Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:46

Ўзбекистон масжидларида Озодликка қарши ваъз қилинди


Ўзбекистондаги жоме масжидларида жума намозидан олдин ўқиладиган маърузаларда имомлар аҳолини Озодлик каби ахборот воситаларига хабар беришдан узоқ туришга даъват қилди. Айни пайтда Марғилонда намозхонлар ҳақлари камситилаётгани ҳақидаги Озодлик хабаридан сўнг маҳаллий телевидение ходимлари тепадан келган топшириқ асосида бу хабарни рад этувчи махсус кўрсатув тайёрлашга киришган.​

Тошкентнинг Кўкча мавзесида жойлашган Шайх Зайниддин жоме масжидида жума намозини ўқиган намозхоннинг айтишича, имом одамларни иғво гаплардан узоқда туришга насиҳат қилган:

“Бугун масжидда имом ватанга, халққа туҳмат ва иғво гаплардан узоқ бўлишга даъват қилди. Имом мўминларни ҳар хил Интернет ахборот воситаларига билиб-билмай ахборот беришдан йироқда бўлишга, тинчликнинг қадрига етишга чақирди”, деб ёзади намозхонлардан бири.

Тошкентнинг Соғбон кўчасидаги Кўҳаки масжидида жума намозини адо этган Жаҳонгир Шосалимовнинг айтишича, ўзи борган масжид имоми айнан Озодлик радиосига ахборот беришдан тийилишга даъват этган:

- Имомнинг айтишича, гўёки Марғилондаги масжидларда намоз вақтларини кўрсатадиган электрон таблолар ўчириб қўйилгани ҳақида Озодлик радиоси нотўғри хабар тарқатган, аслида у таблолар ремонт учун олиб қўйилган эди, деди. Озодлик, Би-Би-Сидагилар чет элдаги аламзадалар, кўролмайдиганлар, улар фитна қўзғамоқчилар, деб айтди. Мен эса буни эшитиб кулиб қўйдим, деди Жаҳонгир Шосалимов.

Суҳбатдошнинг айтишича, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан ёзиб бериладиган жума мавъизаларидаги бундай гаплар Тошкентнинг бошқа масжидларида ҳам янграган.

Озодликнинг Андижондаги манбаси ҳам вилоят масжидларида Озодликка қарши ваъз ўқилгани ҳақида хабар йўллади:

"Бугун Андижондаги барча масжидларда жума маърузаси сўнгида Озодлик радиоси гўзал тарзда қораланди ва "фитна ва ёлғонлар уяси" дея таъкидланди ва унга умуман кирмаслик ва ёшларни ушбу сайтга кирмасликларини назорат қилишга жонкуярлик билан "зомби" имомлар томонидан авом халққа кучли даъватлар қилинди. Бунга сабаб қилиб, Озодлик етказган хабар, яъни Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги воқеани сабаб қилиб кўрсатилди. Эмишки, янгилангани олиб қўйилган нарсани, Озодлик бутунлай олиб ташланди ва бу мусулмонлар учун зулм деб, хабар тарқатиб фитна чиқаряптимиш", деб ёзади андижонлик манба.

Фарғоналик пенсионер Маъруфжон Абдураҳмонов ҳам имомдан худди шундай маънодаги амри маъруф эшитганини айтади:

- Имом одамлар Озодлик радиоси орқали масжидлардаги намоз вақтини кўрсатадиган электрон таблолар ўчириб қўйилибди¸ деб гапиришибди, бундай ғийбатлардан узоқ юринглар¸ деб айтди. Айтишларича, ҳамма масжидларга диний идорадан бир хил мазмундаги хат келган, деди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Марғилон шаҳридаги Озодлик манбасининг айтишича, ҳукумат ва диний идоранинг пропаганда машинаси телевидениени ҳам ишга солди:

“Кеча телевидениедан мухбирлар келишиб, Озодликда берилган ҳақ гапларга қарши бир ёлғон кўрсатув ташкил қилишаяпти. Озодликда тарқалган ҳамма гаплар ёлғон, биз электрон таблоларни ремонтга олгандик, мана таъмир қилиб жойига қўйдик, деб гапиришяпти имомлар. Бу гаплардан ҳамма кулаяпти. Ахир ремонтга олинса¸ битта-иккитаси олинар, ёппасига ҳамма масжидларнику ўчириб қўйилмайдику, деб. Хуллас яқин кунлар орасида навбатдаги ёлғонлардан тўқилган бир кўрсатув телевизорда чиқиб қолса керак”, деди манба.

Фарғона вилояти диний идорасида ишлайдиган Озодлик манбаси Тошкентдаги “Зиё” студиясидан бир гуруҳ журналист ва операторлар келганини тасдиқлади:

“Бир мошин бўлиб келишган. Айни пайтда Ёрмозор масжидига жойлаштирилган улар. Масжидларга бориб интервюлар қилишаяпти”, деди манба.

Можаро тарихи

Марғилон шаҳридаги 26 та жоме масжидида электрон таблолар ўчирилгани, бундан ташқари, Қуръон оятлари, ҳадислар ва исломий фикрлар ёзилган баннерлар баъзи масжидлар деворлардан олиб ташлангани ҳақида Озодликка 19 май куни шикоятлар келган эди.

Марғилонлик намозхонлар шаҳарда рўмолни томоғидан танғиган аёлларга қарши жамоат жойларида 22-23 апрель кунлари ўтказилган тарғибот кампанияларидан сўнг масжидларда электрон таблолар ҳам ўчиртирилганини сўзлаган эди.

Шикоятларни инкор қилмаган марғилонлик имомлар, мухбир билан микрофонсиз суҳбатда, таблоларнинг Тошкентдан борган махсус комиссия кўрсатмаси асосида вилоят бош имомининг буйруғи билан ўчириб қўйилгани айтган эдилар.

22 май куни Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига қарашли muslim.uz веб сайтида “Хонақоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Убайдулла Абдуллаевнинг 19 май куни бу ҳақда берилган хабарларга раддияси эълон қилинди.

Бу раддияни рад қилган марғилонлик намозхонлар электрон табло ўчирилган масжиддан Озодликка сурат йўллади.

Озодлик мухбири 22 май кунги баёнот ва шунингдек, 26 май куни марғилонлик намозхонлардан олинган раддиялар, 28 май куни таблолар ёндирилгани ҳақидаги янгиликка Фарғона вилояти имом-хатиби Убайдулла Абдуллаевнинг муносабатини олишга ҳануз муваффақ бўлмади.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Марғилон ва Қўқон шаҳарларида аёлларнинг рўмолини ечтириш кампаниясига оид Озодликка келиб тушган шикоятларни ўрганган ва бунга масъул шахслар - аҳолини турли зарарли диний оқимлар ҳақида огоҳлантирувчи тарғиботчилар эканини таъкидлаган.

Бир ҳафталик суриштирув натижасини маълум қилган идора мулозими қонунни бузганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳукмига топширилганини айтган.

Жумладан, 28 май куни Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги вазиятдан хабар берган оддий ўзбекистонликлар рўмолини томоғидан танғиган аёллар тинч қўйилгани, масжидларда эса ваҳималар тинганини айтдилар.

XS
SM
MD
LG