Линклар

Ироқ кучлари Рамадини қайтариб олиш уринишларини давом эттирмоқда


Ироқ ҳукумат кучлари Рамади шаҳрига 10 километргача яқинлашгани айтилмоқда.

Ироқ ҳукумат кучлари Рамади шаҳрига 10 километргача яқинлашгани айтилмоқда.

Ироқда ўтган ҳафта бой берилган Рамади шаҳридан “Исломий давлат” жангариларини сиқиб чиқариш ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳукумат қўшинлари Анбар вилояти маркази ҳисобланган Рамадига 10 километргача яқинлашди. Ҳарбий операция АҚШ мудофаа вазири Ироқ армиясини Рамадини ташлаб қочганликда айблаган пайтда ўтказилмоқда. Ироқ ва Эрон расмийлари АҚШнинг ўзини “Исломий давлат” гуруҳига қарши етарли ҳаракат қилмаётганликда айбламоқда.

Ироқ ҳукумат қўшинлари шиа ва сунний қавмлар жангчилари ёрдамида ўтган ҳафта “Исломий давлат” жангари гуруҳига бой берилган позицяиларни қайта қўлга киритиб, мамлакат ғарбидаги Рамади шаҳри томон юришни давом эттирмоқда.

24 май куни маҳаллий сунний қабилалардан бирининг бошлиғи Амир ал-Фаҳдавийга таяниб берилган хабарларга кўра, қўшма қуролли кучлар Рамадидан 10 километр шарқроқда жойлашган Ҳусайба ал-Шарқия шаҳарчасини ишғол этишган. Қўшма кучлар “Исломий давлат” жангариларини сиқиб чиқариш ҳаракатини давом эттириш ниятида, дея билдирди у.

Рамади шаҳри 17 май куни бой берилди ва бу яқиндагина Анбар вилоятида “Исломий давлат” гуруҳига қарши ҳужум бошлаган Ироқ ҳукумат қўшинлари учун жиддий йўқотиш бўлди.

Айни пайтда жангари гуруҳнинг 24 май куни Ироқ-Сурия чегарасидаги ўтиш пунктларидан бирини тўла қўлга олгани хабар қилинмоқда. Ироқ кучлари ўтиш пунктидан чекингани айтилмоқда. “Исломий давлат” гуруҳи ҳозирда Ироқ томонидаги ал-Валид чегара пунктидан ташқари Сурия билан Анбарни бирлаштирувчи йўлни ҳам тўла назорат қилмоқда.

Ироқ кучларининг ҳужуми АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер уларга қарата кескин танқидларни ёғдирган пайтга тўғри келмоқда. Картер 24 май куни CNN телеканалининг "State of the Union" дастурига берган интервьюсида Ироқ ҳукумат кучларини Рамадида ўзларини ҳимоя қила олмаганлик ва шаҳарни ташлаб қочганликда танқид қилди.

- Афтидан Рамадида Ироқ кучларининг жанг қилишга иродаси бўлмаган. Уларнинг сони “Исломий давлат” жангариларидан кам бўлмаган – аслида Ироқ кучлари сон жиҳатидан душманга нисбатан анча кўпроқ бўлган – лекин шунга қарамасдан, улар жанг қилишдан бош тортиб, шаҳардан чекинишган. Бу эса мен учун бир нарсанинг белгисидир, менимча кўпчилик бу фикримга қўшилса керак, бу ерда гап Ироқ кучларининг ИШИДга қарши кураш ва ўзларини мудофаа қилишга иродаси йўқлигидадир. Биз уларни тайёргарликдан ўтказишимиз мумкин, уларга қурол-аслаҳа беришимиз мумкин, лекин уларга жанг қилиш учун ирода бера олмаймиз, деди АҚШ мудофаа вазири.

Рамади шаҳридан чекинган Ироқ кучлари кўп миқдордаги қуроллар, жумладан АҚШ томонидан тақдим этилган ҳарбий машина ва танкларни ташлаб қочган.

Ироқ парламентининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Ҳаким ал-Замилий АҚШ мудофаа вазирининг танқидларини “нореал ва асоссиз”, дея рад этди. AP агентлигига 24 май куни берган интервьюсида Ироқ вакили Вашингтонни Ироқ армиясига “яхши ускуна, қурол-яроқ ва ҳаводан ёдам” тақдим эта олмаганликда айблади.

Айни пайтда Эронда чиқадиган “Javan” газетаси Эрон Инқилоб Гвардияси генерали Қосим Сулаймонийнинг Қўшма Штатлар “Исломий давлат” гуруҳининг Рамади шаҳрини эгллаб олишига йўл қўйиб берди, деган сўзларидан иқтибос келтирди. Газетанинг 25 май кунги сонида Инқилоб гвардияси генерали Сулаймонийнинг АҚШ экстремистларнинг Рамадини ишғол қилишдан тўхтатиш учун “ҳеч бало” қилмади, деган сўзлари келтирилди.

“Исломий давлат” гуруҳи кейинги ҳафталар ичида Ироқ ва Сурияда ўз назоратидаги ҳудудларни янада кенгайтирди. 20 май куни Суриянинг қадимий Палмира шаҳри тўлалигича экстремист гуруҳи назоратига ўтди. Шаҳар эгаллаб олинишидан икки кун ўтиб, “Исломий давлат” 400дан ошиқ тинч аҳоли, асосан, аёллар ва болаларни қатл этгани хабар қилинмоқда.

Сурия мухолифатига кўра, Палмира кўчаларини юзлаб жасадлар тўлдирган. Қатл қилинганлар ҳукумат тарафдори бўлган гуруҳ ва оилалар вакиллари экани айтилмоқда.

Аҳолиси 50 мингга яқин Палмира шаҳри қадимги Римга оид тарихий обидалар сақланиб қолган шаҳардир. Ҳозирда аксари ЮНЕСКО рўйхатига киритилган обидалар “Исломий давлат” томонидан вайрон этилиши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG