Линклар

logo-print

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 май кунги қарори билан Самарқанд шаҳрида йилига 240 ўқувчи таҳсил оладиган Касб-ҳунар маркази очилади. Марказ зиммасига “ишсизлар ва вақтинча банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан, профессионал коллежлар ва академик лицейларни битирган, лекин доимий иш жойи бўлмаган шахсларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш” вазифаси юклатилди.

Ҳужжатда айтилишича, ўқув маркази қурилишига Корея Республикаси ҳукумати берадиган 5,5 млн (!) доллар сарфланади.

Қарорда, шунингдек, марказда таҳсил олиш муддати 1 йилдан ортмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.

Йилт-янги бино

Ҳукумат қарорида айтилишича, Марказнинг иморатини қуриш учун Самарқанд шаҳрида 1,6 гектар ер майдони ажратилган. Бу майдонда 240 ўқувчига мўлжалланган ўқув корпуси ҳамда 60 ўқувчига мўлжалланган ётоқхона қурилади.

Марказ буюртмачиси - Корея Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги идорасига Вазирлар Маҳкамаси қарори билан қатор имтиёзлар берилган: солиқлардан озод қилинган, ҳатто Марказ қурилиши учун олиб келинадиган юкларни темир йўл станцияларида юклаш-тушириш ишларига ҳақ олмаслик белгилаб қўйилган.

Марказда кимлар ўқийди?

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимларидан бири саволга жавоб берар экан, жумладан бундай деди:

- Вазирлар Маҳкамасининг 122- қароридан хабарим бор. Марказни ташкил қилиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Энди ким ўқийди, деган саволга келсак, масалан, ўқимаганлар бор. Катталар бор ёки масалан, коллеждаги ўқишини ташлаб кетганлар бўлиши мумкин. Ўшалар ўқийди, деди бошқарма вакили.

Ҳукумат қарорида Марказда ишсизлар ва вақтинча банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, профессионал коллежлар ва академик лицейларни битириб, доимий иш жойи бўлмаган шахслар бепул ўқияжаги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Корея ажратаётган 5,5 млн долларга қуриладиган мазкур ўқув марказида қисқа муддатли пуллик курслар ҳам ташкил этилажаги, лекин пул тўлаб ўқийдиганлар миқдори қабул қилинадиган ўқувчилар умумий сонининг (240 ўқувчи) 15 фоизидан ортмаслиги ҳукумат қарорида белгилаб қўйилган.

Марказда ўқиган ким бўлади?

Марказда ўқийдиганлар қуйидаги йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича таҳсил олади:

автомобиллар таъмири ва уларга техник хизмат кўрсатиш (чилангар, моторист, автомобилларга ташҳис қўйувчи мутахассис);

пайвандлаш иши ва чилангарлик (пайвандловчилар, чилангарлар ва металлни қайта ишловчи мутахассислар);

электр ва электроника (электрон ва маиший ускуналарни, радио ва телеаппаратурани созловчи усталар);

информацион технологиялар (ҳисоблаш машиналари операторлари, компьютер ва шу каби ускунларга хизмат кўрсатувчи ва тъмирловчи усталар).

Қарорда гап кўп

Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд шаҳрида Корея Республикаси ҳукумати грантини жалб этиш билан касб-ҳунар таълим маркази ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида бошқа қизиқ гаплар кўпки, ҳужжат билан мана бу ишора орқали танишишингиз мумкин.

Эшагидан тўқими қиммат?

Ўзбекистонда қарийб 1400 та касб-ҳунар коллежи мавжуд (2012-13 ўқув йилида “1390 тадан зиёд”, деб хабар қилган эди ЎзА ахборот агентлиги)

2014-15 ўқув йилида Ўзбекистондаги ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртларига 501 234 ўқувчи қабул қилиш режалаштирилган, шу жумладан33 189 ўқувчини академик лицейларга, 468 045 ўқувчини касб-ҳунар коллежларига қабул қилиш режалаштирилган эди.

Ўзбекистонда коллежларга қабул қилиш жараёни ва ўқувчилар давомати Бош прокуратура назорати остида эканлигидан келиб чиқилса, режага оғишмай амал қилинганини, демак, ярим миллион ўғил-қиз бу йил лицей ва коллежларнинг биринчи синфида ўқиганини тушуниш мумкин.

Самарқандда ташкил этилаётган Касб-ҳунар марказида бир йилда ҳаммаси бўлиб 240 ўқувчи таълим оладики, бу рақам мавжуд коллежларга ҳар йили қабул қилинадиган контингентнинг0, 05 фоизини ташкил қилади холос ва бу иш учун корейсларнинг 5,5 миллион долларини сарфламоқчилар.

Шу қадар қимматга тушадиган Марказ битирувчиларига иш ўринлари кафолатлангандир?

Бу саволга Вазирлар Маҳкамаси қарорида жавоб йўқ. Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходими ҳам на бу саволга, на мавжуд коллежлар битирувчилари иш билан қандай таъминланаётгани тўғрисида бир нарса дея олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG