Линклар

logo-print

Шу йилнинг 1 июнь куни МХХнинг Самарқанд вилоят бошқармаси тергов изоляторидан диний экстремизм ва терроризмда айбланаётган 40 ёшли Усмон Ахмедовнинг жасади чиқди. Бу ҳақда “Озодлик”ка марҳумнинг отаси Азиз Ахмедов маълум қилди.

Маълум бўлишича, Усмон Ахмедов шу йилнинг 7 март куни ўзи истиқомат қилган Жиззах вилояти Пахтакор тумани Ғалаба маҳалласидаги уйидан ҳибсга олинган.

- Ҳозир уйимга маҳалла оқсоқоли ва ҳокимият вакиллари бошчилигида милиция ходимлари келишди. Ўғлимнинг ўз жонига қасд қилганини, унинг ўлиги Самарқанд шаҳар моргида эканини айтишмоқда. Гўё ўғлим ўз жонига қасд қилганмиш. Аммо мен бунга ишонмайман, чунки бир неча кун аввал унга передача беришга боргандим. Улар ўғлимни ўлдиришган. Мен бошқа хонага чиқиб, сизларга қўнғироқ қиляпман. Илтимос, ёрдам беринглар. Аввал-бошдан ўғлим айбдор бўлмаган, - деди “Озодлик”ка Азиз Ахмедов.

А. Ахмедовнинг таъкидича, марҳум Усмон икки йил муқаддам Россияда ишлаб келган, бунгача Пахтакор тумани ҳокимлигининг сув хўжалиги бошқармасида ҳайдовчи бўлган. Уни дастлаб диний экстремизмда айблаб, яна уч нафар киши билан биргаликда ҳибсга олишган.

Тергов аввал Жиззах вилояти ИИБ, сўнгра МХХнинг Жиззах ва Самарқанд вилоят бошқармаларида давом эттирилган.

- Ўғлим намоз ҳам ўқимаган, ўқишни ҳам билмасди. Ўзим Мудофаа вазирлиги қошидаги “Ватанпарвар” ташкилотининг маҳаллий бўлимида узоқ йиллар таълим берганман. Шу боисдан ҳам уйимизда доим ҳарбий қуролларни йиғиш бўйича йўриқномалар, плакатлар бўлган. Тинтув чоғида шу нарса топилиб, милицияга бу қўл келди. Уч ой давомида ўғлимни бизга кўрсатишгани йўқ. Бу хабарни айтишганидан сўнг шокка тушиб қолдик. Жанозани 2 июнь куни пешинга белгиладик, - дейди Азиз Ахмедов.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига кўра, Усмон Ахмедов иродасизлик қилиб, тергов изоляторида ўз жонига қасд қилган. Матрас латтаси билан ўзини осиб ўлдирган, аммо бу хусусдаги дастлабки суд тиббий-экспертиза хулосаси марҳумнинг яқинларига тақдим қилинмаган.

Азиз Ахмедов “Озодлик” орқали ўғли ўлими тафсилотлари очилиши, уни қийноққа солган орган ходимларининг жазога тортилишида ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотлардан кўмак сўради. “Озодлик”нинг Усмон Ахмедов ўлими борасидаги сўровини Самарқанд вилоят прокуратураси изоҳсиз қолдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG