Линклар

logo-print

Ўзбекистон исломий ҳаракати ўзининг дастлабки режасига қайтиши мумкин


Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги ЎИҲ жангарилари. Журналист Игорь Ротар фотоархивидан.

Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги ЎИҲ жангарилари. Журналист Игорь Ротар фотоархивидан.

Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) жангариларига Покистоннинг чекка ҳудудлари ўн йилдан бери бошпана бўлиб келади. Афтидан, бугунга келиб жангариларнинг аксари Покистондан чиқиб кетган ва ўзига янги уй изламоқда. Улар бундай жойни Афғонистонда – ўз ватанларининг остонасида топган бўлишлари мумкин.

Кейинги ойларда Афғонистон ҳукумати ҳамда ҳарбийлари мамлакат шимолида кўпайиб бораётган зўравонликларнинг сабабларидан бири сифатида мамлакатда ажнабий жангчиларнинг сони ошиб бораётганини кўрсатишмоқда.

Шимолий Афғонистондаги жангарилар қаердан келганини аниқлаш осон бўлмаса-да, уларнинг орасида ЎИҲ аъзолари кўп эканини тахмин қилиш мумкин. Бу жангарилар 2014 йилда Покистон армияси Вазиристонда олиб борган ҳарбий амалиётлардан кейин Афғонистонга қочиб ўтгани айтилмоқда. Унгача Вазиристонда ЎИҲ жангарилари сони кўп бўлган.

Аҳолисининг асосий қисми тожиклар, ўзбеклар ҳамда туркманлардан иборат бўлган шимолий Афғонистон Ўзбекистон исломий ҳаракати учун қулай маскан бўла олади. Бу ҳудуд Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолияти бошланган Марказий Осиё билан чегарадошдир. ЎИҲ 1990 йиллар охирида Ўзбекистон ҳукуматини ағдариш ниятида юзага келган. Гуруҳ АҚШ Ташқи ишлар вазирлигининг чет эллик террорист ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Дастлаб афғон расмийлари мамлакатга кириб келган жангарилар сони озлигини, улар Толибонга ёрдам бериш учунгина келганини айтган эдилар. Аммо сўнгги ойларда ҳукумат кучларининг Бадахшон, Тахор, Қундуз, Жўзжон, Фарёб ҳамда Бодғис вилоятларида жангарилар ҳамда “ажнабий жангчилар”га қарши олиб бораётган кураши ҳақида жуда кўп хабарлар келмоқда. Жангларда сон жиҳатидан жангарилардан оз бўлган афғон ҳукумати кучларининг қўли баланд келгани йўқ. Жангарилар эса ҳукумат кучларининг кучсизлигидан фойдаланмоқда.

10 апрель куни 200 га яқин жангари Бадахшон вилоятининг Журм туманида ҳукумат истеҳкомларини қўлга олди. Ҳукумат кучлари жангариларга қарши ҳужум уюштирди ва туманни яна назорат қила бошлади. Тўқнашувлар давомида бир неча одам, жумладан, Тожикистон фуқароси экани айтилган тўрт жангари ҳалок бўлди.

24 апрель куни Қундуз вилояти губернатори Омер Сафи Озодлик радиоси туркман хизмати билан қилган суҳбати давомида “Уч мингга яқин жангари беш йирик туманда жанг қилмоқда”, деб билдирди. Сафи афғон хавфсизлик кучлари томонидан йўқ қилинган жангарилар орасида чечен ва тожиклар борлиги аниқланганини айтди.

Associated Press агентлигига эса Сафи тўқнашувлар бўлган жойларда 18 ажнабий жангари жасади топилганини ҳамда улар орасида “Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркия ҳамда Чеченистон” фуқаролари борлигини айтган. Ҳоким жангариларнинг кўпчилиги Афғонистонга оиласи билан келганини айтган.

Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарадош ғарбий қисмида ҳам зўравонликлар кўпаймоқда.

Олис ва бориш мушкул бўлган бу ҳудудда жангарилар кимлиги ва қаердан эканини аниқлаш жуда қийин. Айрим афғон расмийлари жангарилар ЎИҲнинг тожик қаноти ҳисобланувчи гуруҳ аъзолари эканини, бошқа расмийлар эса жангарилар орасида ҳам ЎИҲ, ҳам унинг тожик қаноти аъзолари борлигини айтишмоқда.

Бадахшон губернатори Шоҳ Валилулло Адиб 15 апрель куни жангариларнинг аксари четдан келганини айтди. Адиб “икки юзга яқин жангчи, айримлари оиласи билан Дарайи-Хустан ҳудудига жойлашган”, деди ва улар Ўзбекистон, Тожикистон, Чеченистон ҳамда бошқа мамлакатлардан келганини айтди.

Расмийлар Жўзжон вилоятининг Ақча туманида мазкур ҳафтада содир бўлган тўқнашувларда камида 300 “ажнабий” жангари иштирок этганини билдиришди. Озодлик радиоси туркман хизмати билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли жангарилар шевасидан уларнинг Ўрта Осиёдан келганини англаш мумкинлигини айтди.

Жангариларнинг сони нечталиги, толиблар томонида жанг қилаётгани ёки ўз мақсадларини кўзлаб курашаётгани маълум эмас.

ЎИҲ 1999-2000 йилларда Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон чегаралари туташган ерларда ҳужумлар уюштираётганида гуруҳни толиблар бошпана билан таъминлаган. 2001 йилда ЎИҲ Афғонистонда фаолият юритган ҳамда толиблар қўлига ўтмаган 5 фоиз ерларга қилинган ҳужумларда иштирок этган. 2001 йил охирига келиб АҚШ толибларни бомбардимон қила бошлаганидан кейин ЎИҲ жангариларининг кўпчилиги Покистонга қочиб ўтган.

Айрим афғон расмийлари жангчилар орасида “Исломий давлат” гуруҳига хайрихоҳлар борлигини айтмоқда. Аммо бунга етарлича далил йўқ. Афғонистонда “Исломий давлат” оз кўламда фаолият юритаётган бўлиши мумкин. Лекин жангари гуруҳга содиқлигини эълон қилаётганлар шунчаки эътибор қозонишга ёки дунёнинг энг бой террорист ташкилотидан маблағ ундиришга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Брюс Панниер қаламига мансуб ушбу мақолани Нодир Атаев таржима қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG