Линклар

logo-print

19 май куни ўзбек чегарачилари отган ўқдан қирғизистонлик бир эркак ва бир аёл тан жароҳати олди. Бу ҳақда Озодликка Қирғизистон Давлат чегара хизмати ходимлари маълум қилди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаеванинг билдиришича, воқеа Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Каптархона аҳоли пунктида содир бўлган.

Мулозимга кўра, сешанба куни Қадамжойдан Қизилқия шаҳрига кетаётган ҳайдовчи, икки томонлама келишувларга мувофиқ, Қирғизистонга қарашли автомашиналар тўхтатиши мумкин бўлмаган транзит ҳудудда тўхтаб, икки аёлни машинасига солган.

- Буни кўрган Ўзбекистон чегарачилари автомашинани тўхтатишга уринганлар, бироқ ҳайдовчи ўзбек чегарачилари талабига бўйсунмай, ҳаракатда давом этган. Шундан сўнг ўзбек чегарачилари автомобилга қарата ўт очган, натижада қирғизистонлик икки фуқаро ўқдан яраланган, - деди Гулмира Бўрубаева.

Яраланган ҳайдовчи шу аҳволда Қирғизистоннинг “Айрибас” назорат-ўтказиш пунктига етиб келган ва у ерда қирғиз чегарачилари унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган.

Ҳозирда воқеа юзасидан текширув бошлаган.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати ходимлари содир бўлган нохуш воқеа сабаб ва ҳолатларини аниқлаш учун ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашишни режаламоқда.

Айни пайтда Каптархонада яраланган икки қирғизистонлик Қизилқия шаҳридаги касалхонада экани айтилмоқда.

Касалхона шифокорларига кўра, ҳозирда ўқ еган ҳар иккала қирғизистонликнинг аҳволи қониқарли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG