Линклар

“Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси таркибидаги UzGazOil ширкати бош директори Ботир Тўраев ширкатнинг иқтисодий кўрсаткичлари тушиб кетгани учун танқид қилинган. Шунингдек, ширкатда коррупцион схемалар воситасида давлат пули ўмарилаëтгани масаласи муҳокама қилинган. Баъзи иддаоларга кўра, UzGazOil яна хусусий компанияга айлантирилмоқчи.

“Ўзбекнефтгаз”даги Озодлик манбасининг айтишича, ўтган ҳафта Миллий холдингда бўлиб ўтган йиғилишда компанияси таркибидаги UzGazOil ширкати бош директори 50 яшар Ботир Тўраев раҳбариятга чақиртирилиб UzGazOil рентабеллиги пасайгани боис қаттиқ танқид қилинган:

- Йиғилишда Ботир Тўраевга танбеҳ беришди. UzGazOil иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаëтгани¸ тушум камайгани каби масалаларда жиддий танқид бўлди. Миллий холдинг компанияси бошқаруви раисини ўзлари иштирок қилди, деди “Ўзбекнефтгаз”даги исмини очиқлашни истамаган манба.

Суҳбатдошга кўра, бу UzGazOil раҳбари танқид қилинган илк мажлис эмас:

- UzGazOil сурункали танқид остига олиб келинади. Холдинг таркибидаги самарасиз ширкат деган фикр шаклланиб бўлди. Прокуратура ва МХХдан ҳам турли шикоятлар юзасидан запрослар бўлиб туради¸ деган Озодлик манбаси “UzGazOil раҳбаридан “тепа” норози экани ва ҳатто яқин истиқболда бу ширкатда ташкилий масала кўрилиши” мумкинлигига ишора қилди.

“Ўзбекнефтгаз”даги манба яқин келажакда Ботир Тўраевнинг ишдан олинишини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Баъзи иддаоларга кўра, бир неча йил илгари давлат тасарруфига ўзлаштирилган UzGazOil қайта ҳусусий қўлларга ўтказилмоқчи.

Озодликка келган хабарлардан бирида UzGazOil ширкати бош директори Ботир Тўраевнинг ишдан олингани ва унинг мамлакатдан қочиб кетгани иддао қилинади. Бирок Озодлик малумотни қушимча мустақил манбалар билан ҳозирча тасдиқлай олмади.

“Ўзбекнефтгаз” ва UzGazOil раҳбариятига яқин манбалар бу маълумотни тасдиқлашмади.

UzGazOil раҳбариятига яқин манбанинг Озодликка билдиришича¸ “Ботир Тўраевнинг устида қора булутлар пайдо бўлгани рост гап”.

Унга кўра¸ бир пайтлар самарали ширкат “Ботир Тўраевнинг самарасиз бошқаруви боис путурдан кетган”:

- 2012 йилдаги кўрсаткичлар билан таққосласак бензин сотишдан келадиган тушумнинг 30 фоизга камайганини кўрамиз. Масалан оддий мисол¸ Қоратошдаги UzGazOilга қарашли АËҚШ ҳувиллаб ëтибди. Унинг ëнидаги тижорий АËҚШда эса ишлар ривож¸ дейди манба.

Манбанинг таъкидича¸ UzGazOilга қарашли АËҚШларда 80лик бензин 91 нархида сотилаëтгани муштарийларни бездирган.

Ботир Тўраев UzGazOil ширкати бош директори лавозимига, мазкур ширкатнинг эгаси ҳисобланган Зеромакс ширкати касодга учраши ортидан тайинланган эди.

Озодлик UzGazOil ходимларининг ўз ҳуқуқлари Ботир Тўраев томонидан топталаётгани ҳақида шикоят қилгани тўғрисида бир неча марта хабар қилган эди.

Ботир Тўраев Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири "Ипотекабанк" бошқарув кенгаши аъзоси ҳамдир.

"Давлат"га ўтиб¸ айниган UzGazOil...

UzGazOil корхонаси билан боғлиқ муаммолар илгари ҳам бир неча марта Озодликда ёритилган эди.

UzGazOil ишчиларни ноҳақ ишдан бўшатаётгани, ишчиларни кўп ишлатиб кам ҳақ бераётгани, кадрлар бўлими мулозимларининг янги ишга кираëтганлардан пора олаётгани ҳақида битилган шикоятларни Озодлик ўтган йилнинг сентябр ойида ўрганган эди.

UzGazOil президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли бўлгани иддао қилинган Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирар эди.

2010 йилда UzGazOil асосан нефть, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб давлат корхонасига айлантирилди.

Кузатувчиларга кўра¸ UzGazOil давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция аломатлари кўпайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG