Линклар

Марғилон масжидларида электрон таблолар яна ёндирилди


Марғилондаги "Хонақоҳ" жоме масжиди пештоқи, дея Озодликка 25 май куни йўлланган сурат.

Марғилондаги "Хонақоҳ" жоме масжиди пештоқи, дея Озодликка 25 май куни йўлланган сурат.

Шаҳардаги жоме масжидлари пештоқида намоз вақти ва бу йил Ўзбекистонда "Кексаларни қадрлаш йили" эканини эслатиб турган электрон таблолар 27 май куни ёндирилди. Таблолар шу йилнинг 22-23 апрель кунлари ўчирилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди. Намозхонлар муаззинлари азон айтиб, намозга чақирмай қўйган масжидларда қавм пулига олинган таблоларга тегишмасин, демоқда.

Марғилон шаҳридаги йирик жоме масжидлари пештоқларига илинган электрон таблолар қарийб бир ойлик танаффусдан сўнг яна ёндирилгани ҳақида Озодликка бир неча манбадан мактуб келди.

Улардан бири, жумладан: "... сизларга мурожат килиб адашмабмиз таблолар ёнди румолга осилме куйишди вазият яхши томонга узгарди сизларга рахмат", деб ёзди. (Мактуб таҳрирсиз чоп этилмоқда - таҳр).

Озодлик мухбири боғланган марғилонлик намозхонлардан бири Зикриллахон 27 май куни шаҳардаги бир неча йирик масжида ёниқ турган электрон таблоларга кўзи тушганини айтди:

- Кечадан бошлаб қайтадан таблоларни илишди ва аввалигидай ишлаб турибди. Энди шаҳардаги масжид катта чорраҳани устида. Ҳамма у ёқдан-бу ёққа ўтиб турадиган жой. Ҳаммага намозни вақтини эслатиб туради, унча-мунча - шунинг учун ёнгани яхши бўлди, - дейди Зикриллахон.

Аммо, унинг қўшимча қилишича, аслида намозни канда қилмайдиганларга таблонинг жиддий зарурати йўқ. Лекин унинг сўзларидан бу масалада намозхонлар учун иккита принципиал жиҳат борлиги кўринади:

- Таблода намоз вақти ўтиб туради, кейин "Намозингиз қабул бўлсин!" деган ёзув чиқади-да, кейин "Юртимизда бу йил - Кексаларни қадрлаш йили" деган ёзув чиқиб, кексаларни қадрлаш ҳақида бир-иккита чиройли ёзувлар айланиб туради. Шу бори. Лекин бу таблолар намозхонларни пулига келган. Бунинг устига бомдоддан бошқа пайтда ташқарига азон айтилмайди. Шунинг учун қавм шу таблоларни ўрнатган эди, ўтган йили сентябрь ойида, - дейди Зикриллахон.

Марғилон шаҳридаги 26 та жоме масжидида электрон таблолар ўчирилгани, бундан ташқари, Қуръон оятлари, ҳадислар ва исломий фикрлар ёзилган баннерлар баъзи масжидлар деворлардан олиб ташлангани ҳақида Озодликка 19 май куни шикоятлар келган эди.

Марғилонлик намозхонлар шаҳарда рўмолни томоғидан танғиган аёлларга қарши жамоат жойларида 22-23 апрель кунлари ўтказилган тарғибот кампанияларидан сўнг масжидларда электрон таблолар ҳам ўчиртирилганини сўзлаган эди.

Шикоятларни инкор қилмаган марғилонлик имомлар, мухбир билан микрофонсиз суҳбатда, булар Тошкентдан борган махсус комиссия кўрсатмаси асосида вилоят бош имомининг буйруғи билан ўчириб қўйилгани айтган эдилар.

22 май куни Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига қарашли muslim.uz веб сайтида “Хонақоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Убайдулла Абдуллаевнинг 19 май куни бу ҳақда берилган хабарларга раддияси эълон қилинди.

Аммо, бу раддияни рад қилган марғилонлик намозхонлар электрон табло ўчирилган масжиддан Озодликка сурат йўллади.

Озодлик мухбири 22 май кунги баёнот ва шунингдек, 26 май куни марғилонлик намозхонлардан олинган раддиялар, 28 май куни таблолар ёндирилгани ҳақидаги янгиликка Фарғона вилояти имом-хатиби Убайдулла Абдуллаевнинг муносабатини олишга ҳануз муваффақ бўлмади.

Аммо, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Марғилон ва Қўқон шаҳарларида аёлларнинг рўмолини ечтириш кампаниясига оид Озодликка келиб тушган шикоятларни ўрганган ва бунга масъул шахслар - аҳолини турли зарарли диний оқимлар ҳақида огоҳлантирувчи тарғиботчилар эканини таъкидлаган.

Бир ҳафталик суриштирув натижасини маълум қилган идора мулозими қонунни бузганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳукмига топширилганини айтган.

Жумладан, 28 май куни Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги вазиятдан хабар берган тингловчилар рўмолини томоғидан танғиган аёллар тинч қўйилгани, масжидларда эса ваҳималар тинганини айтдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG