Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

Тошкент мактабларида хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда


Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги хавфсизлик идоралари билан ҳамкорликда ўрта мактабларда милиция бўлимлари ташкил этиш ва ҳар бир мактабга биттадан қўриқчи қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари яқин орада ҳар бир мактабда ҳимоя тўсиқлари ва хавфсизлик тугмалари ҳам ўрнатилади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда ҳар бир мактабда ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида биттадан қўриқчи штати очилишини тасдиқлади:

- Ҳар бир мактабга формали қўриқчилар қўйилади. Алоҳида шундай штат ташкил этилади. Ички ишлар бўлимларида махсус тайёргарликдан ўтган қўриқчилар мактабларимизни қўриқлайди, - деди вазирлик расмийси.

Бунинг учун Ички ишлар вазирлиги таркибида мактабларни қўриқловчи алоҳида қисм тузилиши кўзда тутилмоқда.

Айтилишича¸ ҳозирда ëши 45 гача бўлган, жисмонан кучли фуқароларни ишга олиш жараëни бошланган.

Бундан ташқари ҳар бир мактабда фавқулодда ҳолат юз берган тақдирда милиция-патруль хизматининг мактабга зудликда етиб келишини таъминловчи хавфсизлик тугмаларини ўрнатиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Подробно.уз нашрининг ёзишича, пойтахтдаги айрим мактабларда аллақачон хавфсизлик тугмалари ўрнатилган.

Ўзбекистон мактабларида хавфсизлик чоралари сўнгги ойларда мамлакатнинг бир қанча мактаб, коллежларида шубҳали қора байроқ ва таҳдидли варақалар топилиши ҳодисасидан сўнг кучайтирилмоқда.

Ўтган йилнинг август ойида эса, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги кўприкка "Исломий Давлат"никига ўхшаш байроқ осиб кетилган эди.
Ўтган йилнинг август ойида эса, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги кўприкка "Исломий Давлат"никига ўхшаш байроқ осиб кетилган эди.

Ўтган ой Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги мактаб ва коллежларда Сурия ва Ироқда фаолият қилаётган "Исломий давлат" ёки ИШИДга оид экани айтилган варақалар топилган эди.

Шу ой бошида эса Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани мактабларидан бирида¸ қолаверса Бухорода ҳам "Исломий давлат" гуруҳиникига ўхшаш байроқ осиб кетилган.

Шубҳали варақа ва байроқлар топилган мактаб ва коллежлар бир неча кунга ёпиб қўйилди.

Мактабларда штатли қўриқчилар қачондан ишга киришишлари маълум эмас. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийси масаланинг молиявий жиҳати ҳозир кўриб чиқилаётганини айтди:

- Алоҳида штат очилади, уларга ойлик тўланади. Ўзбекистон Молия вазирлиги билан ҳозир шу масала муhокама этилaяпти, - деди вазирлик расмийси.

Айни пайтда, Тошкентдаги ўрта мактаблардан бирининг мудирасига кўра¸ ўрта мактабларни қўриқлаш ўқитувчилар ҳисобидан амалга оширилмоқда:

- Ҳозир ҳар куни усиления ҳақида тепадан топшириқ олаяпмиз. Ҳар куни кечқурун бир ўқитувчи навбатчиликка қолаяпти. 25 майга ҳам усиление¸ дейишди. Бу ўқитувчиларни ишига халал берсяпти. Ўқув жараёнига салбий таъсир қилади. Алоҳида қўриқчи қўйишса¸ дуруст бўлар эди, - дейди мактаб мудираси.

Айни пайтда, суҳбатдошнинг айтишича, Ўзбекистон мактабларида ўқитувчилар ва ўқувчилар фавқулодда ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги бўйича тушунтириш соатлари ўтказилмоқда.

XS
SM
MD
LG