Линклар

logo-print

Суриядан яна учта Ўзбекистон фуқароси олиб чиқилди


Қочқинларни олиб чиққан юк ташувчи ИЛ-76 учоқлари яқингача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган

Қочқинларни олиб чиққан юк ташувчи ИЛ-76 учоқлари яқингача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган

Суриядан келган Россиянинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учоғи 80 нафар Россия ва МДҲ давлатлари фуқаросини ҳарбий тўқнашувлар рўй бераётган ҳудуддан олиб чиқди. Суриянинг Латакия шаҳридан келиб Домодедово аэропортига қўнган ИЛ-76-дан тушган қочоқлар орасида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги айтилди.

Россия ФВВсига қарашли бўлган ИЛ-76 транспорт учоғи Суриядан Москвага 80 нафар Россия, Беларусь, Украина ва Ўзбекистон фуқаросини олиб чиқди. Уруш ҳаракатлари кетаётган Сурия ҳудудларидан чиқарилганлардан уч нафари Ўзбекистон фуқароси экани айтилди.

Россия қутқарувчилари билан бирга учоқда руҳшунослар ва врачлар иш олиб борганини маълум қилди вазирлик расмийси.

- Палмирадаги бир оилани биз элчилигимиз ёрдамида бевосита жангарилар қўлидан тортиб олиб чиқишга эришдик. Шунинг учун бу оиланинг руҳий ҳолати жуда тушкунликда эди. Врач ва психологларимизга ёрдам учун катта раҳмат, деди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси Александр Томашев аэропортда йиғилган журналистлар олдида.

У жанг бўлаётган мамлакатдан чиқарилганларнинг 34 нафари ёш болалар эканини қўшимча қилди. Вазирликда бу МЧС жами Сурияга саккизинчи маротаба учиб қайтганини билдиришди.

28 май куни айнан шу учоқ Сурияга 21 тонна инсонпарварлик ёрдами – асосан гўшт, балиқ консервалари, шакар, болалар озиқ-овқати ва энг зарурий бўлган бошқа буюмлар, -етказиб қайтаётган бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигида Озодлик сўровига шу куни яна бир учоқ можаро марказларидан бирига айланган Ямандан 130 нафар одамни олиб чиққанини хабар қилишди.

Сурияда давом этаётган можаро давомида Россиянинг бу мамлакатдаги элчихонаси туну кун ишлайдиган телефон линиясини ишга туширди. +099-124-09-99 рақами бўйича бу мамлакатда оғир вазиятга тушган фуқаролар ёрдам сўраб, мурожаат қилишлари мумкин.

Шу йилнинг 7 апрелида бир гуруҳ врачларнинг Ямандан олиб чиқилиши

Шу йилнинг 7 апрелида бир гуруҳ врачларнинг Ямандан олиб чиқилиши

Сурия ва қўшни Яманда қонли тўқнашувлар бошланиб кетганидан буён Россия қутқарувчилари томонидан мингдан зиёд одам, жумладан бу мамлакатларда истиқомат қилаётган ва ишлаётган ўзбекистонликлар эвакуация қилинди.

Саудия билан жанггари Ҳутий шиалари исëнини дастаклаëтган Эрон ўртасидаги очиқ уруш майдонига айланган Яманда 3000 нафардан кўпроқ ўзбекистонлик врач ишлаб келгани айтилганди.

Россия Ямандан 31 мартдан 23 апрелгача 369 нафар ўзбекистонликни эвакуация қилгани тўғрисидаги Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси Александр Лукашевич маълумоти ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG