Линклар

logo-print

Алиев оффшорлари Озарбайжон бюджетига солиқ тўламаган


Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти оиласига яқин бизнес корхоналарининг айримлари Панамада рўйхатга олинган бўлиб, уларга Илҳом Алиевга яқин одамлар бошчилик қилади.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази (OCCRP) Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда унинг оила аъзолари бошқарадиган оффшорлар бўйича ҳисобот эълон қилди. Мазкур оффшор компанияларига мамлакатнинг энг йирик мобиль оператори бўлмиш Azercell Telecom ширкатининг акциялари ҳам тегишли.

OCCRP ҳисобларига кўра, Алиев оиласи бошқарувидаги компаниялар мамлакат бюджетига 600 миллион доллар кам пул тўлаган.

Тадқиқотни Azercellнинг яна бир акциядори бўлмиш TeliaSonera швед-фин ширкати бошлади.

Azercell 1996 йилда Озарбайжон ҳукумати ҳамда Туркиянинг йирик Turkcell мобиль оператори қўшма корхонаси ўлароқ яратилган. Ўша пайтда Озарбайжон ҳукумати компаниянинг 51 фоизига эгалик қилган. Кейинроқ ҳукумат улуши 35,7 фоизга тушиб қолган.

Azercell бошиданоқ Озарбайжоннинг энг йирик солиқ тўловчиларидан бири, телекоммуникациялар эса нефть-газ тармоғидан кейинги иккинчи энг муҳим ишлаб чиқариш сектори бўлган.

OCCRP директори ўринбосаси Миранда Патручич марказ ҳисоботи юзасидан изоҳ берди.

“Биз бунга ўхшаш вазиятларга Ўзбекистонда ҳамда Қозоғистонда дуч келганмиз. Ширкат (TeliaSonera) Озарбайжон бозорига эндигина кириб борганида, бошқа мобиль алоқа операторлари бўлмаган. 10 миллион одам, паст даражадаги қамров бўлган. Бунчалик кўп мижозга эга бозор халқаро ширкатларни шунчалик ўзига жалб қилганки, улар коррупцион тузум билан битим имзолашга рози бўлганлар”, деди Патручич.

Аммо 2008 йилда Azercell катта фойда кўра бошлаганидан кейин ширкатнинг ҳукуматга тегишли пакети “жимгина” Алиев оиласи билан боғлиқ компанияларга берилган. Натижада бюджетга тўловлар кескин озайган. Ширкат эса ўз акционерларига миллионлаб доллар тўлашда давом этган.

“Улар ўз исмларини оффшор ширкатлар ортида яширадилар. Баъзан 30 ёки 40 компаниядан фойдаланадилар”, деган эди OCCRP билан суҳбатда таниқли озарбайжонлик журналист Ҳадича Исмоилова. Бу журналистни расмийлар уйдирилган айбловлар билан қамоқда сақлаб келмоқда.

OCCRPга кўра, Алиев оиласига яқин оффшор ширкатларнинг аксари Cenay Iletisim (Cenay Communications) холдинги билан алоқадордир. Оффшор компанияларнинг иккиси Панамада рўйхатга олинган. 2000 йилларнинг ўрталарида Алиевлар оиласи билан алоқадор ширкатлар айнан Панамада рўйхатга олинган.

Рўйхатлар билан Morgan & Morgan компаниясининг маҳаллий агенти шуғулланган. Президент оиласи билан алоқадор бу ширкатнинг вакили Оливье Местелан исми билан маълум швейцариялик адвокат бўлган. Местеланнинг ҳам Алиевлар билан алоқаси борлиги айтилади. Ниҳоят, оффшор бизнесига Туркия фуқароси бўлмиш Ахмет Жемхан Билге директорлик қилган. Билгега тегишли қурилиш ширкати эса Алиев ва унинг қизларининг бир неча буюртмасини бажарган.

TeliaSoneraнинг янги етакчиси Йохан Деннелинд ўз ишини бошлар экан, ширкатни бизнес олиб боришнинг “нопок” йўлларидан “тозалашини” айтди. Аммо бир ярим йил давом этган тафтишдан кейин TeliaSoneraнинг Озарбайжондаги ҳамкори ким эканини ҳатто билмаслигини тан олишга мажбур бўлди.

“Айрим мамлакатларда, жумладан, Озарбайжонда биз қайси ширкатлар билан бирга ишлашимизни ҳатто билмаймиз”, деди Деннелинд. У аниқлашга муваффақ бўлган ягона нарса бизнеснинг “ҳокимиятдаги кимдир билан алоқадор” эканлигидир.

Ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG