Линклар

Uz-Daewoo вакилининг УФМС раҳбарига пора берганига оид даъво судга оширилди


ФМСнинг Воронеж бўйича бошқармаси собиқ раҳбари Н.Полуказаков.

ФМСнинг Воронеж бўйича бошқармаси собиқ раҳбари Н.Полуказаков.

Воронежда Миграция идорасининг пора олишда айбланган собиқ раҳбари Николай Полуказаков иши судга оширилди. У пора эвазига ўзбекистонлик ишчиларни Россияга киритишга рухсат беришда айбланмоқда. Терговчилар пора ишига Uz-Daewoo корхонасининг юқори лавозимдаги амалдори аралашганини даъво қилди, корхона эса бу борада ҳозирча бирор расмий изоҳ бермади.

Воронежда ўзбекистонлик тадбиркорлардан пора олганликда айбланаётган маҳаллий УФМС раҳбари Николай Полуказаков жиноий иши Белгород шаҳрининг Свердловск туман судига оширилди.

Ҳибс қилинган VolkswagenTouareg автомашинаси

Ҳибс қилинган VolkswagenTouareg автомашинаси

Миграция идорасининг собиқ раҳбари Полуказаков Воронеж вилояти Тергов қўмитаси томонидан 2013 йилнинг сентябрь ойида Uz-Daewoo Воронеждаги бош офиси вакилларидан ўта катта миқдорда пора – нархи 2,5 миллион рубль (ўша давр давлат курси бўйича тахминан 80 минг АҚШ долл.- таҳр.) бўлган VolkswagenTouareg автомашинасини олганликда айбланмоқда. Тергов қўмитаси бу автомобил ҳибсга олинганини маълум қилди.

Тергов билан Россия Тергов қўмитасининг Марказий аппарати ходимлари шуғулланган.

Терговчилар ўз айбига қисман иқрор бўлган Полуказаков “пора олганини тан олди, аммо унга айб сифатида қўйилаётган моддий зарар 1 миллион рублдан ошмагани, яъни унга “ўта катта” эмас “катта миқдорда пора олганлик” айби қўйилишини талаб қилаётгани”ни айтмоқда.

Айбланувчининг ҳуқуқларини судда адвокат Алексей Мамонтов ҳимоя қилмоқда. Озодлик билан суҳбатда у ҳимоясида бўлган собиқ амалдор Николай Полуказаков айбига иқрор бўлганини айтди:

- Айблов мазмунига кўра, гўё Ўзбекистон фуқароси пораси эвазига у Ўзбекистондан келаётган ишчиларга муаммосиз квота доирасида ишлашга рухсат берган. Ариза ёзиб берган пора берувчи ўзбекистонлик Uz-Daewoo корхонасига бевосита алоқаси борлиги маълум. У ҳақда ортиқча маълумот бера олмайман-ку, аммо бу шахс Uz-Daewoo-да юқори лавозимда ишлаши маълум. Ишимиз ҳозир судга оширилди, деди ҳимоячи Алексей Мамонтов.

"ЎзДэу"нинг Россиядаги расмий вакили Тохир Жалилов

"ЎзДэу"нинг Россиядаги расмий вакили Тохир Жалилов

Uz-Daewoo-нинг Воронеждаги бош офиси расмийси Оксана Власова Озодликка идора ҳозирча бу масалада бирор изоҳ бермаслигини маълум қилди:

- Бошлиғимиз ҳозир хизмат сафарига кетганлар. Мен сизга бу масалада бирор изоҳ бера олмайман, чунки тафсилотлар тўғрисида маълумотга эга эмасман. Ўйлашимча, бундай жиддий айбловга албатта қандайдир жавоб берамиз, деди Оксана Власова.

Воронеж УФМСи собиқ раҳбари Николай Полуказаков 2014 йилнинг май ойида ҳибсга олинган, унга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 290-моддаси 6-банди (“Ўта катта миқдорда пора олиш”) асосида жиноий иш очилган. Ўша вақтда Uz-Daewoo-нинг Воронеждаги бош ваколатхонасида тинтув ҳам ўтказилгани жамоатчиликка маълум.

Бир йил давом этган тергов натижасида аниқландики, амалдор ўзбек тадбиркорларига нафақат ишчи квотасини ноқонуний ажратган, балки мамлакатда вақтинчалик яшашга рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этган. Маҳаллий тадбиркорлардан бири “қора бозорда” битта ишчи ўрнига олинган квота 30 минг рубль атрофида туриши ва бунинг ортидан Россия Миграция идораси ходимлари мўмай даромад топишини билдирди.

Тергов давомида Николай Полуказаковнинг соғлиги ёмонлашди ва 2014 йилнинг октябрида Федерал миграция хизматидан истеъфога кетишга мажбур бўлди.

Агар судда айби исботланса, Жиноят Кодексининг 290-моддаси 6-банди билан айбланувчи Полуказаков 8 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси ёки поранинг 100-карра миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG