Линклар

ИД жангариси худкуш ҳужум амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритиши учун таниш-билиши бўлиши керакми? Ҳар ҳолда "Исломий Давлат" жангариларидан бирининг иддаосича, Ироқдаги саудиялик жангарилар интиҳорий ҳужумларни амалга оширишда устунликни ўз яқинларига бермоқда.

“Исломий Давлат” (ИД) гуруҳида барча жангарилар баравар.

Аммо, ИДга хайрихоҳ доғистонлик даъватчига кўра, баъзи жангарилар бошқаларига нисбатан "бараварроқдир".

Комил Абу Султон Доғистонийнинг эътироз билдиришича, Ироқдаги саудиялик жангарилар интиҳорий амалиётларда устунликни ўз дўстлари ва қариндошларига бераётгани туфайли чечен жангчилари ўзларини портлатиб юбориш имконидан бебаҳра қолмоқда.

Натижада, жангарилар Сурияда худкушлик ҳужумини содир этувчилар рўйхатида ойлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқда.

“Давладаги коррупция” деб номланган Абу Султон шикояти Qonah деб номланган янги веб саҳифасига қўйилган.

Германиядаги интернет провайдерда рўйхатга олинган ушбу веб сайт, афтидан, ИДнинг Ярмуқ катибаси қўмондони бўлган чечен жангчиси Аҳмед Чатаев (Аҳмед ал-Шишаний) гуруҳига алоқадор.

Абу Султон “истишҳод амали” ("шаҳидлик амали") муаммоси ҳақида Чатаевдан эшитганини ёзади.

Унга кўра, Суриядаги худкуш бомбачилар рўйхати шунчалар узунки, баъзи ҳолларда худкушлик амалиётида навбат етгунга қадар жангчилар жанг майдонида ҳалок бўлади.

Суриялик худкуш ҳужумчилар навбатининг узунлиги баъзи жангариларни навбат озроқ бўлган Ироққа йўл олишга мажбурлаган.

"Амир Аҳмед ал-Шишаний менга иштиҳодия амали учун Ироққа борган ёш йигит ҳақида сўзлаб берди. Йигит Шомда (Сурияда) навбат жуда узун бўлгани учун (бир неча мингга етади) Ироққа йўл олган," деб ёзган Абу Султон.

Аммо ёш худкуш ҳужумчи Ироққа борган пайти, у ерда ҳам ўзини портлатиб юбора олмаслигини тушуниб етган.

Абу Султонга кўра, уч ой кутиб чарчаган йигит Сурияга қайтиб келишга мажбур бўлган.

Саудийча уруғ-аймоқчилик

Бўлажак худкуш бомба ҳужумчи Ироқда худкушлик амалига танланишнинг ягона йўли “блат” (русчадан “таниш-билишчилик”) воситасида бўлишидан шикоят қилган.

Ироқдаги саудиялик жангарилар уруғ-аймоқчилик қилиб, худкуш бомба ҳужумчилари рўйхатига ўз яқинларини жойлаштирар экан, деб айтган бу жангчи.

Абу Султоннинг ёзишича, жангари саудияликлар устидан шикоят қилиш учун Чатаевга учраган.

Бу жазровийлар (саудияликлар) ушбу мавзуни ўз қўлларига олиб олишган ва ҳеч кимни яқинлаштиришмайди, “по блату” ўз қариндошларини рўйхатсиз ўтказишяпти.” – деб шикоят қилган “дарғазаб” жангари Чатаевга.

Абу Султоннинг айтишича, бу масалада коррупцияни йўқ қилишнинг энг мақбул йўли - тўғри бориб бошлиққа шикоят қилиш.

"Мен буни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди, тўғри бориб, Халифга шикоят қилиш керак,” – дея фикр Абу Султон ИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийни назарда тутган ҳолда.

Абу Султон худкуш ҳужумчилар орасидаги коррупция масаласини тилга олмаган, бироқ яқинда у VKontakte ижтимоий тармоғида қолдирган хабарларидан бирида Бағдодий ёрдамчиларидан бирининг ўғли ҳамда Бағдодийнинг ўз иниси “шаҳид” бўлганини қайд этганди.

"Ҳеч нарсага қарамасдан, бизда шундай раҳбарлар бор экан, Аллоҳ бу Давлани (ИДни) шарманда қилишга йўл қўймайди," деб ёзади Абу Султон.

Кутувчилар рўйхати

ИДнинг бўлажак худкуш ҳужумчилари кутувчилар рўйхатига қўйилиши ҳақида илк бор 2014 йил июлида британиялик жангчи Кабир Аҳмед маълум қилганди.

Абу Самиъ ал-Британий тахаллуси билан ББС телевидениесининг “Панорама” кўрсатувида чиқиш қилган Аҳмед ҳам интиҳорий ҳужумчилар рўйхатига киритилганини айтганди.

Ўша пайтда Сурияда бўлган 32 ёшли Аҳмед худкуш бомба ҳужумчилари рўйхатида ўз номини “юқорироққа кўтаришга” интилаётганини билдирганди.

Бироқ, маълумотларга кўра, ўз орзусига етиш учун Аҳмедга Ироққа боришга тўғри келган: ноябрь ойида Аҳмед Баижида машинага ўрнатилган бомба билан ўзини портлатиб юборди.

Афтидан, Аҳмеднинг “шаҳидлик” йўлига саудиялик жангарилар тўғаноқ бўлмаган.

Австралиялик ўспирин жангари Жейк Биларди ҳам худкушлик амалини содир этиш учун март ойида Ироқнинг Рамади шаҳрига йўл олганди.

Аммо, худкушлик амали учун бор-йўғи 18 га тўлган йигитчага уч ой навбат кутишга тўғри келган.

Январь ойида Биларди 12 нафар интиҳорий ҳужумчилар рўйхатига киритилгани ҳақида айтганди.

ИД томонидан яқинда нашр этилган қўлланмада бўлажак худкуш ҳужумчилардан сабрли бўлиш талаб қилинади

Ўзини портлатишга лойиқ деб топилишдан олдин, улар оғир ҳарбий машқлардан ўтишлари керак бўлади.

Агар улар шаҳидлик амалиётини содир этмоқчи бўлсалар, кутувчилар рўйхатига қўйилади," – дея таъкидланади ИД нашр этган электрон қўлланма китобда.

Нега худкуш ҳужумчилар мартабаси улуғ?

Нега ИД жангарилари назарида “шаҳидлик амалиёти” ҳарб майдонида ўлишдан афзалроқ?

Алалоқибат, иккаласида ҳам жангари ИД зафари учун ўз жонини қурбон қилади-ку?!

Бунинг асосий сабаби – худкушлик ҳужумлари, айниқса портловчи моддалар юклатилган машина билан ўзини портлатиб юбориш, тактик устунликни таъминлашидадир.

Худкушлик амалини содир этган жангари душманга жанг майдонида ўлдирилган аскардан кўпроқ зиён-зарар етказади.

"Назаримда, тактик жиҳатдан олиб қараганда, худкуш бомба ҳужуми ўзининг рамзий ёки тарғибот қийматидан устунроқдир, шунинг учун ИД бундай ҳужумларни қадрлайди," дейди Эдинбург Университетидан Сурия масаларида эксперт Томас Пьеррет.

Худкушлик ҳужумлари ИДга - бир тонна ёки ундан ҳам кўпроқ миқдорда портловчи моддаларни ишлатган ҳолда - аниқ амалиётлар ўтказиш имконини беради.

Жоанна Парасчук қаламига мансуб мазкур мақола Озодлик ходимлари томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG