Линклар

Тожикистон жанубидаги Қабодиён тумани “Тахти сангин” қишлоғида бир оиланинг икки келини ўз қайнонасини ўлдириб, ёқиб юборган ва жасадини Кофарниҳон дарёсига ташлаган.

Ҳодиса 2014 йилнинг декабрь ойида юз берган.

Бу ҳақда Озодлик тожик хизматига 27 май куни қурбоннинг қизи Гули Азимова маълум қилди.

Қабодиён Ички ишлар бўлимига кўра, ҳозирда Нозигулнинг икки келини изоляторда сақланмоқда.

Гули Азимованинг айтишича, унинг онаси 56 ёшли Нозигул Азимова уйни тоза тутмагани, невараларига яхши қарамагани учун келинларига давомли танбеҳ берган.

Шу сабабли, 27 ёшли Гули Азимованинг маълум қилишича, икки келин қайнонани ўлдириш режасини тузган ва бу режани амалга оширган.

Қотиллик юз берган кунда Гули Азимова ва унинг укаси Дилшод эрининг Жарқўрғон қишлоғида жойлашган уйида бўлган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Нозигул Азимованинг яқинлари унинг ғойиб бўлгани ҳақида полицияга хабар беришидан кўп ўтмай ички ишлар ходимлари аёлнинг икки келин томонидан ўлдирилганини аниқлаган.

Нозигул Азимованинг бир қизи ва тўрт ўғли бўлган.

Ўғилларидан бири - Дилшод Тожикистонда бўлса, қолган уч ўғли Россияда меҳнат муҳожирлигидадир.

Унинг эри беш йил муқаддам вафот этган.

“Тахти сангин” мулозимларининг Озодликка маълум қилишича, Нозигул Азимова табибчилик ва фолбинлик билан шуғулланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG