Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:39

Она: 4-синф битирувчиси ўқитувчисига тилла узук ҳадя қилаяпти


Самарқанд шаҳридаги Мотрит маҳалласи умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг 4-синфини якунлаётган ўқувчилар бошланғич таълим берган ўқитувчисига тилла узук учун пул йиғаётгани ҳақида Озодликка шикоят бўлди. Тақиқларга қарамай, мактабда йиға-йиғ битмаганидан арз қилган фаррош аёл, бунинг устига, мактаб болалари ота-оналари кетган давлатлар даражасига кўра табақаланаяпти, деб норози бўлди.

Фамилияси ва мактаб рақамини сир сақлашни сўраб, OzodMikrofonга боғланган тингловчи - шу кунда Россияда фаррошлик қилаётган 38 яшар Раҳима мактабда ўқиётган икки боласидан бирига май ойи учун 50 АҚШ доллари миқдорида пул жўнатганини айтмоқда:

- Бу пулдан 40 минги макалатурага, 50 минги тилла узукка, яна 30 минги обунага. Яна қанчаси мактабни ремонтига экан. Болам 4-синфни битираётгани учун "битирувчи"миш, шунга ўқитувчисига эсдалик учун тилла узук олиб бериши керак экан, қаранг! Бермайсан, десам: "Ҳаммани олдида тургизиб қўйиб уялтиради!" деб йиғлаяпти. Нима қилишим керак?! - дея норози бўлди Раҳима опа.

Аёлнинг айтишича, мактабда қарийб ҳар ойда бир мартадан пул йиғилади ва ҳар ой бунга бир сабаб тиркалади:

- Ҳар сафар бир баҳонаси бор-да! Металолом, макалатура, обуна - тугамайди. Мен ойига 400-500 АҚШ доллари пул топаман, ярми ўзимга кетса, ярми болаларни мактабига кетадими, ўзингиз ўйланг! Болангиз учун аямайсиз, лекин шу ой чидамай кетдим. Битта боламга 50 доллар, ҳали каттаси турибди навбатда, - дейди Раҳима опа.

Уни шу гал Озодликка арз қилишига ундаган яна бир жиҳат мактабда ота-онаси мардикорликка кетган мамлакатлар иқтисодий аҳволига кўра болаларнинг табақаланишига оид хулосасидир:

- Ота-онаси Россияда юрганлар - энг паст табақа. Кореяда юрганлар, Америкада юрганлар баланд табақа эмиш. Ўқитувчилар шунга қараб, болаларни ажратар экан. Ҳозирдан шунақа ажратиш бўлса, болаларимиз катта бўлганда ким бўлади?! Яқинда бошқа болалардан қолмай деганми, бир бола уйидан пул ўғирлаб чиқиб, ўқитувчисига духи олиб берибди, мактабда роса тўпалон бўлди. Униям онаси Россияда юрибди. Бола учун ишлайсиз, яна орқасидан гапиниям эшитиб, эзиласиз, - дейди OzodMikrofonга боғланган самарқандлик аёл.

Бу Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилардан пул ёки совға-салом йиғилишига оид кўплаб шикоятлардан биридир. Лекин, шикоятларда 4-синфни тамомлаган ўқувчиларнинг битирувчи сифатида тадбирлар уюштириши қарийб учрамайди.

Сўнгги йилларда бу масала Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги даражасида назорат қилинмоқда ва умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқув йили якунида турли тадбирлар ўтказиш, якуний имтиҳонлардан сўнг ўқитувчиларга дастурхон ёзиш ёки совға-салом улашиш, битирув кечалари каби маросимлар тақиқланмоқда.

2014 йилда эса ўқув йили якуни олдидан республика мактабларига тарқатилган тавсиянома нусхаси Озодликка келиб тушган эди:

"Таъкидлаш жоизки, таълим муассасаларида ушбу маросимлар учун битирувчилардан маълум миқдорда маблағ йиғиш, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларни турли қимматбаҳо совғалар билан сийлаш ҳамда тантаналарни ўқувчи ёки ўқитувчиларнинг хонадонларида, ресторан ёки қаҳвахоналарда катта маблағ талаб этадиган тарзда ўтказиш қатъиян ман этилади", дейилади ушбу тавсияномада.

2014-2015 йилги ўқув йили якуни арафасида эса Халқ таълими вазири ўринбосари Улуғбек Абруевнинг мамлакатда катта тиражда тарқаладиган “Даракчи” газетасида битирув оқшомларидан ташқари давлат имтиҳонларига пул йиғиш ва ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар бериш ҳам қатъиян ман қилиниши таъкидланган мақоласи чиқди.

Ҳозир республикада мавжуд 9698 та умумий ўрта таълим мактабидаги 1-синфдан 4-синфгача бўлган бошланғич таълим босиқичида 2 миллион 129 минг 389 нафар ўқувчи бор. Бу йил 483 мингга яқин ўқувчи умумий ўрта мактабнинг 9-синфини битиради.

XS
SM
MD
LG