Линклар

logo-print

"Футболнинг сотилиши" фильми муаллифи FIFAдаги коррупция ҳақида айтиб берди


Халқаро Футбол Федерацияси (FIFA) 29 май куни ўз президентини сайлайди. Сайлов муддати яқинлашар экан, ташкилот етакчилигида илдиз отган коррупция ҳақидаги иддаолар кўпайиб бормоқда. Ўтган ҳафтада президентликка ўз номзодини қўйганларнинг бири жорий Президент Зепп Блаттер асос солган “диктаторлик” сабаб сайловда иштирок этишдан бош тортишини эълон қилди.

Озодлик радиоси мухбири Клер Бигг германиялик спорт мухбири Роберт Кемпе билан суҳбатлашди. Кемпе Блаттер етакчилигида FIFAда тарқалгани иддао қилинаётган коррупция ҳақидаги ҳужжатли фильмнинг муаллифларидан биридир.

Озодлик: Сизнинг “Футболнинг сотилиши” деб номланувчи ҳужжатли фильмингиз FIFAни коррупциялашганликда ва порахўрликда, хусусан, 2018 ва 2022 йилги Жаҳон чемпионатларига мезбон мамлакатларни танлашда порахўрлик қилишда айблайди. Чемпионатларга мезбонлик қилиш ҳуқуқи Россия ва Қатарга “сотилди”, деган бўлармидингиз?

Роберт Кемпе: Бу мавзуни ўрганар экансиз, ҳамма топган маълумотингиз Россия ва Қатарнинг таклифи ҳал қилувчи ролни ўйнамаганини кўрсатади. Ҳатто FIFAнинг баҳолаш қўмитаси раиси 2018 ва 2022 учун Россия ҳамда Қатар таклифи жуда суст бўлганини тан олади. Бу дегани Россия ва Қатарни танлаш учун ҳеч қандай холис сабаб бўлмаган, чунки уларнинг номзодлиги энг хавфли ўлароқ кўрилган. Шундай экан, кўндириш учун бошқа элементлардан фойдаланилган.Суриштира бошласангиз – ҳужжатли фильмни олишда биз айнан шундай қилдик – Қатар пул тўлаганини кўрсатувчи белги ва маълумотлар чиқа бошлайди, бу ишга алоқаси бор FIFA расмийлари буни рад этишига қарамасдан.

Озодлик: Ҳужжатли фильмда FIFA кенгашининг уч аъзоси овоз бериш учун Қатардан 1,5 миллион доллардан пора олгани иддао қилинади. Камида яна бир аъзо ўз овозини Россияга сотганликда гумон қилинади. Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати билан боғлиқ бизга маълум бўлмаган бошқа порахўрлик ҳолатлари ҳам юз берган, деб ўйлайсизми?

Кемпе: Ҳа, албатта. Менимча бу айсбергнинг учи холос… Россия ҳақида гапирадиган бўлсак, Лефкаритис иши ҳақида биламиз. (Кипрлик FIFA Ижро қўмитаси аъзоси Мариос Лефкаритиснинг 2018 ва 2022 йиллардаги чемпионатларга мезбон бўладиган мамлакатлар учун берган овозлари текширилган эди.) Лефкаритис буларнинг берган овозига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини иддао қилади, аммо биз яна манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ коррупцияга дуч келиб турибмиз. Бироқ Россияда FIFA расмийлари қўл урган порахўрлик ҳамда уларга кўрсатилган босимни текшириш Қатарга солиштирганда анча мушкул. Биз билмаган нарса жуда кўп, деб ўйлайман. Ҳамма нарсадан хабардор эмаслигимиз аниқ.

Озодлик: Нима учун Россияда коррупцияни текшириш Қатардан кўра қийинроқ?

Кемпе: Биринчидан, Россияда журналист бўлиб ишлаш жуда қийин. Маълумот олиш, Россия номзодини илгари суришда иштирок этганлар билан суҳбатлашиш анча мушкул. Маълумот сиздирувчи одамлар, нима бўлганини айтиб берадиган одамлар бўлади, бизга жиноят белгиларини кўрсата оладиган, қайси йўлдан боришни кўрсата оладиганлар бўлади. Аммо Россияда шу кунгача бундай одамларни топиш муаммо бўлиб келмоқда.

Озодлик: FIFA 29 май куни ўз президентини сайлайди. Нима учун ҳозирги президент Зепп Блаттер қайта сайланади, деб ишонасиз?

Кемпе: Зепп Блаттер 40 йилдан бери FIFAда. 17 йилдан бери FIFA президенти. Кейинги йилларда FIFAга катта таъсир кўрсатиб келади. Блаттер FIFA ривожланиш дастурини кичик мамлакатларга, масалан, Кариб денгизидаги мамлакатларга йилига 250 минг доллар бериладиган қилиб ўзгартирган. Бу мамлакатлар уларга бериладиган пулдан жуда мамнун. Бундан ташқари, улар қўшимча "ривожланиш ёрдами"ни ҳам олади. Блаттер бу мамнунликдан қандай фойдаланишни яхши билади. Масалан, Кариб денгизидаги 5 минг аҳолиси бор Монсеррат ороли аҳолиси ўнлаб, юзлаб миллионлик Россия, Германия, ёки Британияларнинг футбол федерацияларидек овозга эга. Карибдаги бу оролни FIFA обрўси ёки коррупция айбловлари қизиқтирмайди. У ердаги одамлар пул келиб турса бас, деб умид қилади. Бу тизим қанча турса, Зепп Блаттер ўшанча ўз амалида қолади. Албатта, Кариб мамлакатларидан бошқалар ҳам бор. Блаттер европаликлардан ҳам бир неча овоз олади. Африка футболи конфедерацияси бошлиғи Исса Ҳаяту аллақачон Блаттерга 54 овоз ваъда қилди. Блаттерга ваъда қилинган овозлар сонини қўшиб чиқсангиз, унда аллақачон барча овозларнинг ярми борлигини кўрасиз. FIFAда ҳали-бери ўзгаришлар рўй бермайди.

Озодлик: Блаттернинг қайта сайланиши сизнингча FIFA ва умуман халқаро футбол келажагига қандай таъсир қилади?

Кемпе: Очиқлик масаласида ҳеч нима ўзгармайди. Блаттернинг қайта сайланиши 2018 ва 2022 йилги чемпионатларга мезбонлар қандай сайланганини кўпроқ ўрганишимизга имкон яратмайди. Блаттер етакчилигида FIFAда ҳеч қанақа ўзгариш ҳам, ислоҳот ҳам бўлмайди. У ҳозирги вазиятни сақлаб қолади. Аниғи шуки, FIFAни тубдан тозалаш бошланмайди.

Озодлик: FIFA фильмингиз қўйган айбловларни қатъиян рад этди ва ҳатто сизни ва ҳамкасбларингизни ёлғончига чиқарди. Бундай ғазабнок жавоб бўлади, деб кутганмидингиз?

Кемпе: Ҳа. FIFA ўзини ҳимоя қилади ва баъзан ҳатто дарғазаб жавоб қайтаради. Австралиянинг 2022 йилги чемпионатга номзодлигига етакчилик қилган, маълумот сиздирган Бонита Мерсиадес мисолида буни кўрдик. Улар телевидениеда Мерсиадесни лой билан қориштиришди. Шундай экан, FIFAнинг жавобидан ҳайратланмасак бўлади.

Озодлик: Россия номзодлигига суст ва коррупция аломатлари бор, деб баҳо берасиз. Россия 2018 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишга лойиқ эмас, деб ўйлайсизми?

Кемпе: Мен ундай деяётганим йўқ. Россия ажойиб футбол давлати, у ерда футбол ишқибозлари, футболни севувчилар жуда кўп. Россия Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишга жуда лойиқ. Аммо FIFAнинг мезбонлик ҳуқуқини бериш тизимида овоз берувчиларга таъсир ўтказилади, овоз учун курашилади. Россия бўлса бунда иштирок этди. Яъни, ўйинда қатнашди.

Озодлик: Россияда қабул қилинган “FIFA қонуни” деб аталувчи қонун танқид қилинмоқда, сабаби у мамлакатда стадион ва бошқа иншоотлар қурилишларида иштирок этаётган ишчилар ҳуқуқларини чеклайди. Қонун айнан қандай чекловларни жорий қилди?

Кемпе: Қонуннинг мақсади 2018 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарликни ҳамда унинг ўтказлишини бошқаришдир. Қонун ишчиларнинг меҳнат таътили, қўшимча иш ҳақи, дам олиш кунларида ишлаш билан боғлиқ ҳуқуқларини озайтиради. Касаба уюшмалари бу шартларни ҳатто қуллик билан тенглаштириб, қонун бекор қилинишини талаб қилмоқда. Россия бу қонунни FIFAга берган ваъдаси устидан чиқиш учун қабул қилди. Россия спорт вазири Виталий Мутко фильмимизда буни тасдиқлайди. FIFA бўлса Россияни бу қонун учун мақтади.

Озодлик: Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишни истайдиган ҳар бир мамлакат ишчилар ҳуқуқларини назорат қилувчи қонунларни ўзгартириши шартми ёки Россия бундан истисноми?

Кемпе: Номзод мамлакатлар FIFAга давлат кафолатларини бериши керак. FIFA номзод мамлакатлардан бир неча шартларни, жумладан, ишчилар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни талаб қилади. Айрим мамлакатлар бунга жавобан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади, бошқалари яна бошқа йўлларни топади. Россия ҳар томонлама чеклов қўювчи қонунни қабул қилишга қарор қилди.

Озодлик: Мақсад келажакдаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган иншоотлар қурилишини тезлатишми?

Кемпе: Мақсад Жаҳон чемпионатига тайёргарликни ва унинг ўтказилишини назорат қилиш ҳамда мезбон мамлакатларга борадиган жуда кўп муҳожир муаммосиз ишлашини таъминлашдир. Яна бир мақсад барча стадионлар чемпионатгача тайёр бўлишини ҳамда маҳаллий қонунлар чемпионатга таҳдид солмаслигини таъминлашдир. Аммо Россияда бунинг қўшимча таъсири ўлароқ чемпионат иншоотлари қурилишларида меҳнат қилаётган ишчиларнинг ҳуқуқлари ёппасига чекланмоқда ва бекор қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG