Линклар

19 май куни ўзбек чегарачилари отган ўқдан қирғизистонлик бир эркак ва бир аёл яраланди.

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг маълум қилишича, воқеа Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Каптархона аҳоли пунктида содир бўлган.

Маълумотларга кўра, сешанба куни Қадамжойдан Қизилқия шаҳрига кетаётган ҳайдовчи Қирғизистонга қарашли автомашиналар тўхтатиши мумкин бўлмаган транзит ҳудудда тўхтаб, икки аёлни машинасига солган.

Буни кўрган ўзбек чегарачилари машинани тўхтатмоқчи бўлган, бироқ ҳайдовчи чегарачилар талабига бўйсунмай, йўлда давом этган. Шундан сўнг ўзбек чегарачилари автомобилга қарата ўт очган, натижада ҳайдовчи ва аёллардан бири яраланган.

Шу аҳволда ҳайдовчи Қирғизистоннинг “Айрибас” назорат-ўтказиш пунктига етиб келган ва у ерда қирғиз чегарачилари унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган.

Айни пайтда Каптархонада яраланган икки қирғизистонлик Қизилқия шаҳридаги касалхонада экани айтилмоқда.

Ҳозирда воқеа юзасидан текширув бошлаган.

“Қирғизистон Давлат чегара хизмати содир бўлган нохуш воқеа сабаб ва ҳолатларини аниқлаш учун қирғиз ва ўзбек чегарачилари учрашувини ўтказишни режаламоқда”, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати хабарномасида.

XS
SM
MD
LG