Линклар

Россия қирғин қилган қирғизларни хотирлаш ҳақидаги Фармон имзоланди


Қирғизистоннинг Ак Шийрак қишлоғида 1916 йилда қатлиом қилинганлар дафн қилинган умумий қабр тепасига 2014 йилда ўрнатилган ёдгорлик.

Қирғизистоннинг Ак Шийрак қишлоғида 1916 йилда қатлиом қилинганлар дафн қилинган умумий қабр тепасига 2014 йилда ўрнатилган ёдгорлик.

Қирғизистон президенти 27 май куни Россия томонидан 1916 йилда қирғизларнинг оммавий қатлиом қилинганининг 100 йиллигини хотирлаш ва нишонлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қирғиз тарихчиларининг бир қисми ва фуқаролик жамиятининг айрим вакиллари 1916 йил воқеаларини геноцид деб тан олишини ва Россия бу қирғин учун товон пули тўлашини талаб қилиб келади.

Президент фармонида 1916 йилда қирғизларнинг 40 фоизи қирғин бўлгани айтилган

Қирғизистон президентининг 27 май куни имзоланган Фармонида 1916 йил воқеалари исён сифатида баҳоланади. Фармонда қайд этилишича, мазкур исён бостирилиши оқибатида, қирғиз аҳолисининг 40 фоизи қирилиб кетган.

Фармонда ”...узоқ вақт давомида 1916 йил воқеаларини эсга олмаслик каби нотўғри сиёсат юритиб келинди. Икки ўн йилликдан бери фуқаролик жамиятининг муайян ташаббуслари давлат органлари қарорларида ўзининг давомийлигини топамади. Натижада 1916 йил воқеаларини объектив тарихий баҳолаш, қочқинларнинг тоғ довонларидаги жасадларини қайта дафн қилиш ҳамда ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш масалалари ҳал этилмай қолаётир”, деб айтилади.

Фармонга асосан 1916 йилда рус аскарлари томонидан қатлиом қилиниб, умумий қабрларга кўмиб ташланганлар жасадларини қайта дафн этиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, 1916 йил воқеалари юзасидан илмий изланишларни ўтказиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилган.

Россия “тарихий адолатни тиклаш” уринишини тўхтатишни тавсия қилган

1916 йилги қирғин масаласи бундан бир неча йил аввал кўтирилган эди. 2008 йилда қирғиз парламенти август ойининг биринчи якшанбасини қирғин қурбонларини хотирлаш куни сифатида эълон қилган. Парламентнинг бу қарори Москва расмийлари норозилигига сабаб бўлган эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда 1916 йилдаги қатағон воқеасини кенг жамоатчиликка ошкор этиш ҳаракати Россия ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий-иқтисодий муносабатларга жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилган. Шу муносабат билан Россия ТИВ қирғиз тарафига қирғин мавзусига катта эътибор қаратмасликни ва “тарихий адолатни тиклаш” уринишларини тўхтатишни тавсия этган эди.

Марат Казакбаев: Москвадан қўрқиш керак эмас

Орадан етти йил ўтгач, бу масаланинг қайта кўтарилиши Қирғизистон Кремль етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган бир даврга тўғри келмоқда. Шундан келиб чиқиб, айрим сиёсатчилар 1916 йил воқеаларининг қайта ёдга олинаётгани Москва билан алоқаларнинг ёмонлашувига олиб келмайди, деб ҳисобламоқдалар.

-Ҳозир Арманистон Туркия тарафидан 1915 йилда арманлар геноцид қилингани масаласини кўтармоқда. Россия Арманистонни бу масалада қўллаб-қувватлади. Туркия бунинг учун президент Путинга норозилик билдирган бўлса-да, Россия –Туркия иқтисодий алоқаларига бу деярли таъсир кўрсатгани йўқ. Шунинг учун Москвадан қўрқиш керак эмас. 1916 йилги воқеалар қирғизлар учун миллий фожеа бўлган, - деди сиёсатшунос Марат Казакбаев.

Қирғизистондаги ўндан ортиқ нодавлат ташкилотлари ва сиёсий ҳаракатлар 2013 йилдан бери Қирғизистон парламенти ҳамда ҳукуматидан 1916 йил воқеаларини геноцид деб баҳолашни талаб қилиб келмоқда. Қирғизистонлик кўплаб тарихчилар ҳам 1916 йил воқеаларини геноцид сифатида баҳолайдилар:

-Бу воқеага сиёсатчилар ўзича, тарихчилар ўзича баҳо бермоқда. Бироқ биз учун бу воқеа катта фожеа ва геноцид бўлган, -деди тарихчи Сонун Жунусбаев.

Қирғиз тарихчилари 1916 йилдаги исёнда 200 минг қирғиз қирғин қилинган, деб ҳисоблайдилар.

Ўзбекистонда тарихчилар 1916 йил воқеаларини эсламаяпти

1916 йилда Марказий Осиёдаги халқлар Чор Россиясининг мардикор олиш сиёсатига қарши исён кўтарган эди. 1916 йил 25 июнда подшо Николай Иккинчи имзолаган Туркистоннинг рус бўлмаган миллатларидан мардикор олиш тўғрисидаги Фармонга қарши исён ўша йилнинг 4 июлида Хўжандда бошланган. Унда ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар иштирок этган эди. Мазкур фармонга қарши энг кўп исёнлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтгани тарихий ҳужжатларда қайд этилган.

Ҳужжатларга таянадиган бўлсак, 1916 йилнинг июлида Самарқандда 25 та, Сирдарёда 20 та, Фарғона водийсида 86 та қўзғолон кўтарилган. Барча исёнлар Россия қўшинлари томонидан аёвсиз бостирилган.

Ўзбекистонлик тарихчи олим¸ профессор Гога Ҳидоятов 1916 йил воқеаларини бугунги кунда ўзбек тарихчилари томонидан ўрганишга қизқиш билдирмаётганини айтди:

-1916 йилги қўзғолон ваҳшийлик билан бостирилган эди. Қўзғолоннинг асосий ўчоғи Андижон ва Самарқанд бўлган. Бу ўзбек халқининг исёни эди. Ҳозирги кунда ҳеч ким бу муаммо билан шуғулланмаяпти, на китоблар бор, на илмий-тадқиқот. Совет даврида бу воқеа устида ишлайдиган муаллифлар бор эди. Кейин бирдан йўқ бўлиб қолишди, - деди Гога Ҳидоятов.

1916 йил воқеасида Туркистонда қанча одам қатлиом қилингани ҳозиргача аниқ эмас.

Тарихчилар бу воқеа пайтида бир неча ўн мингдан бир неча юз минггача бўлган туркистонлик ва 3-4 минг атрофидаги рус деҳқонлари қирғин қилинганини айтиб келадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG