Линклар

BahsOnline: Ким зулмга хизмат қилмоқда - мазҳаблими, мазҳабсизми?


Фатҳ жомеъ масжиди, Тошкент вилояти.

Фатҳ жомеъ масжиди, Тошкент вилояти.

Озодликка мурожаат қилаётган ўзбекистонлик мусулмонлар бот-бот мазҳаб масаласини тилга олмоқдалар. Бунда бир томон мусулмонга мазҳаб керак эмас, у динни бидъатга тўлдирмоқда деса, иккинчи томон мазҳаб керак ва мусулмон бир мазҳабга эргашиши шарт, деган фикр илгари сурилмоқда. Муҳими, ҳар икки томон қарши тарафни хатолари билан билиб-билмай зулмга хизмат қилаётганликда айбламоқда. BahsOnline эшиттиришининг навбатдаги сонида шу мавзуда баҳс бўлади.

Сўнгги пайтларда Озодликда йиғилган мурожаатларда Суннийлик йўналишида қабул қилинган тўрт мазҳаб - ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақидаги баҳсли фикрлар кўп тилга олинмоқда.

Баҳсларда ҳар бири Қуръон ва ҳадисни бирламчи, деб билган, аммо ундан кейинги манбалар - саҳобалар ва уларга эргашган тобеинлар ҳаёти ҳамда улардан қолган илм, ижтиҳод, ижмо, қиёс ва ҳоказо, кўплаб усулларни қўллашда бир-биридан фарқ қиладиган мазҳабларни керак дегувчи ва инкор қилувчи гуруҳлар шаклланмоқда.

Муҳими, баҳслашувчилар орасида мазҳабсизлар ва мазҳабчиларнинг бир-бирини Ислом ва мусулмонларга зарар келтириш, хусусан, Ўзбекистондаги бугунги шароитда режимнинг манфаатига хизмат қилишда айблаши кузатилмоқда.

Яъни, мазҳаб тарафдорлари мазҳабдан воз кечганлар ўз ҳаракати билан диндорларни мутаассибликка бошламоқда, радикал ғояларга эргаштирмоқда, бунга қарши ҳукуматлар қўллашга мажбур қолаётган эҳтиёт чораларидан мутаассибларга қўшилиб, мўътадил мусулмонлар ҳам азият чекишига сабаб бўлмоқда, деган фикрда.

Мазҳабни инкор қилаётганлар эса қарши тарафни мазҳабпарастликда айблаб, бу ҳаракати билан улар Ислом дини асосларидан мусулмонларни узоқлаштирмоқда, натижада уларни зулмга рози бўлишга ундаш орқали золим режимларга хизмат қилмоқда, деган хулосада.

Шу кунга қадар Озодлик сайти шарҳловчилари ва ижтимоий тармоқлардаги фаол диндорлар орасида кузатилган баҳс Ўзбекистонда етакчи дин пешвоси, мужтаҳид уламо шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафотидан сўнг сиёсий ўзанга бурилиб кетди.

Баҳсларда Ўзбекистондаги бугунги вазият - диний чекловлар, қама-қамалар, рўмол ва ибодатга тўсқинликлар тилга олинар экан, томонларнинг бир-бирини бу муаммоларга кўз юмиш ёки бу вазиятдан сиёсий мақсадларда фойдланишда айблаши ҳам кўзга ташланди.

Натижада, Озодлик кундалик равишда ёритиб борилаётган ва айни пайтда ўзбекистонлик фаол ҳамда илмли диндорларни бирдай қизиқтириб турган айни мавзуда баҳслашувчи томонларни мулоқотга чақиришига қарор қилди.

Бу галги баҳсда мусулмонларга мазҳаб шарт эмас, деб ҳисоблаган муҳожиратдаги ўзбекистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Обутов билан мусулмонга мазҳаб керак ва бир мазҳабнинг йўлини танлаш лозим, деб ҳисобловчи ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи Муҳаммад Нур баҳслашади.

Табиийки, бу мавзуга қизиққан бошқа тингловчилар ҳам баҳсда иштирок этиши мумкин.

BahsOnline эшиттиришининг навбатдаги сони чоршанба, 27 май куни, Тошкент вақти билан соат 19:05 да бошланади.

Иштирок этишни истаганлар, марҳамат, OzodlikOnline, Ozodovoz ва Ozodskype скайп манзиллари орқали бизга боғланинг!

Телефон: + 420 608 549 460, + 420 775 150 584

Электрон почта манзили: isakovab@rferl.org, ashurovs@rferl.org

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG