Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:58

Ўзбекистон вазирликларига Facebook ва Twitter тармоқларида фаол бўлиш буюрилди


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Facebook саҳифаси 265 дона like тўплаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Facebook саҳифаси 265 дона like тўплаган.

Ўзбекистон давлат идораларига Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқларда фаолроқ бўлиш тавсия қилинмоқда. 28 май куни “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказида ўтказилган учрашувда вазирликларнинг Facebook ва Twitter саҳифаларини ташкил қилиш масаласи кўтарилган. Озодлик манбаларига кўра, бу ташаббус тўққизта вазирлик раҳбар ўринбосарлари кенгаши йиғинида илгари сурилиши ортидан бу долзарб масалалар сирасига тушиб қолган. Лекин “Электрон ҳукумат” маркази мутахассислари ижтимоий тармоқлардаги фаоллик вазирликлар фаолияти самарасига қай тарзда ҳисса қўшиши мумкинлигини изоҳлаб бера олишмади.

Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларида ҳукумат мулозимлари ва давлат идораларининг махсус саҳифаларини ташкил қилиш кўплаб мамлакатларда урфга айланганига йиллар бўлди. Масалан, Facebook тармоғига кириб инглизчада “President of Kiribati” (Кирибати президенти) деб қидирсангиз, Тинч океанидаги жажжи орол мамлакат президентига оид саҳифани топасиз.

Дарвоқе, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга оид Facebook саҳифаси очилганига ҳам анча бўлиб қолган. Уни like қилганлар сони (56 фейсбукчи) ҳатто Кирибати президентини севувчилардан (29 фейсбукчи) икки баробар кўпроқ ҳам.

Ўзбекистон ҳукумати идораларининг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини йўлга қўйиш масаласи 28 май куни “Электрон ҳукумат” тизимни ривожлантириш марказида бўлиб ўтган учрашувда кўтарилди.

Марказ эълон қилган хабарномада айтилишича, “Facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқларда саҳифа юритиш ташкилот ҳақидаги хабарларнинг доимий равишда янгиланишини таъминлайди ҳамда ушбу хабарлардан ОАВи аҳолини таништириб боришда фойдаланишлари мумкин”.

Facebook тармоғида саҳифа очиш ташкилот ҳақидаги хабарларнинг доимий равишда янгиланишини қандай қилиб таъминлаши мумкинлигини “Электрон ҳукумат” тизимни ривожлантириш марказидаги мутахассислар Озодликка тушунтириб беришдан бош тортишди.

Лекин бу марказга бевосита алоқадор манбанинг Озодликка айтишича, Facebook ва Twitter тармоқларида фаоллик тўғрисида юқоридан топшириқ туширилишидан кейингина бу мавзу долзарблик касб этган.

“Хабарингиз бўлса, тўққизта вазирликнинг вазир ўринбосарлари ойда бир йиғилиш ўтказади. Унда молия вазирлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги, меҳнат вазирлиги, иқтисод вазирлиги, хуллас тўққизта идора қатнашади. Ўша йиғилишларнинг охиргисида ана шу масала кўтарилган. Вазир ўринбосарларидан бири Facebook ва Twitter саҳифасинии очиш кераклиги ҳақида гапирган. Шундан кейин бу таклиф йиғилиш протоколига киритилган. Ўша протоколда расмий вебсайтларни ривожлантириш ва айнан Facebook саҳифаларини ташкил қилиш керак, деган жойи бор. Лекин ҳозирча ўзлари ҳам билгани йўқ, Facebook ва Twitter нимага кераклигини. Шунинг учун ҳар хил тушунмовчиликлар пойдо бўлгани боис, “Электрон ҳукумат” маркази ўтган ҳафта йиғин ўтказиб бу ҳақда гапирилди”, дейди манба.

Афтидан бу йиғиндан кейин вазирликларнинг кўпчилиги Facebook тармоғида ўз саҳифаларни очишга шошилишган. Ҳозир Facebook тармоғида “Ministry Uzbekistan”, деб қидирсангиз ҳали безатилмаган саҳифаларни топишингиз мумкин.

Масалан, иқтисодиёт ёки молия вазирликларини ёқтирганлар сони ушбу мақола тайёрланаётган пайтда бештадан ошмаган ва бу саҳифалардан деярли ҳеч қандай маълумот олишнинг имкони йўқ. Айрим саҳифаларни эса интернет-фойдаланувчилари “ёқтиришга” ҳам улгурмаганлар.

Лекин вазирликлар орасида Facebook тармоғида анча фаоллашиб қолганлари ҳам бор. Масалан, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги 1400дан ошиқ фолловери ёки Ташқи ишлар вазирлиги 265 фолловери билан қолганлардан ажралиб туради.

Меҳнат вазирлигининг Facebook саҳифасини олиб бораётган бу идора матбуот хизмати бошлиғи Сардор Абдуқундузовнинг ўзи ҳам бошқа вазирликлардаги ҳамкасбларидан фарқли равишда Озодлик билан қисқа суҳбатга рози бўлди. 28 май кунги йиғинда қатншаган Абдуқундузов Facebook ва Twitter қай тарзда давлат идоралари фаолияти самарасини ошириши мумкинлигини изоҳлаб берди.

“Вазирлик фаолияти ҳақида ахборот тарқатишдан ташқари ижтимоий тармоқлар орасида икки томонлама мулоқот, яъни аҳоли билан мулоқот ўрнатиш имкони бор. Аҳоли бизга мурожаат қила олиши учун қулайлик яратиш. Биз саҳифамизни ташкил қиллганимизга икки ойдан ошди, ҳозир бизни 1300дан ошиқ фойдаланувчи кузатиб бормоқда”, дейди меҳнат вазирлиги расмийси.

Шу билан бирга Абдуқундузов Facebook саҳифаси ташкил қилинганидан бери аҳолидан бу саҳифа орқали бирорта мурожаат тушмаганини ҳам тан олди.

Ўзбекистон ҳукумат идоралари Facebook ёки Twitter саҳифаларини ташкил қилиши аҳолининг катта қисми куннинг асосий қисмини электрсиз ўтказаётган вазиятда Интернет орқали маоши вақтида берилмаётгани, берилган пайтда ҳам бир қисми гоҳ таъмир учун, гоҳ бошқа важ билан ушлаб қолинаётгани ёки ўқитувчию талабалар оммавий тарзда далага пахта чопиғига ҳайдалаётганидан шикоят қилиши вазиятни ўзгартира олармикин, деган саволга давлат идораларининг бирортаси жавоб бера олмади.

Ўзбекистон давлат идоралари нима сабабдан ижтимоий тармоқларни бу тарзда тарғиб қила бошлагани ҳам изоҳсиз қолмоқда. Шу пайтгача Ўзбекистон расмий матбуоти ва телевидениеси Facebook, Twitter ва Одноклассники каби ижтимоий тармоқларни қораловчи материалларни бериб келган. Давлат телевидениеси ҳатто ижтимоий тармоқларни "атом бомбаси"га тенглаштиришгача борган эди.

Ўзбекистонда кўплаб сайтларга тўсиқ қўйилгани боис Тошкент ҳукумати халқаро ташкилотлар тарафидан Интернет душманлари қаторига қўйилган.

XS
SM
MD
LG