Линклар

logo-print

Биопаспорт учун пора, ўғирланган қорақалпоқ қизлар


Ўзбекистонда биометрик паспортларни олиш осон бўлмаяпти.

Ўзбекистонда биометрик паспортларни олиш осон бўлмаяпти.

Паспорт бўлими бошлиғи пора билан ушланди. Қорақалпоғистондан ўтган йили 12 нафар қиз ўғирлаб кетилган. 100 йил олдин Беҳбудийларни қийнаган муаммо бугун ҳам долзарб. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Қорақалпоғистондан ўтган йили 12 нафар қиз ўғирлаб кетилган”

Қорақалпоғистонда ўтган йили 12 нафар, жорий йил давомида эса 4 нафар қиз ўғирланган (“Оила даврасида”, 21 май).

Қиз ўғирлаш бизнинг халқимизда урф-одат даражасидаги анъана деган нотўғри қараш шаклланиб қолган. Бу удумнинг нотўғрилигини, қиз билан йигит фақатгина катталарнинг совчилиги ва розилигидан сўнг тиббий кўрикдан ўтиб, никоҳланишлари зарурлигини тушунтиряпмиз” , деган Қорақалпоғистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зуҳра Иброҳимова.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова эса бир-бир ярим йил турмуш қуриб ажрашиш ҳолатларидан жамият маънавий ривожига путур етаётганини айтган.

Унга кўра, республика бўйича ажрашишларнинг 18 фоизи оилавий келишмовчиликлар, 22 фоизи ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, қолганлари эса фарзандсизлик, эр ёки хотиннинг касаллиги, йигитларнинг ичкиликка берилиб кетиши оқибатида юзага келмоқда.

“Паспорт бўлими бошлиғи биометрик паспортни тезроқ бериш эвазига пора олаётганда ушланди”

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрига қарашли Красногорск шаҳарчасининг паспорт бўлими раҳбари порахўрлиги учун маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 21 май).

Исми ошкор қилинмаган паспорт бўлими раҳбари биометрик паспорт олишга келган фуқародан ҳужжат тайёр бўлиш жараёнини тезлаштириб бериш эвазига 100 доллар пора талаб қилган.

Фуқаро эса паспорт бўлими раҳбари устидан керакли жойга ариза билан мурожаат қилган. Паспорт бўлими раҳбари фуқаро аризаси асосида ўтказилган тадбирда қўлга олинган ва маълум қилинишича, унга қилмишига яраша жазо берилган.

“Муттаҳамлар” битта диплом ишидан 2 миллион сўмгача пул ишламоқда”

Ўзбекистон олий ўқув юртларини битираётган ялқов ва пулдор талабалар орасида диплом ишини бошқаларга ёздириш кузатилмоқда (“Даракчи”, 21 май).

Кўчаларда “Диплом ёзиб бераман” мазмунидаги эълонлар кўпайган. Қайд этилишича, диплом ёзиб бериш ишнинг салмоғига кўра 600 минг сўмдан 2 миллион сўмгача баҳоланмоқда.

“Пулга ёздираётганлар аввало ўзининг пул билан ўқишга кирганини исботламоқда. Унақалар ҳеч қачон етук кадр бўла олмайди... Энг қизиғи, ана шундай дангаса талабаларнинг ишини битириб бераётган муттаҳамлар ҳам аслида янги нарса ёзаётгани йўқ ва ёзолмайди ҳам. Илгариги ишларни юмалоқ ёстиқ қилиб қоралаб беришмоқда. Бундай иллатларга барҳам беришнинг самарали йўлларидан бири – ҳамма илмий ишларни тегишли сайтларга жойлаб қўйиш керак”, деган филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбек.

“Мактабларда биринчи синфга қабул учун қонунчиликка зид равишда имтиҳонлар ўтказилмоқда”

Ўзбекистоннинг кўплаб мактабларида болаларни биринчи синфга қабул қилиш учун қонунчиликка зид равишда махсус имтиҳонлар ўтказилмоқда (“Новий век”, 21 май).

Оқибатда ота-оналар фарзандини бошланғич синфга киргизиш учун пуллик ўқув курсларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бир болани биринчи синф имтиҳонига тайёрлаш учун репетиторларга йиллик 2-3 миллион, ўқув марказларига эса 1,5 миллион сўм бериш талаб этилади.

Газета 5-7 ёшли болаларни репетиторда ўқитиш уларни зўриқтириб қўйиши, шу билан бирга, ота-оналарга каттагина харажат бўлишини қайд этади.

Айни пайтда, болалар ўқиш, ёзиш ва ҳисоб-китобни мактабгача даврда – репетитор қўлида эмас, бошланғич синфда ўргангани маъқул экани таъкидланади. Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи И.Акбаровга кўра, қонунчиликда мактаблар биринчи синфига қабул учун болалардан тест ёки имтиҳон олиш кўзда тутилмаган.

“100 йил олдин Беҳбудийларни қийнаган муаммо ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”

Паспорт ва бошқа ҳужжатларда фуқароларнинг исм-шарифи қўпол хатолар билан ёзилиши ҳамон учрамоқда (“Ҳуррият”, 20 май).

“Авваллари хатолар давлат маҳкамаларида асосан ўзга миллатга мансуб кишиларнинг ишлаши билан изоҳланар эди. Бугун-чи? Нега ҳануз бу муаммо учраяпти? Масалан, “ҳ” ва “х” ҳарфлари қатнашган исм-фамилияларнинг аксарияти хато ёзилган ҳолда расмийлаштирилмоқда”, деб ёзади газета.

Қайд этилишича, бу муаммо миллий матбуотда бундан 100 йил олдин ҳам ёритилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойна” журналининг 1914 йил 18-cонидаги “Жаҳолат дардларидан” номли мақоласида “Абсамат”, “Обдурахмон”, “Жодугор” (Ёдгор), “Патхулла”ларнинг исмлари ҳужжатларда “ғалат ва масхаралик ҳолатда” ёзилганини айтиб, мазкур муаммони ҳал этишга чақирган.

“Бир аср ўтибди-ю, хатога “садоқат” ҳисси ўзгармабди”, деб хулоса қилади “Ҳуррият” нашри.

“Ёқилғи қуйиш шахобчасига ниқобли ҳужум уюштирган гуруҳ қўлга олинди”

Бухорода “Мадад газоил инвест” корхонасига қарашли 33-автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасига ниқобли ҳужум уюштирган гуруҳ қўлга олинди (“Инсон ва қонун”, 19 май).

Фуқаро Акобир Бўриев бошчилигидаги жиноий гуруҳ ёқилғи қуйиш шахобчасига тунда бостириб бориб, операторга калтаклаган. Босқинчилар шахобчадан қанча миқдорда пул олиб қочгани каби жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.

Маълум қилинишича, тезкор қидирув натижасида уч кишидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG