Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:21

Москвада "Палов культи" марафони ўтказилади


Келаётган шанба, 6 ​июнда Москванинг Дорогомилово бозорида “Палов культи” марафони бошланади.

Унда Россияда ишлаётган ўзбек ошпазлари ва "паловхонтўра"нинг оддий шинавандалари ош тайёрлаш сирлари билан ўртоқлашади, паловнинг хилма-хил турларини пишириб, тадбирга йиғилган меҳмонларга тортиқ қилади.

Кейин палов тайёрлаш марафони Россия пойтахтининг бошқа энг йирик бозорларига кўчади.

Таниқли ошпаз ва телебошловчи, кулинария устаси ва ёзувчи, Ўзбекистон Ошпазлар ассоциацияси фахрий аъзоси Ҳаким Ғаниев шарқнинг энг қадимги таомини тайёрлашда мусобақалашаётганларни баҳоловчи жюрига раислик қилади.

Шунингдек, “Палов культи” марафонида (тадбир уюштирувчилари ном танлашда бироз "хулиганлик" қилган кўринади. "Культ" сўзи "сиғиниш" деган маънони билдиради. "Культ личности" - Шахсга сиғиниш - иборасини эсланг - Озодлик) Ўзбекистон Ошпазлар ассоциацияси президенти ва WACS (Халқаро ошпазлар ассоциацияси) жюриси аъзоси Акбар Умаров, Россия Халқ артисти Армен Жигарханян, машҳур ўзбек дизайнери, “Шарқ Формуласи” Халқаро анжумани раҳбари Лола Сайфи ва бошқа уста пазандалар, шоу олами юлдузлари иштирок этади.

Ошни татиб кўрган меҳмонлар ўзлари ёқтирган паловга баҳо бериб, ҳакамликда иштирок этишлари мумкин бўлади.

Ҳаким Ғаниев ошпазлик сирлари ҳақида китоб ҳам ёзади
Ҳаким Ғаниев ошпазлик сирлари ҳақида китоб ҳам ёзади

Тадбир бошқарувчиси Ҳаким Ғаниев танлов аввалига июль-август ойлари давомида Москванинг йирик озиқ-овқат бозорларида ўтказилиши, марафон танлови ғолиблари эса Москва шаҳри кунида – сентябрь бошларида аниқланишини Озодликка билдирди.

- Ошқозон орқали халқларни бирлаштириш яхши анъанадир. Ўзбеклар Москвага нафақат кўча супуриш учун келганини, балки бизнинг Франция, Италия ва бошқа миллий ошхоналардан қолишмайдиган, лекин дунёни кўрмаган таомларимиз борлигини кўрсатмоқчимиз. Асосий мақсад – ўзбекларни, уларнинг ошхонасини танитиш. Икки йил олдин норин тайёрладик, бултур Минск шаҳрида 500 килодан ортиқ лағмон тайёрладик: буларнинг ҳаммаси Гиннесс рекордлар китобига киритилди. Мусобақа учта этапдан иборат бўлади. Иккинчи этапда финал иштирокчилари танлаб олиниб, Москва шаҳри куни сентябрда финал ўтказилади, дейди ўзбекистонлик ошпаз.

Ўзбек палови мусобақаси мутлақ ғолибига Ўзбекистон Ошпазлар ассоциацияси ҳомийлигида уста Алишер Убайдуллаев томонидан тайёрланган эксклюзив совға топширилажаги маълум бўлди.

Ташкилотчилар ош марафонига истаган одам қатнашиши мумкинлиги гапирмоқда. Тадбир эгалари Россия иқтисодидаги ҳукм сураётган нотинч вазият ва умумий овқатланиш бизнесидаги тушкунлик ҳолатида мазкур фестиваль айниқса Шарқ ошхонасига бўлган мижозлар қизиқишини оширади, демоқда.

Ҳаким Ғаниев палов фестиваллари Россияда оммалашиб бормоқда, дейди:

- Икки йил олдин Москвада “Палов саммити” ўтказган эдик. Унда 28 минг одам қатнашганди. Ўтган йили Владимир шаҳрида “Палов фестивали"ни ташкил этдик. У ерда ҳам яқин 30-35 минг одам келиб қатнашди, дорбозларимиз томоша кўрсатди, раққосаларимиз ўйнади, Наталья Нурмухамедова келиб қўшиқ куйлади. Хуллас, Владимирда Москвадан ҳам кучлироқ тадбир бўлганди, деб эслади Ҳаким ака.

Ҳаким Ғаниев “Палов культи” марафонидан тушган маблағ, одатдагидек, тўлиқ ҳайрия ишларига тарқатилишини ҳам қўшимча қилди.

Марафон меҳмонларига ош пиширишдан ташқари “Чой тадбири”, этник мусиқа ва концерт дастури қўлда ясалган турли буюмлар бозори, ҳунармандлар расталарида тайёрланган товарлар тақдим этилиши кутилмоқда.

Ундан ташқари, Ҳаким Ғаниевга кўра, марафон давомида тадбирга ташриф буюрганларга ош тайёрлаш бўйича “ўқув машғулотлари” ташкиллаштирилади.

Эслатиб ўтиш жойизки, бундан роса икки йил олдин Дорогомилово бозорида шунга ўхшаш тадбир – “Палов саммити” ўтказилган, унга 28 мингдан зиёд одам қатнашган эди.

2014 йилнинг 9 августида Владимир вилоятидаги ўзбеклар жамоаси иштирокида ўтказилган Палов фестивалида ўзбек ошпазлари 200 кило ош дамлаган. Бу тадбирдан тушган маблағлар хайрия сифатида Владимир вилоятидан паноҳ топган украиналик қочқин болаларга сарфланган эди.

XS
SM
MD
LG