Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ўрта мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига бу йил ҳам ресторан, кафе ва хонадонларда битирув оқшомини ўтказиш тақиқланди. Фақатгина мактабларда “Хайр мактаб, салом коллеж!” тадбирини ўтказишга рухсат берилган. Озодлик сўровида иштирок этган муштарийлар орасида бу тақиқни ёқлаганлар ҳам, унга қарши чиққанлар ҳам бор.

Расмийлар битирув оқшомига қарши

Халқ таълими вазири ўринбосари Улуғбек Абруев “Даракчи” газетасига берган интервьюсида битирув оқшомларидан ташқари давлат имтиҳонларига пул йиғиш ва ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар бериш ҳам қатъиян ман қилинишини таъкидлади.

Бундан ташқари, мактабдаги битирув тадбирларида барча ўқувчилар мактаб либосида бўлиши талаб қилинмоқда.

Озодлик радиоси ўзбекистонлик битирувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналарнинг битирув оқшомлари тақиқланишига муносабатини ўрганишга уринди.

Ўқитувчилар ҳам қарши

Исми сир сақланиши сўраган гулистонлик мактаб ўқитувчиси битирув оқшомининг тақиқланиши - ортиқча дабдабавозликнинг олдини олади, деб маъқуллади:

- Мен бу фикрга, албатта қўшиламан, ўқитувчи сифатида. Ортиқча дабдабавозликка йўл қўйилмайди, ота-оналарга ҳам ортиқча ҳаражат бўлмайди. Аввал ҳар хил ичимликлар ичиш, бир-бирига ўзини кўрсатиш, мана шулар таъсирида, масалан, бир-бирига ёмон шикаст етказиб қўйган ҳоллар ҳам бўлган. Балоғатга етмаган ёшлар орасида бу бўлиб турадиган ҳодиса. Мана шунинг учун мен қаршиман бу нарсага, – дейди ўқитувчи.

"Байрам бўлсин, лекин назорат остида"

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида истиқомат қилувчи Рустам эса ўқувчилар битирув оқшомларидан маҳрум қилинишига қарши экани, бироқ тадбирлар назорат остида ўтиши кераклигини айтди.

- Менимча, бу нарса бўлиши керак, лекин меъёридан ошмаслиги керак. Ҳаммаси назорат остида ўтиши керак, деб ўйлайман. Менимча, буни ман қилиш ўқувчиларга нисбатан паст назарда қараш бўлиб қоладими, дейман. Назорат остида бўлса ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайман.

Озодлик: Кимларнинг назорати остида?

- Ота-оналар бўлиши мумкин, устозлар бўлиши мумкин, милиция ходимлари. Ҳозир 1999 йилда ўқишга кирганлар битиряпти мактабни. 25 минг сўмдан пул йиғишяпти ҳаммаси бўлиб.

Озодлик: Мактабдаги тадбиргами ёки битирув оқшомигами?

- Тадбирдан ташқари битирув кечасига 25 минг сўмдан йиғишяпти.

Озодлик: Демак тақиққа қарамай битирув оқшомлари ташкил қилинаяптими?

- Ҳа, ҳар йили ташкиллаштирилади. Мен ўзи бу хабар ҳақида бугун ўқидим, - дейди Рустам.

"Битирув оқшоми кундузи ўтсин"

Озодлик билан Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидан боғланган Авазбек фақат қоронғу тушган пайтда ўтказиладиган тадбирларга қарши эканини билдирди.

- Битирув оқшомининг тақиқланиши 50 фоизга тўғри, ярими нотўғри. Фақат кечқурунлари ўтказилса тақиқланиши мумкин, деб ўйлайман. Кундуз кунлари ўтказилса рухсат берилиши керак. Биринчидан, 9 синф битирувчилари ва коллеж битирувчилари ҳуқуқий тарафдан ўзига жавоб бера олмайди. Мактабни битирганлар 18 ёшга тўлмаган бўлади. Кафе ва ресторанларда ўтадиган байрамлар кечаси бўлиши мумкин. Бу эса ҳуқуқий тарафдан ҳам, ўзбекчиликка ҳам тўғри келмайди.

Озодлик: Демак, сизнингча, байрам қилса қилсин, лекин кундузи қилсин. Шундайми?

- Ҳа, кундузи қилиши мумкин. Масалан, мактаблар ва коллежлардаги байрамдан бир-икки кундан кейин ота-оналар уйларида қилишлари мумкин. Фақат битта чеклов – спиртли ичимликлар ва тамаки чекиш маҳсулотлари аралашиши тақиқланиши мумкин.

Озодлик: Шунинг учун ҳам ота-оналар у ерда бўлиши керак ва назорат қилиши керак, дейсиз?

- Ҳа шундай, маълум даражада, - дейди олтинкўллик Авазбек.

"Жанжал чиқади, қаршиман"

Айни дамда Москвада меҳнат муҳожири бўлган 41 ёшли андижонлик Камолиддан ҳам фарзандларини битирув кечасига юбормаслигини айтади.

- Ёшлигимизда мени ҳам дадам раҳматлик шу битирув кечаларига ҳечам боргизмаган. Қанидайдир нима бўлади, деганми. Билмадим, лекин мен ҳам шунга қаршиман.

Озодлик: Сиз нима учун қаршисиз? Дадангиз сизни юбормагани учунми ёки бошқа сабаблар ҳам борми?

- Битирув кечасида энди ҳар хил бемани ишлар бўлади. Ичадиганлар бўлади, кейин уруш-жанжал чиқади. Шунақалар бўлган, биз ўзимиз ҳам битирганмиз. Ўшанда ҳам бўлган, кейин эшитганман мен буни. Қизлар билан болаларинг ўртасида. Кимдир биттаси ичган, жанжал чиққан. Яхшиям дадам боргизмаган экан мени, - дейди Камолиддин.

"Қишлоқда эмас, шаҳарда тақиқлансин"

Битирув кечалари фақат шаҳарларда тақиқлансин, чунки қишлоқдагиларга бошқа овунчоқ йўқ, деганлар ҳам бўлди.

– Жанжал фақат шаҳар жойда бўлади. Бунақа нарсанинг қишлоқда бўлганини билмайман. Қишлоқдагилар шунақа оқшомлар уюштириб ўзини-ўзи овутмаса, бошқа нарса овутмайди-да. Қолган ҳаммаси тақиқланган бўлса, кўп нарса мумкин эмас бўлса, қишлоқдагилар қанақа яшайди? Қишлоқларда ўзингиз биласиз ҳеч қанақа муаммо чиқмайди. Ҳамма нарса фақат шаҳарнинг ўзидан чиқади. Қишлоқдагилар ўзи бир йилда бир кутиб ўтиради ўзи шунақанги байрамни. Буни ҳам тақииқлаб қўйса фақат экин экиб, қўй боқиб ўтиб кетишадими, - дейди Жиззахнинг Туркман қишлоғида истиқомат қилувчи Ислом исмли муштарий.

Интернет фойдаланувчилари нима дейди?

Айни дамда Озодлик радиосининг Одноклассники ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ушбу мавзу бўйича ўтказилаётган онлайн сўровда мингдан ортиқ киши иштирок этди. Овоз берганларнинг 60 фоизи битирув оқшомини тақиқлаш фикрига қарши эканини билдирган.

Статистик маълумотларга қараганда, бу йил Ўзбекистонда 483 минг нафар ўқувчи 9-синфни битиради.

XS
SM
MD
LG