Линклар

Украинада қўлга олинган Россия зобитлари 2 ойга ҳибс қилинди


Александр Александров Луганскда яраланган пайтида қўлга олинган.

Александр Александров Луганскда яраланган пайтида қўлга олинган.

Киев суди 22 май куни Украина шарқида россияпараст исёнчилар томонида туриб жанг қилган Россиянинг икки фуқаросини тергов якунлангунига қадар 2 ой ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.

Украина ҳукумати қўлга олинган Евгений Ерофеев ва Александр Александровни Россия Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси зобитлари эканини айтмоқда. Бу икки шахс исёнчилар Украина қўшинларининг Счастье шаҳридаги позицияларига ҳужум қилган пайтда қўлга олинган эди.

Украина миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Валентин Наливайченко қўлга олинган бу икки одам ўзини Луганск Халқ Республикаси деб эълон қилган тан олинмаган ҳудуддаги исёнчиларнинг террорчилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбланаётганини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлиги эса қўлга олинганлар Россия қуролли кучларининг амалдаги зобитлари эканини инқор қилмоқда. Вазирликка кўра, улар ўтган йилнинг декабрь ойида истеъфога чиқарилган. Бироқ Ерофеев ва Александров Москвада нашр этиладиган “Новая газета”га ўзларининг ҳарбий хизматдан бўшатилганлари ҳақида ҳеч нарса билмасликларини айтишган.

Ерофеев ва Александров хизмат ўтаган Тольяттидаги гвардия махсус бригадаси тарқатиб юборилиши мумкин. Бу ҳақда Озодлик радиоси рус хизматига мазкур ҳарбий қисм фаолияти билан яхши таниш бўлган манба хабар берган.

XS
SM
MD
LG