Линклар

Ҳуқуқ фаоли милиция томонидан хўрланганини иддао қилди


Елена Урлаева (ўнгдан бешинчи) Ўзбекистон пахтазорларида мажбурий меҳнатга жалб қилинган мактаб ўқувчилари билан тушган сурат.

Елена Урлаева (ўнгдан бешинчи) Ўзбекистон пахтазорларида мажбурий меҳнатга жалб қилинган мактаб ўқувчилари билан тушган сурат.

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева пахта далаларида фуқаролар мажбурий меҳнатга солинаётгани ҳақида маълумотлар тўплагани учун милиция томонидан қўлга олиниб, зўравонликка ва жинсий камситилишга учраганини иддао қилмоқда. Милиция расмийси Озодлик билан суҳбатда бу иддаони рад этди.

Ўзбекистон ҳуқуқ фаоллари альянси раҳбари Еленеа Уралаева 31 май куни халқаро ташкилотларга ўз электрон почтаси орқали қилган мурожаатида, Тошкент вилояти Чиноз туманида бюджет соҳасида ишловчиларни пахта чопиққа мажбурий олиб чиқиш ҳолатини аниқлагани учун мазкур туман милициясига олиб кетилгани ва ноинсоний муносабатга дучор бўлгани ҳақида билдирган.

Урлаеванинг Озодликка айтишича, у Чиноз тумани пахтазорларида мажбуран ишлатиш учун олиб кетилаётган тумандаги 1-сонли, 40-сонли мактаб ўқитувчилари ва 14-сонли боғча мураббийлари билан суҳбатлашиб, уларни суратга олганидан сўнг туман милициясига олиб кетилган.

58 ёшли Елена Уралаеванинг ёзишича, милиция бўлимида ундан фотоаппаратнинг флеш-дискни беришни талаб қилишган.

-Менинг баданимда флеш картани излашди. Милицияга чақирилган “Тез ёрдам” ходимлари мени ечинтириб, жинсий аъзоларимни қўлларини тиқиб текширишди. Кейин мени флеш дискни ютиб юборганликда гумонлаб, касалхонага олиб боришди. У ерда бир неча марта рентгендан ўтказишди. Эрталаб соат еттидан то кечки соат олтигача мени туман милиция бошқармасида, касалхонада, кейин яна милиция бошқармасида ушлаб туришди. Ноинсоний муносабатда бўлиб, мени айтишга ҳам уяладиган даражада камситишди ва ноинсоний муносабатда бўлишди, -деб иддао қилди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, бу каби текширувлар натижасида унинг тана аъзоларига қаттиқ зарар етган. Айни пайтда у Тошкентдаги поликлиникалардан бирида текширувдан ўтаётганини ва суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши учун ҳаракат қилаётганини айтди. Урлаеванинг айтишича, у Чиноз туман милиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан Ички ишлар вазирлигига шикоят киритган. Вазирлик бу шикоятни ундан қабул қилиб олиб, мазкур воқеа юзасидан текширув ўтказишни ваъда қилган.

Чиноз туман милициясининг ўз исмини айтмаган расмийси Озодлик билан суҳбатда Елена Урлаевага нисбатан ноинсоний муносабатда бўлингани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

-Бўлимга олиб келингани билан, сиз айтган гапларни қайси одам дуҳи етиб қилади? Бу ерда 200 одам ишласа, 400 та кўз бор. Бири бўлмаса бошқасининг кўзи тушади.Ёзаман деса ҳар нарсани ёзаверади-да. Тирноқнинг тагидан ҳам кир қидириш мумкин. Ахир қайси эркак бу ишни қилади, у бегона аёл бўлса, - деди Чиноз туман милицияси расмийси.

Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича эксперти Стив Свердлов мазкур воқеани “Мамлакатда фуқаролик жамиятини назорат қилиш учун ўзбек ҳукумати томонидан қўйилаётган янги минимум”, деб баҳолади. Унга кўра, мазкур воқеа халқаро ҳамжамият, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи эътиборидан четда қолмаслиги лозим. “Мазкур давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари Елена Урлаеванинг мурожаати юзасидан Тошкент ҳукуматини зудликда ҳолис ва адолатли тергов ўтказишга чақириши зарур”, деди Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда.

- Елена Урлаева бу каби воқеаларга жуда кўп марта дуч келган. Лекин охирги воқеа ўта шафқатсизлиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Биз бундан жуда ташвишдамиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини бу масалада тергов ўтказишга ва бунга қадар зудлик билан мазкур воқеани қоралаб баёнот беришга чақирамиз, - деди Стив Свердлов.

Ҳуқуқ фаоллари, жумладан, Елена Урлаева ҳам Ўзбекистонда ҳукуматнинг арзон пахта етиштириш истаги давлат идора-ташкилотларининг ходимларини мажбурий меҳнатга олиб чиқарилаётганининг асосий омили эканини айтиб келадилар.

Ҳозирга қадар жаҳон бўйлаб 130дан ортиқ ширкат болалар меҳнати маҳсули деб кўриладиган ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган.

Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида мактаб ва коллеж ўқитувчилари ҳамда тиббиёт муассасалари ходимлари май ойи бошидан ғўза чопиғига олиб чиқила бошланган. Қорақалпоғистонда Бердақ номидаги давлат университетининг 1-3 курс талабалари ўқиш ўрнига Кегейли тумани пахта далаларида текинга ишлатилаётгани ҳақида ҳам бир неча кун аввал хабар қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG