Линклар

Велосипеддан йиқилиб, жароҳатланган Жон Керри Европадан АҚШга қайтиш тараддудида


Велосипеддан йиқилиб, ўнг оёғини шикастлантирган АҚШ Давлат котиби Жон Керри тунни Женевадаги касалхонада ўтказди. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби 31 май оқшомида: “Давлат котиби шу оқшом АҚШга учиб кетиши лозим эди, аммо ўзаро маслаҳатлашувлардан сўнг унинг касалхонада яна бир кун қолиб, уйга эртага кетиши оқилона иш бўлади, деган қарорга келинди”, дея баёнот берди.

70 ёшли Жон Керри якшанба куни Франциянинг Сьонзье шаҳри яқинида велосипеддан йиқилиб, шикастланганди. Бу нохуш ҳодиса туфайли АҚШ Давлат котиби ўзининг Мадрид ва Париж сафарларини қолдиришга мажбур бўлган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Кирби “Исломий давлат” гуруҳига қарши кураш масалаларига бағишлаб Парижда ўтказилажак анжуманда Жон Керри масофадан туриб қатнашишини билдирган.

30 май куни Жон Керри Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан музокара ўтказганди. Бу муаммо шу йилнинг 30 июнига қадар ечим топишига умид қилаётган эронлик дипломат америкалик ҳамкасбининг тузалиш муддати чўзилиши, бу эса Теҳрон ядровий дастури бўйича музокаралар ва бошқа дипломатик ташаббусларга халақит бериши мумкинлигидан хавотир изҳор этган.

XS
SM
MD
LG