Линклар

Тошкентда 100 миллион йил олдин яшаган динозаврлар изи топилди


Оҳангаронда топилган динозавр излари.

Оҳангаронда топилган динозавр излари.

Ўзбекистонлик геолог олимлар Тошкент вилоятида палеоген даврига оид улкан ҳайвонлар изини топганликларини айтишмоқда. Уларга кўра, Оҳонгарон шаҳри яқинидаги дара сўқмоғида 65 миллион йил аввал қирилиб кетган улкан жониворларнинг тош ва қояларда сақланиб қолган юзлаб излари топилган. Бу изларнинг ёши эса 100 миллион йил, деб тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси Геология ва геофизика институти тадқиқотчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда жуфттуёқлилар ва мушуксимонлар оиласига кирувчи йирик йиртқичлар ва динозаврларга хос бўлган уч бармоқли излар Тошкент вилояти Оҳонгарон шаҳри яқинидаги каолин ва кўмир конлари ҳудудидида шу ой ўрталарида ўтказилган экспедиция чоғида аниқланганини айтади:

- Биз учун бу ҳақиқий сенсация бўлди. Чунки палеоген даврига тегишли бўлган улкан ҳайвонлар излари ҳали шу пайтгача бунақа аниқ-тиниқ ҳолда топилмаган эди. Бу ерда гап қўштуёқлилар, мушуксимон йиртқичлар ва динозаврларнинг уч бармоқли оёқларининг ярим метрдан бир ярим метргача бўлган катталикдаги юзлаб излари ҳақида кетаяпти. Биз бу излар фотосуратларини Москвадаги Россия Фанлар академиясидаги полеонтологларга ҳам жўнатдик. Улар ҳам бу излар палеоген даврига оид улкан ҳайвонларга оидлигини тасдиқлашди, - дейди ўзбекистонлик олима.

Ер юзида бундан 200 миллион йиллар яшаган ва 65 миллион йил аввал қирилиб кетган динозаврларнинг оёқ излари бундан олдин Қашқадарё вилоятининг Қаласой дарасида топилган эди.

Ўтган йили эса Тошкент вилоятининг Оҳонгарон шаҳри яқинида палеоген даврига оид динозаврларнинг қолдиқлари ҳам топилган эди.

Москвадаги Поленталогия институти тадқиқотчиси Александр Головановга кўра, бу топилдиқлар Марказий Осиё миллион йиллар аввал динозаврлар учун макон бўлганининг яна бир тасдиғидир:

- Динозаврларнинг излари илк бор ўтган асрнинг 60-70 йилларида Туркманистонда топилган эди. Марказий Осиё иқлими қуруқ бўлгани сабаб бу ҳайвон изларининг миллион йиллар давомида сақланиб қолгани табиий ҳол, - дейди Голованов.

Бу топилмаларнинг аҳамияти нимада? Олимлар учун бу излар нимаси билан қизиқ?

Россиялик полеонтолог Александр Голованов бу саволга шундай жавоб беради:

- Биринчидан¸ бу излар шу ҳайвонларнинг шу минтақада яшаганини тасдиқлайди. Бу топилманинг энг муҳим томони эса, ҳайвонларнинг сўқмоқларда қолдирган излари, ҳаракатланиш траекторияси, йўналиши, улар пода-пода бўлиб ҳаракатланганми ёки алоҳида, буларни ҳаммаси олимларга шу ҳайвонлар хусусиятини, хулқ-атворини кўпроқ ўрганиш имконини беради. Динозавр суяги қолдиқларидан эса буни ўрганиб бўлмайди, - дейди Александр Голованов.

Ўзбекистонлик палеонтологлар эса ушбу топилма нафақат илмий изланишлар учун, балки сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш учун ҳам муҳим, деб ҳисоблашмоқда.

Подробно.уз нашрига кўра, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди “Ўзбектуризм” миллий ширкати билан ҳамкорликда палеоген даврига оид ҳавйвонларнинг излари топилган дарада геопарк ташкил этиш лойиҳаси устида ишлашга киришган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG