Линклар

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига кутилаётган ташрифи олдидан вилоятдаги барча давлат муассасалари ходимлари тозалаш ва ободонлаштириш ишларига мажбурланмоқда. Жиззахликларга кўра, жазирама иссиққа қарамай, мактаб ўқувчиларидан ташқари деярли барча бу ишларга жалб қилинган.

Озодлик радиоси билан WhatsApp хизмати орқали боғланган манбанинг айтишича, нафақат бюджет ташкилотлари ходимлари, балки кўчадаги одамларгача олиб чиқилаётган кенг кўламли тозалаш ишларида ҳатто лой сувоқ томларга оқ ранг берилаяпти.

- Жиззах вилояти Арнасой туманидан қанақадир ҳукумат вакили ўтиши кутилаётганмиш. Шу сабали барча муассасалар ишчи ходимлари, оддий жисмоний шахслар кўчага ҳайдалиб, лойсувоқ қилинган томларни ҳам оҳак билан оқлатилаяпти. Кўчаларни айтмаса ҳам бўлади. Ҳамма кўчада, - деб ёзади манба.

Тошкентдан келаётган юқори мартабали меҳмонларни кутиб олиш учун оммавий мажбурий ҳашар ишлари олиб борилаётганини жиззахлик фермерлар ҳам тасдиқлади. Уларга кўра, энг катта иш айни дамда даладаги шийпонларда олиб борилмоқда:

- Эртага Мирзиёев келаяпти. Ҳаммамиз кўчадамиз. Дарахт оқлаяпмиз. Буғдой ичидаги қамишларни ўряпмиз. Пахта даласи атрофига ҳар хил плакатлар осаяпмиз. Ҳамма далада. Мактаб ўқувчиларидан ташқари ҳамма далада. Касалхона, ташкилот, свет, газ, молия, ҳокимият - ҳамма далага кўчиб чиққан. Дала шийпонлари бор-ку, шуларни оппоқ қилиб, каравот, пододеялник, простинялари билан “как положено” қилиб, уйингда қандай ётсанг, дала шийпонларини ҳам худди шундай қилиб қўясан дейишаяпти, - дейди фермер.

Озодлик билан суҳбатлашган яна бир жиззахлик фермер эса ҳокимликдагилар дала шийпонларида мол, товуқ бўлишини, тракторчиларнинг эрталабки овқатига сут-қатиқ ва тухум берилишини талаб қилишмоқда. “Пул берилмайди, барча зарар фермерга бўлаяпти” дея шикоятланди фермер.

Исми сир қолишини сўраган яна бир жиззахлик микрофонсиз суҳбатда мажбурий тозалаш ишлари Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида ҳам олиб борилаётганини айтди:

- Ҳозир бир Арнасойда эмас, Зафарободда ҳам вазият шундай. Мактаб, больница, болалар боғчаларидаги ишчиларига мажбуран кўча тозалатилаяпти. Тошкентдан кимдир келар экан. Ёши 50 дан ошган аёллар жазирама иссиқда йўлнинг четидаги катта ўтларни чопиб, тозалаб, дарахтларни оқлаб юрибди. 4 йил ўлай деб институтда ўқиган одамлар кетмон чопиб юрибди. Яна фермерларга боғлаб қўйган уларни. Одам дам олаётганини кўришса¸ “туринглар, чопинглар, бўлмаса бошлиқларингга телефон қиламан” деб қўрқитади, - дейди зафарободлик суҳбатдош.

Дўстлик тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда бутун туман бўйлаб Тошкентдан келадиган меҳмонларни кутиб олиш учун кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ўтказилаётганини тасдиқлади.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига қилаётган сафари ва ундан кўзланган мақсад тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас. Маҳаллий аҳоли орасида бу борада бир қанча тахминлар бор.

Мирзачўл туманида яшовчи тадбиркор Ҳайдарбой Бош вазир ташрифи билан тумандаги ўзбек-қозоқ чегара божхонаси очилишига умид билдирмоқда:

- 23 май куни Шавкат Мирзиёев шахсан Мирзачўл туманига келади¸ деган гап бор. Бизнинг туман билан Қозоғистоннинг Етисой тумани ўртасида чегара божхонаси бор эди. Одамлар шу ердан борди-келди қилиб турарди. Ёпиб ташлади, беш йил бўлди. Эртага бош вазирнинг келишига одамлар катта умид боғлаб турибди. Борди-келди, қуда-андачилик бор. Одамлар ҳар каттанинг келишини “шу таможня масаласи бўйича келаяпти” деб, шунга боғлайверади, - дейди мирзачўллик Ҳайдарбой.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 19 май куни Брюсселда ЕИ расмийлари билан ўтган учрашувида сиëсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар билан бирга Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазияти, хусусан, мамлакатдаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммолар ҳам муҳокама қилинган эди.

Брюссель расмийлари Тошкентнинг бу муаммолар юзасидан музокарага тайëрлиги, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан болалар ва мажбурий меҳнат борасида ҳамкорлик қилаëтганини олқишлаган.

ЕИ нинг бундай олқиши янграган айни кунларда Ўзбекистон бўйлаб ўқувчи-талабалар, ўқитувчи ва врачларни пахта чопиғи, қолаверса қурилиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурлаш жараëни кучайиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG