Линклар

logo-print

Кийимини пеш қилган Шоҳжаҳон ижтимоий тармоқда калака қилинмоқда


Шоҳжаҳон Жўраев

Шоҳжаҳон Жўраев

Ўзбекистонлик машҳур ҳофиз Шерали Жўраевнинг ўғли, 28 яшар Шоҳжаҳон Жўраев WhatsApp, Telegram ва Youtube тармоқларида такаббурлик ҳамда ўзига бино қўйганликда айбланмоқда. Видео, фото кўринишида изоҳ қолдираётганлар хонанданинг Инстаграмдаги саҳифасида саҳнага кийган либослари услубини такрорлаганлар жаримага тортилади, дея пўписа қилганини калака қилмоқда.

Шоҳжаҳон Жўраев Инстаграмдаги саҳифасида эгнига кийган либослар услубининг "оригинал" эканини писанда қилиб, ким бу "қонунийлаштирилган" услубни такрорласа жаримага тортилишидан огоҳлантиради.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги бу эълонни, айни пайтда Шоҳжаҳон Жўраевнинг камера олдида туриб овозлантиради:

- Ушбу эгнимдаги либосим тўла менинг ғоям асосида яратилган ва қонунийлаштирилган. Бу стилдан нусха кўчирманг, акс тарзда катта жарима тўлайсиз! Олдиндан узр сўрайман, - дейди қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраев ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида.

Бу эълон сал ўтмай Шоҳжаҳон Жўраевнинг саҳифасидан олиб қўйилган бўлса-да, ижтимоий тармоқларнинг минглаб саҳифаларига кўчишга улгурди.

Ижтимоий тармоқларда¸ ҳусусан WhatsApp¸ Telegram ва қисман Youtubeда Шоҳжаҳон Жўраевни такаббурлик ва ўзига бино қўйганликда айблайдиган изоҳ ва лавҳалар пайдо бўлди.

Сал ўтмай Шоҳжаҳон Жўраевнинг эълонига масхараомуз тақлид қилувчи видеолар тармоқларга жойлана бошлади ва қисқа муддатда трендга чиқди.

Тарбиячига айланган тармоқ

Кимдир оëғидаги йиртиқ пайпоғини, яна кимдир калта иштони, яна биров эса жулдур камзулини кўрсатиб: “Бундан нусха кўчирганлар жазоланади”, дея Шоҳжаҳон Жўраевнинг эълон матнини айнан такрорлади.

"Шоҳжаҳон Жўраевнинг мўйловига ўхшаб мўйлов қўйиш учун ҳам изн керакми ëки унга ўхшаб нос отсак жарима тўлаймизми?" деган ҳазиломуз саволлар янграган видеолавҳалар тармоқда урчиди.

Бундай лавҳалардан бирида қўй боқаëтган чўпон қўй ва қўчқорнинг жуфтлашаëтган саҳнасини кўрсатиш баробарида Шоҳжаҳон Жўраевнинг эълон матнини айнан такрорлайди.

Youtube юзерларидан бири эса Шоҳжаҳон Жўраевни олифталикда айблаб¸ бундай қилмаслик ҳақида видеомаслаҳат ҳам беради.

Ижтимоий тармоқлардан келган бу масхара тўлқини Шоҳжаҳон Жўраевга ҳам етиб борди. У Youtube портали орқали видеомурожаат қилиб: “Нега мени мунча ëмон кўрасизлар-а?!” деб ëзғирди.​

Шоҳжаҳон Жўраевнинг эгнидаги либосларининг қай тарзда "қонунийлашгани” борасида изоҳ ва бу эълон ортидан пайдо бўлган калака кампаниясига муносабат сўраб, ҳофизнинг маъмури Шуҳрат Усмоновга мурожаат қилдик.

Маъмурнинг айтишича, Шоҳжаҳон Жўраев “ўз кийим-боши атрофидаги шов-шувларни изоҳламоқчи эмас”.

Айни пайтда, Ўзбекистон интеллектуал мулк қўмитасидаги Озодлик манбалари Шоҳжаҳон Жўраев исмли шахснинг кийим дизайнери ëки маълум бир либос линияси муаллифи сифатида қайддан ўтмаганини билдирди.

“Пултўн” жанжали

Шоҳжаҳон Жўраевнинг “ўзига хос кийиниш услуби” илгари ҳам жанжалга сабаб бўлган.

Ўтган йили унинг “пулдан тўн” кийиб қўшиқ айтгани акс этган видео эл орасида тарқалган эди. Шундан кейин Шоҳжаҳон Жўраев “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасидан расман огоҳлантириш олган.

“Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг исмини айтмаган мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Шоҳжаҳон Жўраев такаббурлик қилмаслик ҳақида тилхат ëзиб берганини айтган эди:

- Ўзбекистон миллий валютаси саналган сўмни чамбарак қилиб бўйинга осиш ëки тўн қилиб кийиш пулга ҳурматсизлик саналади ва қонунда миллий валютага ҳурматсизлик учун жазо мавжуд. Буни қарангки, тўй эгасининг пулчамбар тақиб қўйгани ва пулдан тўн кийгизгани Шоҳжаҳонга ҳам ёқиб тушган шекилли, ечгиси ҳам келмапти. Биз ўз вақтида Шоҳжаҳонга санъаткорнинг санъати пул билан эмас, олқиш билан ўлчаниши керак, деб тушунтиришга ҳаракат қилдик, аммо насиҳатлартимиз кор қилмади, - деган эди суҳбатдош.

Эслатамиз, ўзбекистонлик қўшиқчи Шоҳжаҳон Жўраевга қўшиқ айтиш ва концерт ташкил қилиш ҳуқуқини берадиган лицензия “Ўзбекнаво“ эстрада бирлашмасининг махсус қарори билан 2015 йилнинг 17 мартидан бошлаб бекор қилинган.

Шоҳжаҳон Жўраевга концерт бериш ва қўшиқ айтиш расман тақиқлаб қўйилгани унинг шу йил 20 февралда изн олмасдан Россияда концерт бергани билан боғлиқ экани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG