Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:32

Қирғизистонда маҳбуслар ҳокимларни камида 18 минг долларга алдади


Қирғизистон. Бишкекдаги марказий ҳибсхонада сақланаётган маҳбуслар тушлик қилмоқда. Сурат Озодлик радиосига Қирғизистон Жазони ўташ Бош бошқармаси томонидан 2012 йилнинг 20 январида тақдим этилган.
Қирғизистон. Бишкекдаги марказий ҳибсхонада сақланаётган маҳбуслар тушлик қилмоқда. Сурат Озодлик радиосига Қирғизистон Жазони ўташ Бош бошқармаси томонидан 2012 йилнинг 20 январида тақдим этилган.

Қирғизистон қамоқхоналарида ётган маҳбуслар телефон орқали шаҳар ҳокимларига ўзларини президент маъмурияти раҳбари Данияр Наримбаев деб таништириб, 1 миллион қирғиз сўми, яъни 18 минг доллардан кўпроқ пулга эгадор бўлиб олишди. Алданганлар орасида ҳокимлардан ташқари йирик тадбиркорларнинг номи ҳам айтилмоқда.

Маҳбусларга алданган давлат амалдорларидан бири Чўлпонота мэри Бўлўт Бакировдир.Унинг айтишича, ўзини президент маъмурияти раҳбари Данияр Наримбаев деб таништирган одам қариндошларига моддий ёрдам кўрсатиш илтимоси билан мурожаат қилган.

-Мэриянинг аппарат раҳбари менга телефон қилиб, “Наримбаев сизни телефон орқали йўқлаяпти”, деб қолди. Гўшакни кўтариб у билан гаплашдим. Ўзини Наримбаев деб таништирган одам қариндошлари қандайдир фалокатга йўлиқиб қолганини, шунинг учун пулдан ёрдам кўрсатишимни илтимос қилди. Мен Наримбаевнинг ўзи илтимос қилганидан кейин қандай қилиб “Йўқ”, дея оламан. 9 минг сўм пулни ҳайдовчимга бериб, олиб бориб бер деганман, - деди Чўлпонота мэри.

Маълум бўлишича, маҳбуслар шундан сўнг ҳайдовчи билан телефон орқали боғланиб, пулни ўз мобил телефонларига юклаш ҳақида кўрсатма беришган. Ҳайдовчи пулни телефонларга юклаган. Маҳбуслар шу тарзда бир қатор ҳокимларнинг ҳар биридан 30 минг сўмгача, яъни 512 доллардан пул унидирган.

Қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган маҳбусларга алданганлар орасида ҳокимлардан ташқари бозор раҳбарлари, тадбиркорлар ва солиқчилар ҳам бор экани аниқланган. Улар алданганларини билганларидан сўнг “президент аппарати раҳбари Наримбаевнинг телефонига юзлаб доллар пул юклаб бериш”ни илтимос қилган товламачиларни аниқлаш талаби билан милицияга мурожаат қилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари Мирлан Каниметов бу борада жиноят иши очилганини айтди. Унга кўра, маҳбусларнинг товламачилигига Жазони ўташ Бош бошқармаси ходимлари ҳам аралашган.

- Бизга телефон орқали товламачилик қилганлар юзасидан ариза тушган эди. Тергов давомида товламачилар қамоқда ўтиргани маълум бўлди. Шунинг учун бу ишни Жазони ўташ Бош бошқармасига ўтказиб берганмиз, - деди Мирлан Каниметов.

Сўнгги хабарларга қараганда, бу иш юзасидан товламачи экани аниқланган маҳбуслардан ташқари Жазони ўташ Бош бошқармаси тизимида ишлаган ўнга яқин ходим ҳам айбланмоқда. Товламачилар эса 1-сон тергов ҳибсхонасида, биринчи, учинчи ва ўн олтинчи қамоқхонада сақланаётган маҳбуслар орасидан топилган.

Қирғиз матбуотининг терговчиларга таяниб ёзишича, 16-сонли қамоқхона назоратчисидан бирининг рафиқаси телефонига маҳбуслар одамларни алдаш йўли билан 700 минг сўм, яъни 12 минг доллар, бошқа бир қамоқхонанинг яна икки назоратчисининг хотинлари телефонларига бир миллион сўмдан, яъни 18 минг доллардан пул юклатишга муваффақ бўлган. Бу пулларнинг 10 фоизи қамоқхона назоратчиларига улуш қатори берилган, қолганларини эса товламачи маҳбуслар олган.

Қирғизистонда маҳбуслар қоида бўйича мобил телефонлардан эмин-эркин фойдлаланиш ҳуқуқидан маҳрум. Бироқ мобил телефонларидан фойдаланиш имкониятини тўсиб қўядиган техник воситаларнинг йўқлиги сабабли, маҳбуслар бу хизматдан фойдаланиб келмоқда.

Маълумотларга қараганда, товламачилар уяли алоқа операторларидан бирига уланиб, ҳокимлар, тадбиркорлар ва бошқалардан катта миқдордаги пулларни телефонига юклатиб олишади. Шундан сўнг уяли алоқа оператори хизматидан воз кечишади. Уяли алоқа ширкати эса, қонунчиликка биноан, хизматдан воз кечган абонентга телефонга юкланган, аммо ҳали фойдаланилмаган маблағни нақд пул кўринишида қайтариб беришга мажбурдир.

XS
SM
MD
LG