Линклар

Туркман президенти ўз ваколатини 5 йилдан 7 йилга узайтирмоқчи


25 май куни Ашхоботда Бердимуҳамедовга қурилган олтин ҳайкал очилди.

25 май куни Ашхоботда Бердимуҳамедовга қурилган олтин ҳайкал очилди.

Туркманистон парламенти “кўп сонли фуқаролар таклифи асосида” деган иддао билан президентлик ваколати муддатини жорий 5 йилдан 7 йилга узайтиришга оид қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда Мажлис раисаси Нурбердиева парламент конституциявий комиссиясидаги чиқишида маълум қилди.

Ўз чиқишида Мажлис етакчиси шу муносабат билан амалдаги конституциянинг қатор моддаларига ўзгартиш киритиш лозимлигини таъкидлади. Унга кўра¸ хусусан¸ конституциянинг 52-моддасига узоқ йилларга мўлжалланган кенг кўламли дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш ҳақида ўзгартиш киритилади.

Айни пайтда¸ туркман депутатлари конституцияга давлат раҳбари лавозимида қолиш учун белгиланган ëш чекловини олиб ташлаш¸ президентга қўшимча ваколатлар беришни кўзда тутувчи ўзгартишлар киритишга тайëрланмоқда.

Амалдаги конституцияга мувофиқ Туркманистон президенти 5 йилга сайланади. 2012 йил февралида ўтказилган сўнгги сайловда Гурбангули Бердимуҳамедов иккинчи марта ҳокимиятда қолган эди. Конституцияга кўра¸ навбатдаги президент сайлови 2017 йилда ўтказилиши керак.

Ўзига “Туркманистон қаҳрамони” унвони¸ Аркадағ деган улуғловчи мақомлар берган Бердимуҳамедов 25 май куни пойтахт Ашхобот марказида ўзининг олтин ҳайкали очилишида қатнашди.

Бердимуҳамедов эътирозига қарамай “аҳоли илтимосига мувофиқ” ўрнатилгани иддао қилинган ҳайкалнинг бош ташаббусчиси ҳам айнан туркман парламенти бўлди.

Туркманистоннинг олдинги президенти - туркманбоши Сапармурод Ниëзов ҳам бутун мамлакат бўйлаб ўзига маҳобатли ҳайкаллар ўрнаттирган¸ лекин Бердимуҳамедов ҳокимиятга келгач¸ уларнинг барчаси олиб ташланган эди.

XS
SM
MD
LG