Линклар

Обама Москва Украина масаласи бўйича тобора тажовузкорроқ бўлиб бораётганини урғулади


АҚШ президенти Барак Обама НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан, Вашингтон, 2015 йил 26 майи.

АҚШ президенти Барак Обама НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан, Вашингтон, 2015 йил 26 майи.

АҚШ президенти Барак Обама Россия Украина масаласи бўйича тобора тажовузкорроқ позицияни эгаллаб бораётганини билдирди.

France-Presse агентлигининг хабар қилишича, Обама бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан сешанба кунги учрашуви чоғида айтди.

АҚШ президенти Россияни Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклашни бас қилиш ҳамда бу ҳудуддан ўз кучларини олиб чиқиб кетишга чақирди.

“Биз Минск келишуви бажарилиши муҳимлигини яна бир бор таъкидладик. Биз Украина, бошқа ҳар қандай давлат каби, ўз ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сақлаб қолишга қодир бўлишига амин бўлишимиз лозим. Биз НАТО ва Украина ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларидан фойдаланган ҳолда, Киевни қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, деди Барак Обама.

2014 йил мартида Қрим яримороли Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин Москва билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашиб кетди ва ҳозир совуқ уруш тугаганидан бери энг паст даражага тушди.

Ғарб етакчилари ва Украина расмийлари Россияни Донбассда жанг қилаётган айирмачиларни дастаклашда, уларни ҳарбий техника билан таъминлаётганликда ва ўз ҳарбийларини Украинага йўллаганликда айблаб келади. Москва эса бу айбловларни рад қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG