Линклар

logo-print

Путин ўлганлар тўғрисидаги маълумотни давлат сирига айлантирди


Владимир Путин ўзи ҳам собиқ айғоқчи

Владимир Путин ўзи ҳам собиқ айғоқчи

Россия президенти Владимир Путин тинчлик вақтида ўтказилган махсус амалиётлар давомида ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумотларни давлат сирига айлантирди. Илгари “давлат сири”га фақат ҳарбий ҳолатда кўрилган ҳарбий талафотлар киритилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Путиннинг бу қароридан хавотирда эканини билдирмоқда.

“Ҳарбий ҳаракатларда ўлганлар сони – давлат сири”

Россия армиясининг ҳар қандай ҳарбий амалиётда кўрган йўқотишлари президент Владимир Путин томонидан давлат сирига айлантирилди.

Тегишли ҳужжат 28 май, пайшанба куни Расмий ҳуқуқий маълумот порталида чоп этилди ва дарҳол жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди.

Бунгача Россия Мудофаа вазирлиги давлат сирига уруш вақтида йўқотилган ҳарбийлар сонини киритиб келган. Масалан, 2008 йилда Россия ва Грузия ўртасида Жанубий Осетияда бўлиб ўтган ҳарбий тўқнашувда 74 нафар рус жангчиси нобуд бўлгани мамлакат Бош штаби томонидан очиқланган эди.

Президент Путин матбуот котиби Дмитрий Песков ҳозирча бу масалада изоҳ бера олмаслигини айтишдан нарига ўтмади.

Бундан ташқари, Владимир Путин давлат сирига Россия разведкаси, контрразведкаси ва бошқа оператив хизматлар томонидан “махфий ҳолда ҳамкорликка жалб қилинган шахслар” тўғрисидаги маълумотларни ҳам қўшди. Давлат сирини ошкор этган шахс эса Россия Федерацияси қонунларига биноан 7 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

“Давлат сири” деб эълон қилинган ҳужжатлар рўйхати ҳукуматнинг 1995 йил 30 ноябрдаги қарорида ўз аксини топган.

“Россия Украина шарқидаги талафотларини яширишга уринмоқда!”

Россия қонунчилигига киритилган янги ўзгартиш Украина шарқидаги вазият фонида ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил таҳлилчилар танқидига учради.

“Айнан рус ҳарбийлари ҳақидаги маълумотларни янада яшириш мақсадида қабул қилинди бу қарор”, дейди Озодлик билан суҳбатда ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц:

- Бу нима учун қилинаётгани аён: бу Россия қўшинлари Украина ҳудудидаги жангларда иштирок этaяптими йўқми, деган саволга жавоб излаётганлар оғзини ёпишга қаратилган. Депутат Шлосберг тафтиши, “Янги газетада”ги мақолалар эсимизда. Бир томондан, кимдир турмага тушишдан қўрқиб, изланишларини тўхтатади; бошқа томондан, бу моддалар асосида кимнидир “давлат сирларини ошкор қилганлик” айби билан жавобгарликка тортиш Россия ҳақиқатан хуфёна жанг олиб бораётганликни тан олишдир¸ деди таҳлилчи.

Александр Гольц сўнгги пайтларда “ҳарбий манёврлар”, “қўққисдан текширув” баҳоналари остида Россия қўшинларининг Украина жануби-шарқига яқинлашиб бораётгани жамоатчилик хавотирларини ошираётганини ҳам қўшимча қилди. 24 май куни Рейтер ахборот агентлиги Россиянинг Ростов вилоятида қатта ҳарбий колонна, жумладан, “Ураган” реактив тизими машиналари Украина чегараси томон кетаётгани ҳақида хабар қилди.

Санкт-Петербургдаги “Солдат оналари қўмитаси” вакили Александр Передрук эса қонунга киритилган янгилик ҳеч қандай ўзгартишга олиб келмайди, деган фикрда. Озодлик билан суҳбатда у Россия Бош штаби олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар илгари ҳам эълон қилинмаганини айтади:

- Бу янгиликнинг амалда қандай қўлланилиши тушунарсиз қолмоқда. Яширинча олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар тўғрисида биз олдин ҳам оз миқдорда маълумотга эга бўлганмиз. Аммо энди биз нима учун уруш бўлмаётган вақтда фуқароларимиз ўлиб кетаётгани тўғрисида ҳатто ўшани ҳам билишдан маҳрум бўлдик, кўринади, дейди Александр Передрук.

Бундан олдинроқ, Украина махфий хизматлари Россия Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасида хизмат қилаётган икки нафар рус айғоқчиларини қўлга олгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўз ўрнида, Кремль ярадор бўлган ва асир тушган ҳарбийлар Александр Александров ва Евгений Ерофеевлар ўтган йилнинг декабрида “ўз хоҳишига биноан истеъфога чиққани”ни иддао қилди. Бироқ, “Янги газета” мухбирларига берган видеоинтервьюда “Россия қўмондонлиги буйруқларини бажариб келгани”ни гапирган жангчилар ҳеч қанақа ариза ёзмагани ва ҳарбийлар сафидан ўз хоҳишига биноан бўшамаганини билдирди.

Москванинг қоқ марказида жорий йилнинг феврал охирларида отиб кетилган мухолифатчи Борис Немцовнинг ўлимидан кейин чоп этилган “Путин.Уруш” номли ҳисоботида 2014 йилнинг августида Донбассда камида 150 нафар, Дебальцево темир йўл бўғини учун жорий йилнинг январь-февралида бўлган жангларда эса яна 70 нафар Россия ҳарбийси ўлгани айтилган.

2015 йилнинг 4 май куни президент Петро Порошенко мамлакатда бораëтган ҳарбий ҳаракатларда 4 мингдан 14 минггача Россия ҳарбийси иштирок этаëтганини иддао қилди.

XS
SM
MD
LG