Линклар

Россия Украинадан Ўзбекистонга жўнатилган 20 тонна қуруқ сутни ушлаб қолди


Россия чегарасида тўхтатиб қолинган қуруқ сут кукуни

Россия чегарасида тўхтатиб қолинган қуруқ сут кукуни

Россиянинг Брянск ва Смоленск областлари Ветеринария ва фитосанитария назорати идораси Украинанинг Винница шаҳридан Ўзбекистонга олиб келинаётган Roshen фабрикаси маҳсулотларини ортга қайтарди. Россия назоратчилари ўзбек тадбиркорларига мўлжалланган 20 тонна қуруқ сут ва сариёғ расмийлаштирил- маганини гапирмоқда. Бу Ўзбекистонга Украинадан келаётган товарларнинг Россияга киритилмаётганига оид биринчи ҳолат эмас.

22 май куни 20 тонна юк “Троебортное” чегара пунктида тўхтатилиб, ортга қайтарилди. “Roshen Винница сут заводи” маҳсулоти бўлган қуруқ сут ва сариёғ ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан сотиб олингани маълум бўлди.

Брянск ва Смоленск вилоятлари бўйича Ветеринария ва фитосанитария назорати бошқармаси расмий вакиласи Светлана Земченкова, Украинадан Россияга ҳудудига кўплаб товар ва хом-ашёларнинг киритилмаётгани сабабларини бундай тушунтиришга уринди:

- Мен ишонтириб айтишим мумкинки, бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ. Ўзбек бизнесменлари қўлида маҳсулотларнинг қайтарилиши тўғрисида акт бор. Унда чегарани кесиб ўтишда йўл қўйилган хатоликлар аниқ-тиниқ бирма-бир кўрсатиб берилган. Ҳужжатлари жойида бўлган маҳсулотлар ҳеч қандай тўсиқсиз чегарамизни кесиб ўтяпти, деди Россельхознадзор вакиласи Светлана Земченкова.

Бундан бир неча кун олдин Озодлик Россельхознадзор бошқармасининг Брянск ва Смоленск областлари бўйича идораси Украинадан Ўзбекистонга жўнатилган 126 тонна ëғи олинган сут кукунини ветеринария ҳужжатлари нобоплиги баҳонаси билан орқага қайтариб юборгани тўғрисида хабар берган эди.

Украинадаги "Roshen" Винница сут заводи " ва "Житомир ёғ заводи" корхоналаридан Ўзбекистондаги буюртмачига жўнатилган икки катта партия сут кукуни куни-кеча "Брянск-Льговский" темир йўл пунктига келган ва бу ердан Ўзбекистонга кетиши лозим бўлган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Давлат Ветеринария хизмати томонидан шу турдаги маҳсулотни мамлакат ичкарисига олиб кириш учун белгиланган талаблар ҳам бузилган”¸ дейилади Россельхознадзор баëнотида.

Озодлик билан суҳбатлашган Россельхознадзор бош идораси расмийси Виктор Колотовский бу текширувлар Украинадаги нотинч вазиятда кучайтирилганини тан олди:

- Кеча Интернетда ўқиб қолдимки, гўё Россельхознадзор айнан Порошенкога қарашли ”Рошен” устидан назоратни кучайтирган. Аслида ундай эмас, “юқоридан” ҳеч ким бизга буйруқ ҳам бермаган. Шунчаки, Россия Ғарб давлатларига қарши жорий қилган жавоб санкциялар туфайли чегарада айнан озиқ-овқат маҳсулотларига эътибор кучайтирилди. Бунинг устига, Украинадаги вазият у ердан келаётган маҳсулотларга синчковлик билан муносабатда бўлишни талаб этмоқда, деди Виктор Колотовский.

Маълумки, “Roshen” компанияси номи Украина президенти Петр Порошенко фамилиясидаги ҳарфлардан ташкил топган (ПоРОШЕНко – таҳр.). Собиқ “шоколад қироли” Петр Порошенко Украинада бошланиб кетган қонли тўқнашувлар пайтида президент бўлгач, 2014 йилнинг охирларида амалда “Roshen” бошқарувидан четланганини айтган эди. У корпоратив ҳуқуқларини ҳозирда "Roshen" маҳсулот савдоси билан шуғулланувчи компанияга топширганини билдирган.

“Roshen” бугунга келиб дунёнинг 15 та энг йирик қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялари қаторидан ўрин олган.

Эслатиш жойизки, 20 май куни Россельхознадзор Украинанинг яна иккита пишлоқ ишлаб чиқарувчи компанияси – “Гадячсыр” ва “Лозово сут заводи” маҳсулотларини киритмаслик тўғрисида қарор чиқарган.

Ўтган йилнинг декабрида Беларус орқали Ўзбекистонга жўнатилаётган 1 минг тонна Литва сариёғи Россия чегарасига етмасдан ортга қайтарилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG