Линклар

Шy йилнинг 6 май куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Фарғона вилояти бўлими фаоли, 58 ёшли Шокирхўжа Масаидов 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Масаидов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддасида (Пора бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган. Бу ҳақда Фарғона вилоят суди канцелярия бўлимининг исми сир қолишини истаган ходими маълум қилди.

Шу йилнинг 17 апрель куни ҳуқуқ ҳимоячисининг бир неча маҳаллий фуқаролар билан Ўзбекистон Республикаси президенти девони олдида очлик эълон қилиш мақсадида йўлга отланган ва Қўқондаги паспорт назорати пунктида ҳисбга олингани ҳақида ташкилот хабарномасига иқтибосан маълум қилгандик.

Жиноят иши материалларига кўра, Шокирхўжа Масаидов Фарғонада истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига уларнинг биридан 1300 АҚШ доллари, яна биридан эса 200 АҚШ доллари миқдорида пора олган.

Шунингдек, бир қанча шахсларнинг ишончига кириб, уларнинг муаммоларини давлат ҳокимияти органлари вакиллари билан биргаликда ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, улардан моддий манфаатдор бўлиб келган.

Шу йилнинг 6 апрелида Фарғона вилояти ИИБ томонидан ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячисининг иши атиги бир неча суд мажлисларида кўриб чиқилиб, ҳукм чиқарилган. Ҳуқуқ фаолининг ҳимоя тарафи айни кунларда суд ҳукми устидан юқори турувчи маҳкамага апелляция шикояти келтиришмоқда.

- Суд ҳукми ниҳоятда адолатсиз бўлди. Шокирхўжанинг пора олгани фактлари фақат жабрланувчиларнинг аризаси ва кўрсатмаларига асосланган. Фарғонада адолатсиз суд ҳукмлари қурбони бўлган Шокирхўжа Масаидов иши биринчиси эмас. Аввал булар ҳуқуқбон ҳамкасбимиз Ғанихон Маматхоновни ҳам “подстава” қилишган, - деди ташкилотнинг Фарғона вилоят бўлими раиси Аҳад Набиев Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Шокирхўжа Масаидов иши бўйича тарқатилган баёнотида ташкилот фаолининг айбсизлиги, унинг иши юқори турувчи судларда процессуал нормаларга мувофиқ кўрилиши кераклиги баён этилади.

Унда Масаидовнинг кексалиги ва унинг маҳкама жараёнларида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 252-моддаси асосида ташкилот кафиллиги билан муносиб хулқ-атворда бўлиши инобатга олиниб, очиққа чиқарилиши сўралади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG