Линклар

logo-print

Саакашвили Одесса губернатори этиб тайинланди


Саакашвили февраль ойидан бери Украинанинг ислоҳотлар бўйича халқаро маслаҳат кенгашига етакчилик қилиб келади.

Саакашвили февраль ойидан бери Украинанинг ислоҳотлар бўйича халқаро маслаҳат кенгашига етакчилик қилиб келади.

Украина президенти Петро Порошенко Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини Одесса вилояти губернатори этиб тайинлади. Мазкур тайинлов Киев ва Москва ўртасидаги тарангликни янада кучайтириши мумкинлиги айтилмоқда.

Бундан аввалроқ Украина ҳукумати матбуот котиби Президент Петро Порошенко Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини Одесса вилояти губернатори этиб тайинлаш ҳақида ўйлаётганини айтган эди.

Порошенконинг матбуот котиби Святослав Цеголко 29 май куни ўз Facebook саҳифасида Порошенко Саакашвили билан учрашиши, учрашувдан кейин Украина президенти бир қарорга келиши ҳақида ёзган..

Шунингдек, Порошенко кабинети Саакашвилини Одесса губернатори қилиб тайинлашни таклиф қилган эди.

Украина президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Валерий Чалий Украинанинг Интер телеканали билан суҳбатда Порошенко кабинет таклифини қабул қилиши эҳтимоли “99 фоиз” эканини билдирган.

Украина экология ҳамда табиий бойликлар вазири Игорь Шевченко ўз Facebook саҳифасида Порошенко таклифни қўллаши ва Саакашвилини “бу муҳим лавозимга” тайинлашига умид қилиши ҳақида ёзди.

Саакашвили Грузия президенти бўлиб турган 2008 йилда Жанубий Осетия айирмачи минтақаси учун Россия ва Грузия ўртасида беш кунлик уруш бўлиб ўтган эди.

Кўпчилик ғарб расмийлари мазкур конфликтни Кремлнинг Қримни босиб олиши ва аннексия қилишининг даракчиси ўлароқ кўради. Киев кучлари ҳамда россияпараст айирмачилар ўртасидаги уруш давомида ўтган йилнинг апрель ойидан бери 6 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Одесса шаҳрида ўтган йили фуқаролар ўртасида қонли тўқнашувлар содир этилган эди. Можаро давомида ғазаб отига минган оламондан қочишга уринаётган 30 россияпараст ҳалок бўлгани айтилган.

Бир миллион аҳолиси бор бўлган Одесса Киевдан тахминан 450 километр, россияпараст исёнчилар назорат қилаётган ҳудудлардан минглаб километр узоқликда жойлашган.

Апрель ойида Украина расмийлари пасха нишонланаётган кунда ҳужум уюштиришни режалаштирган террористик гуруҳнинг 40 дан ошиқ аъзоси Одессада қўлга олинганини билдиришди.

Украина хавфсизлик хизмати Одессада амалга оширилган портлашларда қатнашишда гумонланиб уч киши қўлга олингани ҳақида хабар берди. Бу портлашларнинг айримлари Россия дастаклаётган айирмачиларга қарши курашаётган Украина аскарлари билан алоқаси бор ташкилотларга қарши амалга оширилди.

Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Саакашвилидан Москва расмийлари нафратланади. Собиқ Грузия президентини Россия ҳукумати телеканаллари мунтазам равишда мазах қилади.

2003 йилда Грузия президенти лавозимига келган Саакашвили 2013 йилда президентлиги ўз якунига етгунига қадар мамлакатда йирик ислоҳотларни амалга оширди.

2012 йилги парламент сайловларида Саакашвили партиясини енгиб, ҳокимият тепасига келган янги ҳукумат собиқ президентни товламачиликда, уруш очганликда ҳамда хизмат бурчини бузишда айблаб келади. Саакашвили бўлса бу айбловларни рад этади.

Саакашвили февраль ойидан бери Украинанинг ислоҳотлар бўйича халқаро маслаҳат кенгашига етакчилик қилиб келади.

Порошенконинг Украина ҳукумати юқори лавозимларига чет элликларни тайинлаши мамлакатда эътирозларга сабаб бўлиб келади. Президент “Украина дуч келган фавқулодда муаммолардан” келиб чиқиб “ҳукуматда янгича ечимларни топиш” мақсадида бундай қилинаётганини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG