостанов ва унинг ҳамкасблари мотоцикл ҳайдаш маҳоратларини кўз-кўз қилиб, томошабинлар кайфиятини кўтаради.

Навальний ҳисоботида ёзилишича, 2013 йилги Янги йил шоуси учун байкерлар ҳукуматдан 3,2 миллион рубль грант олган, 2014 йилги байрам учун эса 9 миллион рубль ажратилган.

“Московский комсомолец” нашрига кўра, Залдостанов 2012 йили Путин билан қилган суҳбати давомида “Тунги бўрилар”нинг янги йил шоуси Россия ёшлари орасида хушёрлик ва огоҳликни кучайтиришда муҳим роль ўйнаши мумкинлиги ҳақида гапирган.

Залдостанов: “Мен уларнинг ёшидалигимда бунақа [янги йил] шоусини кўрганимда, шимимни ҳўл қилиб қўйган бўлардим”, деган.

Карл Шрек қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG