Линклар

Россия парламентининг юқори палатаси Федерация кенгашида қилган чиқишида Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва ҳукумати Ғарб билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайëр¸ дея баëнот берди.

АҚШ ҳукуматининг “Россиядаги аксилҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаши” икки томонлама муносабатларга жиддий зиëн етказишини таъкидлаган Лавров¸ айни пайтда Вашингтоннинг Киевга таъсир ўтказиб¸ “янги ҳарбий авантюралар олдини олишига” умид билдирди.

Россия 2014 йилнинг март ойида Украина ҳудуди бўлган Қрим ярим оролини аннексия қилиши ортидан Ғарб ва Москва муносабатлари совуқ уруш давридан бери кузатилмаган даражада совуқлашиб кетди.

19 май куни Брюсселга қилган сафари давомида Лавров ЕИни Россия манфаатларига зиëн етказувчи қарорлар қабул қилиш оқибатидан огоҳлантирди.

Жорий ҳафта ЕИ етакчилари Ригада шарқий Европадаги олти давлат бошлиқлари билан учрашади.

Бу йиғинда Россиянинг Украинадаги агрессив ҳаракатларидан сўнг юзага келган таҳликали вазият муҳокама қилинади.

ЕИ билан НАТО га ҳам аъзо шарқий Европа давлатлари¸ хусусан¸ учала Болтиқбўйи ҳукуматлари ўтган ҳафта Шимолий Атлантика ҳарбий альянсига мурожаат қилиб¸ ўз ҳудудида НАТОнинг доимий базаси очишни сўради.

XS
SM
MD
LG