Линклар

logo-print

"Туркия орқали Сурияга ўтишга уринаётган ўзбеклар адади озайгани йўқ"


Суриядаги ўзбек жангчилари байъат бермоқда

Суриядаги ўзбек жангчилари байъат бермоқда

Туркия-Сурия чегарасида назорат кучайганига қарамай, “Исломий Давлат” эстремист гуруҳига қўшилиш учун Сурияга ўтишга уринаётган ўзбеклар адади озайгани йўқ. Бир-биридан мустақил манбаларнинг Озодликка маълум қилишича, ИД сафларида бўлган хорижий жангарилар орасида ўзбекистонликлар сон жиҳатидан етакчилардан ҳисобланади.

Суриядаги Марказий Осиёлик ва Кавказлик жангчиларининг аниқ адади маълум эмас.

Аммо, улар бир неча мингни ташкил этиши ишонилади.

Озодликка бир-биридан мустақил бир неча манба бераётган маълумотга кўра, сўнгги бир йил ичида Туркия чегарачилари Сурия билан узунлиги деярли 900 километрлик сарҳадни қаттиқ назоратга олган.

Ўзбек жангчилари билан яқин алоқаси бўлган манбалардан бирининг маълум қилишича, ўтган бир йил ичида Сурия ҳудудига ноқонуний ўтишга уринган "бир нечта ўзбек" турк чегарачилари томонидан отиб ташланган.

Лекин бу ўзбекларни жиҳод қилиш шаштидан қайтаргани йўқ”, деб айтди у.

Аммо Туркия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Озодликка хорижий жангчиларнинг Туркия сарҳадларидан Сурияга ўтаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Туркияда Ўрта Осиёлик фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи "Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти адвокати Адаб Чевикнинг Озодликка маълум қилишича, ҳозирда Туркия ҳудудида яшаш тартибини бузишда айбланган 20га яқин ўзбекистонлик мамлакатнинг турли муҳожирлик марказларида ушлаб турилибди.

Воситачилар ва Сурия паспорти

Исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка гапирган бошқа бир манбага кўра, Сурияда фуқаролар уруши бошланган 2011 йилдан буён 2000 дан зиёд ўзбек президент Башар Ассад режимига мухолифатда бўлган жиҳодий гуруҳларга қўшилган.

Туркия ҳозир чегарани беркитиб ташлаган. Ўзбекларнинг баъзилари Суриянинг сохта паспорти билан чегарадан қонуний йўллар билан ўтаётган бўлса, кўпчилиги воситачилар ёрдамида қочоқ йўллар билан ўтаяпти,” дейди бу манба.

Унинг илова қилишича, аксари ўзбекистонлик ва қирғизистонлик бўлган этник ўзбекларнинг деярли ярими тўрт йил давомида Суриянинг турли нуқталарида ҳалок бўлган.

Озодлик суҳбатлашган манбалар Туркиянинг энг йирик - Истанбул шаҳри ҳамда Сурия чегарасига яқин ҳудудларда жойлашган Ғозиантеп ва Шонли Урфа шаҳарларида хорижий жангариларни Сурияга ўтказиш билан шуғулланувчи хуфя гуруҳлар фаолият юритади.

Туркиялик ҳуқуқбонларга кўра, мамлакатнинг турли минтақаларида ҳаммаси бўлиб чорак миллионга яқин Ўрта Осиёлик меҳнат муҳожири, сиёсий қочқинлар истиқомат қилади.

Туркиянинг Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини бекор қилгани бу мамлакатга сафар қилувчилар сонини кескин орттирган.

Фуқаролар уруши туфайли бир миллиондан ортиқ суриялик бошпана излаб, Туркия ҳудудига ўтган.

Суриядаги Марказий Осиёлик жангчилар

Суриядаги фуқаролар урушини яқиндан кузатаётган таҳлилчиларга кўра, охирги бир йил ичида ўзбек жангчиларининг аксари “Жабҳат ун-Нусра” ва “Аҳрор уш-Шом” гуруҳларидан “Исломий Давлат” гуруҳига қўшилган.

Уларнинг ишонишича, “Исломий Давлат” гуруҳининг бошқа исёнчи гуруҳларга нисбатан қудратлироқ бўлгани ва моддий жиҳатдан яхшироқ таъминлангани хорижий жангариларнинг унга бўлган ишончини оширган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG