Линклар

logo-print

Ўзбекистон пойтахтида жамоат автобуслари қатновининг озайгани йўловчилар ҳаракатини сезиларли даражада сусайтирди. Озодлик суҳбатлашган тошкентликлар, ўтган жума кунидан бошлаб, жамоат автобуслари қатнови кескин қисқарганини билдирди. Аввалроқ “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси Тошкентга ёнилғи олиб келиш 30 фоизга озайганини маълум қилганди.

“Вақтинчалик ноқулайлик”

Озодликка мактуб йўллаган тошкентликлардан бири юзага келган вазиятни мана бундай изоҳлади:

Автобусга одамлар сиғмай қолиб, кейингисини кутиб қоляптилар. Бугун эрталаб Литературныйга Чилонзор метросигача учта автобусни ўтказиб юбориб, тўртинчи автобусда етиб олдим. Сентябргача жойига тушсинда,” деб ёзди тошкентликлардан бири.

Тошкентлик бир талаба эса университетдан ётоқхонага етиб бориш учун автобусни деярли бир ярим соат кутгани ва сўнгра такси олишга мажбур бўлганини айтди:

Автобус қатнови соат кечки ўнгача белгиланган. Кеча кечки соат саккиз яримдан ўнгача кутиб ўтирдим, автобус келмади. Кейин охири таксига ўтириб кетдим. Бундан буён ўқишга кеч қолмаслик учун йўлга эртароқ чиқишимиз керак бўлади, шекилли,” дейди талаба.

Тошкент шаҳрида йўловчи ташишни ташкил қилувчи “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси маъмурияти бу ҳолатни “вақтинчалик ноқулайлик” дея баҳолади.

Бу борада расмий баёнот тарқатган компаниянинг эътироф этишича, Тошкентга ёнилғи олиб келиш 30 фоизга қисқарган.

Ёқилғи олиб келиниши 30% қисқартирилганлиги муносабат билан, автобусларни келиш интервал вақти ортиши мумкин,” – дея огоҳлантирилади "Тошшаҳартрансхизмат”.

Компания мулозими Озодлик билан суҳбатда ёнилғи таъминотидаги узилишлар сабабини изоҳлай олмаслиги ва бу масалада Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиш зарурлигини айтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими шаҳардаги йўловчи автобуслар “чекланган график” асосида ишлаётганини эътироф этди.

Ёқилғи етишмаётгани сабабли автобуслар шанба кунлари учун белгиланган миқдорда ишлаяпти. Солярка йўқ. Бўлмагани сабабли бизларда машина кам,” деб айтди Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходими.

Унга кўра, ҳозирда шаҳар ҳокимлиги солярка сотиб олиш истагини билдириб, интернет орқали эълон берган.

Транспорт қатнови аввалги ҳолига қачон тушиши номаълум, – дея эътироф этди Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходими. – Лекин, биз ёнилғи бўлиши учун ҳамма чораларни кўраяпмиз.

“Таксичилар куни туғди”

Озодлик манбалари ёнилғи тақчиллиги ва автобус қатновидаги узилишлар Тошкентда такси ҳақларининг ошишига олиб келиши мумкинлигини айтдилар.

52 ёшли таксичи Ражаббой сўнгги кунларда мижозлари сони “анча” кўпайганини айтди:

“Таксичилар куни туққанга ўхшайди, бозорда, автовокзалларда ўтирадиган таксичилар тўртта одам олиб ишлаяпти.- дейди асил касби шифокор бўлган Ражаббой. - Ҳар бир мижоздан минг сўмдан олса, фойда кўради. Клиентлар ҳам автобус пулини бериб, манзилига таксида етиб бораяпти ҳозир”.

Бироқ, унинг ишонишича, такси нархлари ҳали-бери ошмайди:

Тошкентда ҳамма таксичилик қилади: хирург ҳам, инженер ҳам, ошпазу профессор ҳам. Давлат берадиган ойлик, қорнинга етмаса нимаям қилардинг?!” дейди тошкентлик таксичи.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ҳокимлиги мулозими транспорт хизматлари учун нархни ошириш режаси йўқлигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG