Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:46

Эгизакларни ўлдирган термитлардан қутулишга умид пайдо бўлди


Ўзбекистонлик олимлар яратган янги восита термитларни 100% ўлдириши мумкин. Бу ҳақдаги хабар Интеллектуал мулк агентлиги расмий сайтида эълон қилинди.

Восита муаллифларидан бири Озодлик радиоси саволларига жавоб берар экан, ҳозирча бу соҳада мутлақ муваффақиятга эришилгани тўғрисида гапиришга бироз эрта эканлигини, бироқ одамлар ҳаёти ва турар-жойлар ҳамда тарихий обидалар хавфсизлигига жиддий таҳдид солиб келаётган зараркундадан қутулишга умид пайдо бўлганини таъкидлаб ўтди.

Бундан 11 йил муқаддам Хивада тўрт яшар эгизак Ойша ва Фотима Сафаевалар термитдан зарарланган деворнинг қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлганини эсласак, муаммонинг нақадар муҳимлиги аён бўлса керак.

Агар Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти ҳамда Тошкент Давлат Аграр университети олимлари таклиф қилаётган янги восита аввалроқ яратилганида эди, марҳум Сафаевалар яшаётган уй деворларини термитлар кемирмаган, натижада девор қуламаган, фожеа юз бермаган бўларди.

Ханделия (Handellia trichophylla (Schrenk) Heimerl) ўсимлигининг ер устки қисмидан тайёрланадиган дори термитларни 100% қириб ташлаяжаги айтилмоқда.

Янги восита муаллифларидан бири, Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти ходимининг Озодликка айтишича, “янги восита Сурхондарё вилоятида тажрибадан ўтказилди, тажриба муваффақиятли чиқди”.

"Лекин, дейди олим, олдинда янги воситанинг самарадорлигига тўла ишонч ҳосил қилиш учун яна бир неча марта тажриба ўтказилиши, айниқса, кенг миқёсли– катта майдонларда тажрибалар ўтказилиши керак".

Дунёда термитларнинг 2800 га яқин тури бўлиб, шулардан 20 тури жиддий зараркунанда ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам термитларнинг жиддий зараркунда саналадиган 2 тури учрайди.

Ўсимлик моддалари кимёси институти ходимининг бугун Озодликка айтишича, “термитлар Ўзбекистоннинг 9 вилояти ҳудудида тарқаган”.

Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Зоология институти Энтомология бўлими мудири, профессор Оловиддин Ҳамроев бундан 5 йил олдин Озодликка берган суҳбатида Ўзбекистонда термит тарқалмаган вилоят деярли қолмагани тўғрисида гапираркан, бундай деган эди:

- Ўзбекистонда ҳамма вилоятларда бор термит. Термитлар энг кўп учрайдиган макон деймизми¸ уларнинг "кони" деймизми, Қашқадарë билан Сурхондарë вилоятларидир. Бундан ташқари Қорақалпоғистон республикаси¸ Хоразм вилоятининг бир қисми¸ Бухоронинг Ромитан¸ Шофиркон¸ Қоракўл¸ Қоровулбозорга ўхшаш жойларида учрайди. Фарғона водийсида ҳам азалдан бор. Водил райони¸ Қўқон атрофидаги районларда¸ қисман Андижонда¸ Наманганнинг Чуст туманларида учрайди, деган эди профессор Оловиддин Ҳамроев.

Термит бир сантиметр атрофидаги чумолидек экани¸ рангининг эса чумолидан оқишроқ бўлишини айтган профессор термитларнинг азалдан ëғоч кушандаси эканини таъкидлайди:

- Асосан улар ëғоч билан озиқланади. Ëғоч ва ëғоч маҳсулотларини ейди. Айтайлик¸ 69 турдаги маҳсулотга зарар етказиши мумкин. Йўлида агар ўзи озиқланмайдиган тўсиқ бўлса¸ шу тўсиқдан ўтиш учун ҳар хил пластиклар борми¸ бошқалар борми¸ электр ўтказгичларнинг изоляторлари борми¸ шунга ўхшаган кўп нарсани¸ ҳаттоки лойни ҳам ейди¸ деган эди Оловиддин Ҳамроев.

Термитларнинг қанотли турлари баҳор ойларида урчийди. Улар жуда тез кўпаяди. Битта оилада 20-24 минг термит яшайди. 5-6 йил яшайдиган она термит умри давомида бир миллиондан ортиқ тухум қўяди.

Вазирлар Маҳкамаси 2012 йилнинг 2 февралида “Термитга қарши кураш ишларини жадаллаштириш ва унинг зарарларини бартараф қилиш тўғрисида” махсус қарори қабул қилгани, мазкур ҳужжатга биноан Ўзбекистон фанлар академияси Зоология институти қошида “Термитга қарши кураш маркази” ташкил қилингани ҳам мамлакатда термитлар билан боғлиқ вазиятнинг жиддийлигини кўрсатади.

XS
SM
MD
LG