Линклар

logo-print

Обама: Жангариларга қарши кураш бой берилгани йўқ


АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама Ироқнинг Рамади шаҳри “Исломий давлат” гуруҳи томонидан босиб олинишини “тактик зарба” сифатида тан олди ва айни пайтда “Мен жангариларга қарши курашни бой бераяпмиз, деб ўйламайман”, деб билдирди.

Обама 21 май куни The Atlantic нашрига берган интервьюсида “суннийлар яшовчи ҳудудларда биз ҳарбий тайёргарликдан билан бир қаторда курашда ҳам собит қоламиз. Сунний қабилалар ҳозиргига нисбатан фаоллашса бизга яхши бўлур эди”, деб айтган.

Ўтган ҳафтада “Исломий давлат” Ироқнинг стратегик аҳамиятга эга бўлган Рамади шаҳрини босиб олган эди. 20 май куни эса Суриянинг ғарби ва шарқини бирлаштирувчи стратегик аҳамиятга эга йўлдаги Пальмира шаҳри “Исломий давлат” назоратига ўтган.

Эрамизнинг 1-2 асрларида барпо этилган Пальмира шаҳри ЮНЕСКО томонидан жаҳон маданий мероси сифатида эълон қилинган эди. Халқаро ҳамжамият жангарилар бу ердаги тарихий обидаларни вайрон этишидан ташвиш билдирмоқда.

21 май куни жангарилар Рамадидан 10 километр шарқдаги Хусайба шаҳридаги ҳукумат кучлари позицияларини эгаллаб олгани хабар қилинди. Айни пайтда Рамадидан 20 километр нарида бўлган Холидия шаҳридаги ҳарбий базага “Исломий давлат”га қарши жанг қилиш учун минглаб шиа жангарилар тўплангани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG