Линклар

Украинанинг россиялик асирлар видеосини очиқлаши мунозарага сабаб бўлди


Украина асирга олган Россия аскарларидан бири Евгений Ерофеев.

Украина асирга олган Россия аскарларидан бири Евгений Ерофеев.

Украина шарқида мамлакат кучлари ҳамда россияпараст айирмачилар ўртасида тўқнашувлар бошланганидан бери ҳарбий асирлар масаласи кўп хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Асирларнинг қийноқларга солинганига бир неча мисол келтириш мумкин. Айирмачилар украиналик ҳарбий асирларни ғазаб отига минган тўда олдидан олиб ўтди, Украина россиялик парашютчиларнинг босим остида айбига иқрор бўлганини кўрсатувчи видеоларни эълон қилди, украиналик аскарларнинг айирмачилар қўлида қийноқларга солингани акс этган бир неча видео Интернетда ёйинланди.

Мазкур ҳафтада айирмачилар сафида жанг қилган икки россияликнинг украин ҳарбийлари томонидан қўлга олиши Украинанинг бу икки асирга муомала қилишда Женева конвенциясига амал қилаётгани ёки йўқлиги ҳақида саволлар туғдирмоқда.

Интернетда пайдо бўлган видеода қўлга олинган россияликларнинг бири шифохонада бўйнигача танасини ëпинчиқ билан ёпиб олган ҳолда сўроқ қилинаётгани акс этган.

Видеода ўзини россиялик ҳарбий Александр Александров деб таништирган асир Тольятти шаҳридан келган махсус кучлар гуруҳи аъзоси бўлганини айтади. Александров “Бизни аниқлашди. Қочишга ҳаракат қилаётганимда оёғимдан ярадор бўлдим. Тўрт-беш кундан бери шу ердамиз”, дейди.

Видеода Александрнинг юзида қўрқув ифодасини кўриш ва гапиришга қийналаётганини кузатиш мумкин. Сўроққа тутаётганлар бўлса¸ ундан баландроқ гапиришни талаб қилишади.

Видео 18 май куни украиналик депутат¸ Ички ишлар вазирлиги маслаҳатчиси Антон Херашченконинг Facebook саҳифасида эълон қилинди. Кўпчилик бу видеони эълон қилишнинг ўзиëқ Женева конвенцияларига зид эканини айтмоқда.

Конвенциялар ҳарбий асирларни оммага ошкор қилишни ман қилади. Аммо бу қоидани бузиш “атайин ўлдириш” ҳамда “қийноқларга солиш ва ғайриинсоний муомала қилиш” каби жиноятлардек оғир жиноят ҳисобланмайди.

Стратегик тадқиқотлар халқаро институти президенти¸ Женева хавфсизлик сиёсати маркази етакчиси Франсуа Эйсбур видео ҳақида Twitterда “Бу ҳарбий асирлар билан муомала қилиш бўйича Женева қонунларига зиддир. Украинада ҳозир етарлича қийинчиликлар бор, яна қўшимча муаммо орттиришнинг кераги йўқ”, деб ёзди.

Видеонинг эълон қилиниши халқаро қонунларга зид ёки зид эмаслиги ҳақидаги тортишувлар марказида Украинанинг Россияга қарши уруш ҳолатидалиги ёки йўқлиги турибди.

Киев, НАТО ҳамда Ғарб мамлакатлари Москва айирмачиларни аскар, қурол-аслаҳа ҳамда ҳарбий трейнинглар билан таъминлаётганини кўрсатувчи етарлича далил борлигини айтиб келади. Бу даъволарни жон-жаҳди билан рад этишга уринаëтган Россия расмийлари айни пайтда айирмачилар сафида россиялик “кўнгиллилар” ҳамда ҳарбий хизматни якунлаган аскарлар борлигини тан олади.

Россия Мудофаа вазирлиги 18 май куни Александров ҳамда қўлга олинган иккинчи россиялик – Евгений Ерофеев чиндан ҳам Россия армиясида хизмат қилганини, аммо улар Украинада қўлга тушган пайтларида мамлакат армияси аскарлари бўлмаганларини айтди.

Женева конвенцияларининг ҳарбий асирларни таҳқирлаш ҳамда оммага эълон қилиш бўйича тақиқларига икки мамлакат ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бўлаётган пайтда амал қилиниши керак. Россия Украина конфликтини икки мамлакат ўртасидаги эмас, балки фуқаролар уруши ўлароқ таърифлайди.

Украинанинг Нидерландиядаги элчихонаси 18 май куни Twitterда “Ёки бу иккиси ҳарбий асирлар бўлиб, Россия урушда иштирок этмоқда, ёки улар қонунни бузиб бегона ҳудудга кириб борган ҳамда бу ҳолатда Женева конвенцияларини татбиқ қилиб бўлмайди. Бу сизга ҳавола. Нима бўлган тақдирда ҳам уларга инсоний муомала қилинмоқда”, дея ёзди.

Женева конвенциялари посбони бўлмиш Қизил хоч халқаро қўмитаси Украинадаги урушни “халқаро бўлмаган ҳарбий конфликт” деб таърифлайди. Бундай ҳолларда оммага ошкор қилишдан оғирроқ жиноятлар, яъни “инсон қадр-қимматини қўпол бузиш” ҳамда “таҳқирловчи ва камситувчи муомала” уруш жиноятлари сифатида кўрилади.

Қўлга олинган россияликларни оммага кўрсатиш орқали Украина ҳарбий тўқнашувларда Москванинг қўли борлигини исботлашга ҳаракат қилаётгани аниқ. Украина армияси вакили Владислав Селезнёв “Биз учун бизнинг ерларда йўқлиги айтилаётган Россия аскарлари аслида борлигини бутун дунёга кўрсатиш жуда муҳимдир”, деди.

Аммо бу ерда қизиқ парадоксга дуч келамиз: Россия билан жанг қилаётганини дунё ҳамжамияти ҳамда Қизил хоч томонидан тан олинишига эришиш орқали Киев ўзини ҳарбий асирларни оммага кўрсатишни ман қилувчи Женева конвенцияларига амал қилишга мажбурлайди.

Озодлик билан суҳбат қилган халқаро ҳуқуқ бўйича икки мутахассис Александров видеоси Женева конвенцияларига зид ёки зид эмаслиги ҳақида қарама-қарши фикр билдирди.

Ҳарбий можаролар қонунчилиги бўйича Вашингтонда дарс берувчи собиқ ҳарбий судья Гари Солис Қизил хоч Украина конфликтини икки мамлакат ўртасидаги уруш деб баҳоламаса ҳам, “бу хоҳлаган ишни қилиш мумкин дегани эмас”, дейди:

- Қоидалар бор, бу ерда амал қилиниши керак бўлган халқаро қонунлар бор, дейди Солис.

У Киев эълон қилган видео Женева конвенцияларининг халқаро конфликт мезонлари бўйича таҳқирлаш ҳамда асирларни оммага кўрсатишни ман қилувчи қоидаларни шак-шубҳасиз бузишини қўшимчи қилди.

Лос-Анжелесда халқаро қонунчилик бўйича дарс берувчи АҚШ ҳарбий-денгиз флоти офицери Давид Глазиер Солис фикрига қўшилмайди.

Глазиер видео Украина мамлакат шарқидаги конфликтда россиялик аскарлар иштирок этаётганини дунёга кўрсатиши учун керакли “минимал ҳамда эҳтиромли” ошкор қилиш даражасидан ўтмаслигини айтди:

- Россия ўз ролини рад этиш орқали Украинани конфликтда россиялик ҳарбийлар иштирок этаётганини дунёга исботлаш учун далил келтиришга мажбурламоқда. Шундай экан, бундай далил келтириш учун Украинага озгина эркинлик берилса¸ мақсадга мувофиқ бўлади, деган бўлардим, дейди Глазиер.

AFP ахборот агентлигининг ëзишича¸ Украина армияси штаби етакчиси Виктор Муженко икки асирни халқаро матбуот учун кўргазмага қўйишга онт ичган. Глазиер бу ҳаракат “чегарадан чиқиш бўлган бўларди”, деди.

АҚШ Ташқи ишлар вазири ўринбосари Виктория Нуланд Киевнинг икки асирга қилган муомаласи ҳамда Қизил хочга улар билан кўришишга рухсат берганини олқишлади.

XS
SM
MD
LG