Линклар

logo-print

Янги ҳисобот: "Россия Украина билан жанг қилмоқда, Путин ёлғон сўзлаётир"


Украина чегарасига яқин жойлаштирилган Россия ҳарбий техникаси

Украина чегарасига яқин жойлаштирилган Россия ҳарбий техникаси

Вашингтонда жойлашган Atlantic Council (“Атлантика Кенгаши”) тадқиқот маркази Путинни февраль ойида имзоланган оташкесимдан россияпараст исёнчиларни қўшин ва қурол-аслаҳа билан таъминлаш учун фойдаланаётганликда айблайди.

Тадқиқот маркази чиқарган ҳисоботга кўра, Президент Путин айирмачиларни “жангнинг кейинги босқичига тайёрлаш мақсади”ни кўзламоқда.

28 май куни чиқарилган ҳисобот “Ялангликда яшириниш: Путиннинг Украинадаги жанги” деб номланади.

Россия қўшинлари Украина ичкарисида жанг қилаётгани ҳақидаги айбловларни Владимир Путин давомли рад этиб келади.

Бироқ, “Атлантик Кенгаши”га кўра, Украина ҳукумати кучлари ва айирмачилар ўртасидаги можарога Россия аралашаётганига оид далиллар Россия ва Ғарб ўртасида Совуқ Урушдан буён энг йирик келишмовчиликни келтириб чиқарди.

Украина шарқидаги жангларда 2014 йил апрелидан буён ҳозирга қадар 6100 нафардан кўпроқ инсон ҳалок бўлди.

Марказ тадқиқотчилари очиқ манбалардан олинган маълумотларни – жумладан, Россия-Украина чегара ҳудудларида яшаётган икки мамлакат фуқаролари тарқатган видеолар, сунъий йўлдошдан олинган фотолар ҳамда Украина шарқида Россия аскарларининнг ўзлари томонидан ижтимоий тармоқларга юклатилган суратларни - изчил ўрганиб чиққанлар.

Муаллифлар таъбирига кўра, тўпланган далиллар Украина шарқидаги можарони “Кремль тайёрлагани ва Путин дастаклаганини инкор этиб бўлмас далиллар" билан исботлаб берди.

“Атлантик Кенгаш” тадқиқот маркази вице-президенти Дамон Уилсон сўзларига кўра, ҳисобот "Украинадаги Россия уруши” ҳақида ҳикоя қилади.

"Бу фуқаролар уруши эмас, балки Россия-Украина чегарасида барпо этилган базаларда урушга тайёр турган Россия аскарларининг ҳикоясидир," деб айтди Дамон Уилсон “Атлантик Кенгаш” тайёрлаган ҳисоботнинг тақдимот маросимида қилган чиқишида.

Рус қуроллари

Кремлнинг иддао қилишича, Украина шарқида жанг қилаётган россияликларнинг ҳаммаси у ерга ўз ихтиёрлари билан кетган ва россияпараст айирмачилар фойдаланаётган оғир қуроллар Украина армиясидан тортиб олинган.

Аммо “Атлантик Кенгаш” тадқиқотчилари хулосасига кўра, айирмачилар ихтиёрида Украина ҳукумати кучлари ҳеч қачон ишлатмаган Россияда ишлаб чиқарилган бир неча турдаги қурол-аслаҳа бор.

T-72B3 русумли танклар ўшалардан биридир.

Бундай танклар 2013 йилга қадар ҳатто Россия армиясида бўлмаган.

Ҳисобот шунингдек Россиянинг замонавий алоқа тизими билан жиҳозланган “Дозор” зирҳли уловлари Украина шарқида мавжудлигини қайд этади.

Шунингдек, Украина армиясида ҳеч қачон бўлмаган енгил қуроллар, жумладан, ер-ҳаво ракетомётлар ва пиёдаларга қарши миналар, Украина шарқида топилгани таъкидланган.

“Атлантик Кенгаш” ҳисоботида Россия дастаклаган кучлар муҳим жангларда айирмачилар назорат қилган ҳудудлардан эмас, балки Россия ичкарисидан отилган ракеталар дастагини олганини ҳам билдиради.

"Биз Украина айирмачилари 2014 йил ёзида муҳим ютуқларга эришганини аниқладик. Улар эгаллаган ҳудудларнинг кўпида йирик чуқурликлар пайдо бўлган. Афтидан, чегаранинг у ёғидан отилган ракеталар аниқ нишонни кўзлаган," -дейди ҳисобот муаллифларидан бири Эллиот Ҳиггинс.

Сунъий йўлдошлардан олинган суратлар ҳам Россия қўшинларининг Украина сарҳадлари бўйлаб ҳаракат қилгани ва жамлоқлар қурганини тасдиқлайди.

Кремль бу амалларни тактик ва стретегик машқларнинг бир қисми ўлароқ изоҳлади.

Аммо “Атлантик Кенгаш” ҳисоботида айтилишича, тўпланган маълумотлар мазкур жамлоқлардан “Россиянинг Украинадаги урушида ҳужум нуқтаси” сифатида фойдаланилганини истботлайди.

Ҳисоботга кўра, рус ҳарбий қўмондонлари Украина ичкарисига юборилган қўшинларга барча ҳарбий нишон ва белгиларни олиб ташлашга буйруқ берган.

Ҳисобот ҳарбий экспертларга иқтибосан Россия 2015 йил март ойига қадар Украина шарқида камида 12 минг доимий қўшинга эга бўлганини билдирган.

Яна 50 мингга яқин ҳарбий, ҳисоботнинг даъво қилишича, Россия ҳудудида шай турибди.

“Атлантик Кенгаш” тадқиқотчилари сўзларига кўра, Россия аскарларининг Украина шарқида борлигини инкор этиш имконсиз, чунки “Груз 200” тамғали “саноқсиз тобутлар Россияга келишда давом этмоқда”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG