Линклар

Академик Асқаров ўз китобида ўзбекларнинг туркий эмаслигини исботлашга уринди


Академик Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида яқинда нашр этилган “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китоби ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Китобдаги “ўзбеклар этногенези туркий бўлмаган қавмлардан ташкил топгани” ҳақидаги тезис бу соҳани чуқур ўрганган олимларнинг алоҳида эътирозини уйғотди.

Профессор Гога Ҳидоятов Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобини “тарихни безбетларча сохталаштириш” деб атади.

Унга кўра¸ Марказий Осиëдаги бошқа халқлар каби “ўзбеклар туркий илдизга эга бўлган миллатдир”.

“Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобига муҳаррирлик қилган тарихчи олим Ғайбулла Бобоëровнинг Озодликка айтишича¸ “670 бет ҳажмли ушбу китоб ўзбекларнинг ижтимоий-иқтисодий ва этномаданий ривожланиш, этносиёсий ривожланиш, Темурийлар давридаги этник жараёнлар ва ўзбек тилининг шаклланиши” тадқиқотига бағишланган.

Монографияда ўзбек халқи ҳозирда яшаб келаётган ҳудуд билан қадим замонлардан бевосита боғлиқ туб ерлик халқ эканлиги, унинг этник таркибини прототурклар билан биргаликда асосан, ерли суғдий, хоразмий, боҳтарий ва саклар ташкил этгани ва узоқ асрлар давомида уларнинг бир-бирлари билан аралашиб яшаши натижасида янги миллат – ўзбекларнинг пайдо бўлиши ҳақида иддаоли маълумотлар бор.

Муаллиф ўзбек халқининг келиб чиқиши ҳақидаги ўз қарашларини бронза ва темир даврига оид топилдиқ ва замонаавий Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқларга тегишли осори атиқалар, маданий топилмалар кўмагида исботлашга уринган.

Профессор¸ тарих фанлари доктори Гога Ҳидоятовнинг айтишича¸ Аҳмадали Асқаров “Ўзбеклар туркий илдизга эга эмас" деган ғайри-илмий ғояни 1994 йилда илк бор билдирган эди:

- Ҳозир 1994 йил эмас¸ бунақа китоб учун коньюнктура ҳам, ижтимоий буюртма йўқ хозир. Лекин 1994 йили “Ўзбекистон овози” газетасининг 20 январь сонида босилган “Ўзбек халқининг келиб чиқиши тарихи” мақоласининг икки муаллифидан бири Аҳмадали Асқаров эди. (иккинчиси - марҳум Бўрибой Аҳмедов -таҳр.) Мақолада Марказий Осиë халқлари: ўзбеклар, қозоқлар,туркманлар асло турклар эмас, деган ғайриилмий ва мантиқсиз ҳулоса бор эди. Афсус бу сохта иддао энди китоб тарзига кўчибди. Совет турколог олимлари ҳам аниқ-тиниқ қилиб ўзбекларнинг туркий эканлигини айтган эдику?! дейди суҳбатдош 1994 йилги мақолани эслаб.

Таниқли ўзбек шоири ва мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳ 1994 йили Ўзбекистон ва Туркия ўртасига совуқлик тушган пайтда Ўзбекистон президенти "Ўзбекларнинг туркий халқ вакили эмас балки оригинал миллат экани ҳақида " телевизорга чиқиб гапирганини эслайди:

- Ислом Каримов ўшанда нафақат тор доирада балки телевизор орқали ҳам ўзбеклар туркий эмас, деган ғояни турли тарзда ўртага қўйди. Ана шундан кейин “Ўзбек халқининг келиб чиқиши тарихи” деган лаганбардорлик руҳида ёзилган бир мақола эълон қилинди. Муҳаққақ Ўзбекистон раҳбарияти кўрсатмаси билан ёзилган бу мақола муаллифлари “оғалар, қўрқманг, Туркистон халқлари ҳеч қачон бирлашмайди, биз ўзбеклармиз, қозоқлармиз, туркманлармиз ва асло турклар эмасмиз”, дея илтижо қиладилар¸ дейди суҳбатдош.

Каримовнинг чиқиши ва ундан кейин пайдо бўлган мақола чоп этилганидан 10 йил ўтиб - 2004 йили Озодлик билан суҳбатлашган тарихчи олим Абдуқодир Зоҳидий Каримов яратган "ижтимоий буюртма"- дан кейин дарсликлар ҳам таҳрир қилинганини айтган эди:

“Етакчи ҳисобланадиган тарихчиларимиз яратган ўзбек халқи миллий давлатчилиги концепцияси марҳум академик Бобожон Ғофуровнинг “Тожикон” китобидаги концепциянинг айнан такроридир. Яъни ўзбеклар туркий халқ эмас, эрон тилли халқ, деган концепция дарсликларга зимдан сингдирилган. Концепцияда эрон тилли ўзбеклар, дейилмайди, лекин унинг мағзидан ўзбеклар туркий эмас, эрон тилли экани англашилади”, деган эди А.Зоҳидий.

Озодлик билан бугун суҳбатлашган Гога Ҳидоятовга кўра¸ академик Асқаровнинг китобида илгари сурилган иддаоларга ва умуман бу китобга тарихчилар ўз муносабатини билдиришлари зарур.

Ўзбекистонлик тарихчи Шуҳрат Барлос Озодлик билан суҳбатда бу китобга салбий мунсабат билдирди:

- Муаллиф ўзбек этносининг туркийлигини шубҳа остига олган. Ўзбекнинг этногенези асоси туркийликдир. Асқаров генезис масаласини нотўғри талқин қилмоқда. Аҳмадали Асқаров бу китобда ўзбеклар четдан келиб форсларнинг маданиятини олган, деган концепцияни қоғозга ўраб бераяпти. Ўзбеклар генетик томондан чатишган ва туркий унсури кам деган концепцияни муаллиф ўз китобида қоғозга ўраган ҳолда ўртага ташлаган.

Тарихчи Шуҳрат Барлоснинг айтишича¸ асл касби археолог бўлган Асқаров ўз соҳаси бўлмаган генезис масаласига ноилмий ëндошиб чалкаш иддаони илгари сурган:

- Фақат археологик тадқиқотлар билангина миллат ёки тил аниқланмайди. Турклик бу антропологик ёки этнопсихологик бир унсур эмас.Турклик бу ғоявий унсурдир. Муаллиф археология билан миллий унсурни ва миллий генезисни юзага чиққанини аниқламоқчи. Бу эса нотўғри. Асқаров форсийзабон Скиф, Сак ва Массагет қавмлари ичида эдик, демоқчи. Муаллиф 2-3 минг йил олдинги Скиф¸ Сак ва Массагет қавмлари билан гаплашиб кўрибдими ёки уларнинг тилига оид бир ёзув топилибдими? дея савол қўяди тарихчи.

Профессор Гога Ҳидоятов турколог олимлар ҳамда инглиз манбалари асосида ëзган “Турк цивилизацияси” китобида ўзбекларнинг туркий илдизларини аниқ фактлар билан ëзганлигини таъкидлайди:

- Тарих бу илм¸ албатта Аҳмадали Асқаров бир инсон сифатида, бир фуқаро ўлароқ ўз фикрини изҳор қилиши мумкин, аммо бу фикр битта одамнинг ноилмий шахсий фикри бўлиб қолаверади. Аҳмадали Асқаров китобининг тарих илмига ва тарихий ҳақиқатга алоқаси йўқ¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти олимлари Аҳмадали Асқаровнинг китоби ҳақида Озодликка изоҳ бермади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG