Линклар

logo-print

Ироқда ҳукумат қўшинлари ИД назоратида бўлган Рамадийга ҳужумни давом эттирмоқда


ИД ишғолидан кейин Рамадийни минглаб одам тарк этган.

ИД ишғолидан кейин Рамадийни минглаб одам тарк этган.

Ироқда шиа ва сунний қабилалар кўнгиллилари ёрдамига таянган ҳукумат қўшинлари бир ҳафта муқаддам “Исломий давлат” гуруҳига бой берилган Рамадийга қараб ҳаракатланишда давом этмоқда.

Маҳаллий сунний қабила раҳбари Амир ал-Фаҳдавий бирлашган қўшин ҳозирги пайтда Рамадий шаҳридан тақрибан 10 километр нарида жойлашган Ҳусайба аш-Шарқия шаҳрини назорат қилаётгани ва жангчиларни Рамадийга юришга ҳозирлаётганини маълум қилди.

17 май куни Рамадийнинг эгаллаб олиниши яқиндан бери Анбар вилоятида ҳужумлар амалга ошира бошлаган Ироқ армияси учун жиддий зарба бўлган.

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер якшанба куни CNN телеканалига берган интервьюсида Рамадий шаҳри ишғоли ҳақида фикр билдираркан, Ироқ армиясида “Исломий давлат” гуруҳи устидан ғалаба қозонишга ирода етишмаётганини билдирди.

- Рамадийда Ироқ кучлари кураш иродасини кўрсатолмади. Улар озчилик эмасди. Аслида Ироқ кучлари ўзларига рақиб бўлган “Исломий давлат” гуруҳидан устунроқ эди, аммо улар урушни бой бериб, позицияларидан чекиндилар. Бундан менда “ироқликларда Исломий давлат билан курашиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун ирода етишмаяпти”, деган ўй пайдо бўлди. Биз уларни тайёргарликдан ўтказишимиз мумкин, қурол-аслаҳадан ёрдам қилишимиз мумкин, лекин биз уларга кураш учун ирода беролмаймиз, - деди АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер.

Бу орада, маълумотларга кўра, ҳукумат қўшинлари чекинганидан сўнг “Исломий давлат” гуруҳи Сурия-Ироқ чегараси устидан тўла назорат ўрнатган.

XS
SM
MD
LG