Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:28

Ироқ ҳарбийси: Рамадидан чекиниш билан қирғиннинг олди олинди!


Ироқ ҳукумат кучлари стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланган Рамади шаҳрини ИШИД жангариларига бой бергач¸ Ироқ ҳарбий бошқаруви АҚШ томонидан кескин танқидга учради.
Ироқ ҳукумат кучлари стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланган Рамади шаҳрини ИШИД жангариларига бой бергач¸ Ироқ ҳарбий бошқаруви АҚШ томонидан кескин танқидга учради.

Ироқ армиясининг Анбар амалиëтлар қўмондонлиги остида Рамадидаги ИШИД жангариларига қарши жангда қатнашган аскар Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ бу шаҳарни ишидчиларга ташлаб чиқиш ҳарбий жиҳатдан мағлубият бўлса-да¸ қўмондонлик бундай қарор билан катта қирғинга чап берганини айтади.

17 май куни Ироқ ҳукуматига қарашли ҳарбийлар сони юз нафарча бўлган ИШИД жангарилари қаршилиига дош беролмай¸ шаҳарни ташлаб қочди.

Бу мағлубиятга муносабат билдирган АҚШ Мудофаа вазири Ироқ ҳарбийларини қаршилик кўрсатишга иродасизлик ва сон жиҳатдан ўзидан анча кам бўлган душмандан қочганликда айблади. Шунингдек АҚШ вазирига кўра¸ Ироқ аскарлари Америка берган ҳарбий техника воситалари¸ хусусан¸ танкларни ҳам ИШИД ихтиëрига ташлаб қочган.

26 май куни Бағдодда Озодлик мухбири билан ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан суҳбатлашган Ироқ ҳарбийси¸ бу танқидларга жавоб беришга уринди.

Ҳарбий: ИШИД жангарилари биринчи шарқий ва ғарбий Анбардаги кучларни бир-биридан ажратиш учун Бу-Фарраж ҳудудидан марказий Рамадига борувчи йўл бўйлаб бостириб киришди. Сувсиз қолган ўзандан пиёда юриб ўтишди. Шаҳар марказига кириб келишганидан кейин, портловчи моддаларга тўла автомобиллари, жумладан, ер сурувчи техника ҳамда юк машиналари билан бизга ҳужум қила бошладилар.

Тахминан 25 шунақа техникада бостириб киришди. Бизни ўраб олишганини англаб етдик. Қўмондон зобитлар вазиятни таҳлил қилиб, ортга чекинишни буюришди.

Рамадидаги кучлар орасида амалиётлар штаби, 10-дивизия штаби ҳамда Генерал Фадҳил Бавари бошчилигидаги махсус амалиётлар полки бор эди.

Ўқ-дориларимиз заҳираси бир ойдан ошиқ муддат давомида тўлдирилмаган эди, бизни бўлса ҳар тарафдан ўраб олишди. Америка, Австралия ва коалициянинг бошқа аъзолари ҳарбий самолётларига тўхталадиган бўлсак, улар фақат йирик ҳужумлар пайтидагина келишди.

Шаҳар маркази ортга чекинишимиздан икки кун аввал қўлдан бой берилган эди.

Улар (ИШИД) шаҳар ва ҳукумат комплексига юриш қилганида биз ўртада қолиб кетдик. Мосул ва Салаҳуддиндан запас олиб турган кўп сонли жангарилар билан курашиш учун бизда аскар сони етарли эмас эди. Бизга ҳаво ҳужумлари кучайтирилишини айтишди. Ортга чекинишимиздан бир кун аввал портловчи моддага тўла 25 машина амалиётлар штаби ҳамда 10-дивизия штаби олдида портлатилди; портлатилган машиналарнинг ҳаммаси жуда катта эди. Қўмондон зобитларнинг чекиниш ҳақидаги қарори одамлар ҳаётини сақлаб қолишгақаратилган эди. Ўша кичик 3 км2 майдонда 1 500 та эдик; агар чекинмаганимизда, қирғин қилинган бўлардик.

У ерда мен ҳаммасини ўзим кўрдим. Кечагина Ҳаббаниядан келдим.

Озодлик: Хавфсизлик қўмондонлигига хизмат бурчини бузиш айбловлари қўйилмоқда.

Гувоҳ: Қўмондонлар номақбул қарорга келган бўлиши мумкин, аммо бу кўп сонлидушман олдида захирасиз қолиш вазияти эди. Бизнинг номимизгина полк эди¸ холос; сафимиз озайиб қолганди: айримлар таътилда, айримлар яраланган эди.Ҳатто ўқ-доримиз сони ҳам оз эди. Одамлар ҳаётини сақлаб қолишга қарор қилишди; агар қолганимизда қирғин бўларди.

Биздан ажраб қолган шарқдаги бўлинмалар биздан аввал Ҳаббания томон чекинди. Биз ўзимиз қолдик, ИШИД ҳужумлари бўлса яхши уюштирилган эди. Заҳираларимиз тўлдирилишини сўраганимиздан кейин Бағдоддан 7 ёки 9 Hummer юборишди. Табиийки, биз дучор бўлган хавфга солиштирганда бу етарли эмас эди.

Озодлик: ИШИД ҳужумчилари сони юзтагина бўлгани айтилди.

Гувоҳ: Балким маълум бир жойда шунча бўлгандир, лекин уларнинг умумий сони бир неча юз киши эди.

Озодлик: Разведка қилишга ҳаракат қилиндими?

Гувоҳ: Разведка қилинди, Бағдодга юборилди. Аммо улар ҳам мушкул аҳволда эдилар: “Халқ сафарбарлиги”дан фойдаланиш хавфли сиёсий қарор эди; коалицияни ҳаводан ёрдам беришга чақирганимизда улар ўз буйруқлари бўйича иш тутадилар, бизнинг буйруқлар бўйича эмас. Уларнинг ҳужумлари одатда битта ёки иккита ракета отишдан иборат. Қилган ҳужумларининг аксари самарали бўлмади ва 100 фоиз мўлжалга тегмади. Биз уларга Салаҳуддиндан сиқиб чиқарилганларнинг кўпи чўл орқали Анбарга кетаётгани ҳақида хабар бердик.

Озодлик: Агар аскар сони ҳамда қурол-аслаҳа етарлича бўлганида, Ироқ хавфсизлик кучлари Рамадини қайтариб ололармиди?

Гувоҳ: Агар Рамади ҳамда унинг атрофида кучайтирилган ҳаво ҳужумлари амалга оширилганида ва агар ИШИД жангариларидан кўра яхшироқ вазиятни қўлга киритиш учун қуруқликдаги қўшинлар шарқий Рамади ҳамда Ҳаббанитга кўп сонда юборилганида, умид ва ечим кутсак бўларди. Қанча кўп бўлишларидан қатъий назар, ҳаво ва ердан бомбардимон қилинсалар, ўзларини ҳимоя қила олишлари учун пана жойларга чекинадилар.

Озодлик: Сизларда жангчи сифатида шаҳарни қайтариб олиш истаги борми?

Гувоҳ: Агар бизда бундай иштиёқ йўқ, десам ёлғон гапирган бўлардим. Айтганча, мен ўзим рамадиликман. Аммо керакли воситалар бўлмаса, хоҳишнинг ўзи етарли эмас.

Айтганча, биз ортда қолдирган ва ИШИД эгаллаб олган қурол-аслаҳа миқдорини матбуотда жуда бўрттириб кўрсатишди; бу сафар ортда қолган қурол-аслаҳа Мосул ёки Салаҳуддин қўлдан бой берилганида қолдирилгандан анча оз.

XS
SM
MD
LG