Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:07

Жанубий Қозоғистонда 5 кунда 400дан ортиқ ўзбек муҳожири ушланди


Қозоғистон жанубий чегарасини мустаҳкамлашни давом эттирмоқда
Қозоғистон жанубий чегарасини мустаҳкамлашни давом эттирмоқда

Жанубий Қозоғистон вилоятида маҳаллий миграция қонунларини бузганликда айбланиб қўлга олинган 400дан зиёд ўзбек муҳожири турли жарималарга тортилди ва қанчадир қисми депортация қилинди. Мигрантлар 5 кун давом этган “Мигрант-2015” оператив-профилактика амалиёти натижасида ушлангани айтилмоқда.

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сариоғоч туманида Чегара хизмати ва милиция ходимлари 18-22 май кунлари ўтказган амалиёт давомида 428 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаб берган ва ўзини Саттор деб таништирган Сариоғоч туман Ички ишлар бўлими ходими ҳозир бўлимда ўзбекистонликлардан деярли ҳеч ким қолмаганини айтди:

- 18-22 май кунлари мана шу ерда чегарачилар билан бирга рейд қилиб, рейд пайтида ушланганларни бўлимимизга олиб келишди. Биласизку, чегарамиз жуда катта. Бизга олиб келади ушланганларни, биз расмийлаштирамиз ва судга олиб борамиз. Суд жарима солади ва чиқариб юборади. Уларнинг кўпида въездной карточкаси муддати ўтиб кетган бўлади, чегарани четлаб ўтади, ҳужжатларида муҳри бўлмайди – ҳар хил қоидабузарликлар билан ушланади хориж фуқаролари, - дейди навбатчи офицер.

Суҳбатдош икки кун олдин Ички ишлар бўлими ҳовлисида рейд пайтида ушланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг катта гуруҳи турганига кўзи тушганини айтди.

“Ноқонуний муҳожир - 2015” тадбири давомида маҳаллий миграция қонунларини бузгани учун ушланган ўзбек муҳожирларининг аксари суд қарори билан Қозоғистондан аллақачон чиқариб юборилгани маълум бўлди.

Ўзбекистон пойтахтидан 15 километр нарироқда жойлашган Сариоғоч тумани, милиция офицери сўзларига кўра, миграция оқими туфайли жуда мураккаб иш участкасига айланиб қолган.

Саттор ака сўнгги йилларда Сариоғоч тумани орқали ўтаётган ўзбекистонликлар сони кўпаймоқда, дейди.

- Черняевканинг ўзидан бир кунда қанча одам ўтади, биласизми? Бир кунда 10 минг одам ўтади! Шуларнинг ҳаммаси Россияга, Қозоғистоннинг ҳамма жойига бориб, ишлаб келяпти. Улар қурилишда ишлайди, таксичилик қилади, кафеда ишлайди, хуллас, тирикчилик билан мамлакатда кириб-чиқади. Қорақалпоғистон Республикасидан қанча кириб-чиқяпти! Шу ердаги “Қоплонбек” постидан кунига 2-3 минг одам киради ва чиқади. Энг камини айтяпман. Чунки чегарамиз катта. Бизда 9 пост бор: “Майский”дан бошланадию “Ялламага”ча боради! - дейди Сариоғоч туман милиция бўлими ходими.

Қозоғистон мигрантлар қабул қилиш бўйича жаҳоннинг 9 мамлакати қаторидан ўрин олган. Шунга қарамасдан, қозоқ парламентидаги “Нур Отан” фракцияси раиси Айткул Самакова 2015 йилда мамлакат хўжалигига 1,8 миллион ишчи кучи зарур бўлишини билдирди.

Халқаро Меҳнат ташкилоти берган маълумотларга кўра, Қозоғистон Республикасида 1 миллионга яқин ижтимоий ҳимояланмаган ноқонуний меҳнат муҳожири мавжуд. Улардан 40 фоизи – аёллардир.

Қозоғистон миграция идоралари ҳисоб-китоби бўйича, мамлакатда ишлаётган хорижлик меҳнат муҳожирларининг қарийб 50 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.

XS
SM
MD
LG