Линклар

logo-print

Рамзан Қодиров ва унинг “оиласи” ҳақида фильм тақдим этилди


Владимир Путин ва Рамзан Қодиров

Владимир Путин ва Рамзан Қодиров

“Очиқ Россия” ташкилоти бугунги Чеченистон ва унинг раҳбари Рамзан Қодиров тўғрисида фильм тақдим этди. Фильмда Чеченистондаги ҳокимият тузилиши, унинг Кремль билан муносабатлари, Рамзан томонидан тузилган кучишлатар тизим ҳамда одам ўғирлашу қийноқларга солиш айбловлари ҳақида сўз боради.

24 май куни Михаил Ходорковский томонидан тузилган “Открытая Россия” (“Очиқ Россия”) жамоатчилик тармоқ ҳаракати расмий сайтида “Оила” деб номланган ҳужжатли фильм пайдо бўлди.

Нима учун Владимир Путин Рамзан Қодировдан қўрқади, “вассаллар армияси” нима ва “КРА”чилар ким, “элита” қўшинларидан жой олиш қанчага тушади ва нима сабабдан Грознийдаги Путин проспектини Ғалаба проспекти деб аташ мумкин эмас”, дейилади фильм тасвирида.

Фильмда, шунингдек, Чеченистон ҳокимияти томонидан босим ва қийноқларга учраган журналистлар ва одамлар билан интервьюлар келтирилади.

Фильм муаллифлари иддаосига кўра, Кремльдан келиб тушаётган кўпмиллиардли давлат дотацияларидан ташқари ҳар бир чечен “мураккаб ўлпон тизими” орқали Қодиров маъмуриятига ўз ойлигидан пул ўтказиб боради. Бунинг учун давлат раҳбари томонидан махсус “Аҳмад Қодиров жамғармаси” очилган.

Ҳар бир чеченистонлик ойига бир марота расман Рамзаннинг онаси Аймани Қодирова бошқариб келаётган бу жамғармага даромадининг муайян қисмини ўтказиб боради: бюджет соҳаси ходимлари – ойлигининг 10 фоизини, хусусий ширкат ходимлари – учдан бир қисмини, бизнесменлар эса – топган пулининг ярмисини, дейилади фильмда.

Р.Қодиров ўзбек боксчиси Руслан Чагаевни ҳам ўз ҳомийлигига олган

Р.Қодиров ўзбек боксчиси Руслан Чагаевни ҳам ўз ҳомийлигига олган

Фильмда Чечен раҳбариятининг республикадаги турли тадбирларда қатнашаётган жаҳон юлдузларига ажратаётган миллионлаб доллар маблағлар тўғрисида ҳам сўз боради.

Ҳужжатли фильм муаллифлари Рамзан Қодировнинг Владимир Путин ҳукумати билан ўрнатилган муносабатлари, унинг Путин “оиласи”даги ўрни ва фақат Қодировга бўйсунувчи махсус қуролли кучлар - “вассаллар армияси” ёки “опричнина” ҳақида маълумотларни келтиради.

Фильм сўзбошига ЮКОСнинг собиқ эгаси Михаил Ходорковский сўзлари қўйилганини кўриш мумкин: “Биз Ельцин оиласи бўлганини биламиз, биз Путин дўстларини таниймиз, энди биз Путин оиласи билан ҳам танишдик, бу оилада Рамзан - ўғилдир”.

Эслатиш жоизки, 16 апрель куни “Очиқ Россия”нинг Москвадаги офисида полиция томонидан тинтув ўтказилди. Ички ишлар бошқармасида тинтувни “ташкилот экстремистик руҳдаги варақалар ва транспарантлар тайёрлаётгани тўғрисида маълумот борлиги” билан изоҳлашди. Лойиҳа эгаси Михаил Ходорковский Рамзан Қодиров тўғрисида фильм суратга олинаётгани полицияни хавотирга солганини ўзининг Твиттер саҳифасида тушунтирди:

Очиқ Россиядаги” тинтувнинг асл сабаби – Қодировнинг ҳозирги ҳокимиятдаги ўрни тўғрисида суратга олинаётган фильмдир. Савол туғилади: унда ҳокимият ким?”, деб ёзган эди Ходорковский.

Ўшанда Россия Ички ишлар бошқармасида Ходорковский ҳаракати офиси экстремизмга текширилаётганини тасдиқлашган эди.

Тинтув бошланмасдан олдин эса Рамзан Қодиров ҳам Ходорковский томонга “тош отиб” қўйган эди: у декабрь ойида қарийб 11 йиллик қамоқ жазосини ўтаганидан кейин озодликка чиқарилган мухолифатчи-бизнесмен Михаил Ходорковскийни Charlie Hebdo журналидаги одамлар ўлдирилишига жавобан пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)га карикатуралар чоп этишга даъват этгани учун “бутун олам мусулмонлари душмани” деб атаган эди.

Жорий йилнинг 8 май куни эса Чеченистон Жамоатчилик палатаси Ходорковскийни “мафкуравий диверсия”да айблаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG